Абу Бакр розияллоҳу анҳу: бошдан кечирган мусибатлари (давоми)

1

Ўтган мақоламизда Абу Бакр розияллоҳу анҳу бошдан кечирган мусибатлар ҳақида ёзган эдик. Бу воқеада саҳобаларга эргашадиган мусулмонлар учун жуда кўп ибратлар бор. Қуйида шулардан баъзиларини айтиб ўтамиз:

  • Сиддиқ розияллоҳу анҳу кофирлар олдида мусулмонлигини ошкор қилиш ва исломга очиқча даъват қилишни жуда-жуда истар эди. Исломни кофирлар олдида ошкора қилиш йўлида шу даражада қаттиқ калтак едики, ҳатто қавми уни ўлди, деб ўйлаб, уйига ташлаб кетишди. Бу эса унинг иймони ва шижоати қанчалар кучли эканига далолат қилади. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қалби Аллоҳ ва Расулининг муҳаббатига тўла эди. Шунинг учун тавҳид байроғини олий қилиш йўлида чеккан машаққатлари уни заррача ҳам қизиқтирмас, бу йўлда жонини фидо қилишга ҳам тайёр эди;

  • Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг жоҳил жамият орасида ислом даъватини ёйишга бўлган ҳаракати: Абу Бакр розияллоҳу анҳу қалбларга жо бўлган бу соф динни одамларга танитишни хоҳлар эди. У бу йўлда қанчалар оғир машаққатлар чекишини билса-да, мақсадини рўёбга чиқаришдан асло ортга чекинмади. Негаки, у бу ишларни нафсига эргашиб эмас, Аллоҳнинг ҳақ динини олий қилиш ниятида қилар эди;

  • Абу Бакр розияллоҳу анҳу Аллоҳ ва Расулини ўзидан ҳам кўпроқ яхши кўрарди. Қавми уни ўлгудай дўппослаб, чалажон ҳолида уйига ташлаб кетишганида ўзига келиши билан бир қултум сув ичишдан ҳам олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида сўрагани бунга яққол далил бўлади. Ҳар бир мусулмон Аллоҳ ва Расулини мана шу даражада севмоқлиги, бу йўлда керак бўлса молу жонини аямаслиги керак;

  • Қабилачилик ришталари ўша вақтларда рўй берган воқеаларда муҳим рол ўйнаган. Масалан, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўз қабиласининг динидан воз кечган бўлса-да, улар Абу Бакр розияллоҳу анҳу вафот этган тақдирда Утбани ўлдиришларини таъкидлашган;

  • Умму Жамил розияллоҳу анҳонинг тутган йўлига назар солар эканмиз, унинг бу динга, унинг одамлар ўртасида тарқалишига қанчалар муҳаббати юксак эканига гувоҳ бўламиз. Умму Жамил розияллоҳу анҳонинг сўзларига эътибор беринг: Уммулхайр ундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида сўраганида у: “Мен на Абу Бакрни ва на Муҳаммадни танийман” – дея жавоб берди. Мана бу ҳақиқий эҳтиёткорлик саналади. Сабаби, бу воқеа содир бўлган вақтда Уммулхайр ҳануз исломни қабул қилмаган, Умму Жамил розияллоҳу анҳо эса исломни қабул қилганини ҳаммадан сир тутар эди. Умму Жамил розияллоҳу анҳо бу жавоби билан ўзининг мусулмон экани ва айни дамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қаерда эканларини ҳам яширди. Негаки, у Уммулхайр Қурайшга айғоқчилик қилаётган бўлишидан қўрқар эди. У шу эҳтиёткорлиги билан бирга Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ҳолидан хабар олиш ният қилди ва Уммулхайрга Абу Бакрни зиёрат қилиш ниятида эканини айтди. Умму Жамил розияллоҳу анҳо Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ҳузурига борганидан кейин ҳам ўзи тарафидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қаерда эканлари ҳақида бирор бир маълумот чиқмаслиги учун қаттиқ эҳтиёт бўлди ва у зотнинг соғ-саломат эканларини етказди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига ҳамма тинчиб, кўчада одамлар қолмаган вақтда чиқишлари инсонларни диндан қайтишга мажбурлаётган жоҳил қавмдан қанчалар эҳтиёт бўлганларининг яна бир исботи эди;

  • Абу Бакр розияллоҳу анҳу онасига жуда меҳрибон эди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига борганида: “Эй Расулуллоҳ, мана онам. Сиз муборак зотсиз. Онамнинг ҳаққига дуо қилинг, шояд Аллоҳ сиз туфайли уни дўзахдан сақласа!” – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуолари ва даъватлари сабаб Уммулхайр розияллоҳу анҳо исломни қабул қилди. Бу воқеадан биз шуни ўрганамизки, ҳар қандай қийинчилик ортидан улуғ ютуқлар келар экан. Зеро, инсон учун ўз онаси абадий азобдан қутулиб, битмас-туганмас неъматларга тўла жаннат сари саъй-ҳаракат қилувчилар сафидан ўрин олишидан кўра буюк ютуқ бўлиши мумкин эмас;

  • Саҳобалар ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин энг кўп азият чеккан киши Абу Бакр розияллоҳу анҳу бўлади. Бунинг сабаби у доим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга юрган, у кишидан асло ажрамаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қавмларидан озор кўрган чоғларида доим Абу Бакр розияллоҳу анҳу у кишинг ёнларида бўлган ва у кишини ҳимоя қилган ва бу йўлда ҳамма нарсага тайёр турган.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Discussion1 dona sharh

  1. Asalamalekum va raxmatullaxu va barakatu qoraka arab tiloda o harifi yoq dib eshitkanman agar o harifi yoq bosa olloh deyish joyizmi

Изоҳ қолдиринг