Ёлғон қасам ичиш ҳақида

0

Савол:

Турмуш ўртоғим менга кўп Аллоҳ номи билан қасам ичадилар. Кейинчалик ичган қасамлари ёлғон бўлиб чиқади. Шариатимизда бунинг ҳукми қандай бўлади? Турмуш ўртоғимнинг бу ёлғонларидан кейин унга ишонмайдиган бўлиб қолдим.

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!

Шариатимизда Аллоҳ номи билан ёлғон қасам ичиш гуноҳи кабиралардан ҳисобланади. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, (ноҳақ) одам ўлдириш ва ёлғон қасам ичиш гуноҳи кабирадир” [Бухорий: 6675] .

Эрингиз айтаётган сўзлари ёлғон эканини била туриб қасам ичса, катта гуноҳ қилган бўлади. У Аллоҳга тавба қилиб, қайта бу гуноҳга қўл урмасликка азму қарор қилиши лозим.

Шуни эслатиб ўтишимиз лозимки, ёлғон қасам ичиш орқали ўзга инсоннинг ҳақ-ҳуқуқларига тажовуз қилинган ёки молу мулкига зарар етган бўлса, у ҳолда ёлғон қасам ичган киши тавба қилиши билан бирга ёлғон қасами туфайли зарар кўрган инсондан кечирим сўраши ва ноҳақ олган молу мулки ёки ҳақ-ҳуқуқларини қайтариб, уни рози қилиши фарз бўлади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Ким бошқа бир инсоннинг молини ўзлаштириш мақсадида ёлғон қасам ичса Аллоҳ таолога Унинг ғазабига дучор бўлган ҳолда йўлиқади” [Бухорий: 2677, Муслим: 138].

Сиз эрингизга ёлғон қасам ичиш гуноҳи кабира экани ҳамда ўзга инсоннинг ҳақ-ҳуқуқларига тажовуз саналадиган ёки молу мулкига зарар етадиган ишларда қасам ичса Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлиши мумкин эканидан огоҳлантиринг. Ўзингиз эса турмуш ўртоғингиз ҳақига Аллоҳ таолодан ҳидоят ва ростгўйлик сўраб дуо қилинг. Албатта, қалблар Раҳмоннинг икки бармоғи ўртасида бўлиб, хоҳлаган қалбни тўғри йўлга бошлайди ва хоҳлаганини адаштириб юборади. Аллоҳ таоло барчаларимизни содиқ ва ростгўй бандаларидан қилсин. Амин.

 

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг