Пайпоққа масҳ тортиш жоизми?

1

Савол:

Баъзи дарслик суҳбатларда эшитишимча, уламолар ичи кўринмайдиган пайпоққа масҳ тортиш жоиз, дейишган эканлар. Бир жойда эса ҳар қандай пайпоққа, ҳатто ичи кўринадиганларига ҳам масҳ тортиш жоиз, деб ўқидим. Бу сўзларнинг қай бири тўғри?

Жавоб:

Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Аҳли суннат ва жамоат уламолари ўртасида маҳсига масҳ тортиш жоиз эканида хилоф йўқ. Ҳатто маҳсига масҳ тортиш аҳли суннатни бошқа фирқалардан ажратиб турадиган сифатларидан бири саналади. Шунинг учун бу масала фиқҳий бўлишига қарамасдан, баъзи эътиқод китобларида ҳам айтиб ўтилган. Пайпоққа масҳ тортиш тўғрисида бирон бир саҳиҳ ҳадис келмаган. Шунга қарамай, жумҳур уламолар арабларда “жавраб” деб аталган оёққа кийиладиган нарсага масҳ тортиш жоиз, деганлар. Бироқ баъзилар “жавраб” сўзи айнан пайпоқ маъносини ифода қилмайди, деган даъво билан пайпоққа масҳ тортиш мумкин эмас, дейишган. Модомики масаланинг ҳукми “жавраб” сўзининг маъносига боғлиқ экан, келинг, унда бу сўзнинг маъносини ўрганиш учун араб тили қомусларига мурожаат қилайлик:

1) Халил Фароҳидий шундай дейди: “Жавраб – оёққа ўраладиган мато” (“Ал-айн” 6/113);
2) “Мавоҳибул Жалил” китобида шундай дейилади: “Жавраб – зиғир толаси (каноп), пахта ёхуд шу каби нарсалардан маҳси шаклида тўқилган нарса”.

Шунга биноан, маҳси билан жавраб орасидаги фарқ қуйидагича бўлади: маҳси теридан тикилади, жавраб эса жун, каноп, пахта ва шу каби матолардан тўқилади. Демак, араб тилидаги “жавраб” сўзи бизнинг ўзбек тилимиздаги пайпоқ маъносида экан. Энди эса жаврабга, яъни пайпоққа масҳ тортиш борасидаги далиллар ва уламоларнинг бу ҳақдаги фикрларига бир назар солайлик.

Бу борада имом Термизий роҳимаҳуллоҳ (99) ривоят қилган ҳадисда Мўғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавраб ва оёқ кийимга масҳ тортдилар”. Бу ҳадисни имом Термизий роҳимаҳуллоҳ ҳасан, деб ҳукм қилган бўлсалар-да, бироқ Суфён Саврий, имом Аҳмад, Яҳё ибн Маин, Муслим, Насоий, Уқайлий, Дорақутний ва Байҳақий каби бошқа ҳадис уламолари бу ҳадис шоз бўлгани боис унга заиф деб ҳукм қилишган. Бироқ бу борада саҳобалардан саҳиҳ ривоятлар келган. Ибн Мунзир роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Пайпоққа масҳ тортиш борасида тўққизта саҳобийдан ривоят келган. Улар: Али ибн Абу Толиб, Аммор ибн Ёсир, Абу Масъуд, Анас ибн Молик, Ибн Умар, Баро ибн Озиб, Билол, Абу Умома, Саҳл ибн Саъд (Аллоҳ таоло уларнинг барчасидан рози бўлсин)” (“Ал-авсат” 1/462). Шунга биноан, пайпоққа масҳ тортиш жоиз эканига юқоридаги ҳадис эмас, балки шу саҳобалардан ривоят қилинган асарлар далил бўлади. Шунинг учун имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ юқоридаги ҳадисни заиф деган бўлсалар-да, пайпоққа масҳ тортишни жоиз деганлар. Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Саҳобалар пайпоққа масҳ тортганлар. Ўша даврда уларга ҳеч ким эътироз билдирмаган. Демак, бу ижмо саналади” (“Ал-муғний” 1/215).

Пайпоққа масҳ тортиш жоиз, деган аксар уламолар пайпоқ қалин бўлишини шарт қилишган. Қуйида уламоларнинг бу ҳақдаги сўзларини келтириб ўтамиз:

1) Косоний роҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Агар пайпоқлар сувни шимиб олмайдиган даражада (яъни, сувни ўзида сақлаб қолмасдан ичига ўтказиб юборадиган даражада) юпқа бўлса, унга масҳ тортиб бўлмайди ва бунда хилоф йўқ” (“Бадоиъус саноэъ” 1/10).

2) Ибн Қаттон Фосий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Агар пайпоқ қалин бўлмаса, унга масҳ тортиш жоиз эмаслигига уламолар иттифоқ қилишган” (“Ал-иқноъ фий масоилил ижмоъ” 351-масала).

3) Илмий изланишлар ва фатволар доимий қўмитасининг 5/267 рақамли фатвосида шундай дейилган: “Пайпоқ ости кўринмайдиган даражада қалин бўлиши керак”.

4) Ибн Боз роҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Пайпоққа масҳ тортиш учун пайпоқ қалин ва оёқни беркитиб турадиган бўлиши керак. Агар ичи кўринадиган бўлса, унга масҳ тортиш жоиз эмас” (“Фатово Шайх Ибн Боз” 10/110).

Баъзи уламолар ҳар қандай пайпоққа масҳ тортиш жоиз, деган фикрни айтишган. Бу ҳақда Нававий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Асҳобларимиз, яъни шофеий мазҳаби уламолари Умар ва Алидан (розияллоҳу анҳумо) юпқа пайпоққа ҳам масҳ тортиш жоиз, деган фикрни ривоят қилишган. Бу фикрни имом Абу Юсуф, имом Муҳаммад, Исҳоқ  ва Довуд (Зоҳирий)лардан ҳам ривоят қилишган” (“Ал-мажмуъ” 1/500). Шайх Албоний ва шайх Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳлар ҳам шу фикрни қўллаб-қувватлашган.

Хулоса шуки, ичи кўринмайдиган қалин пайпоқларга масҳ тортиш жоиз. Агар пайпоқ ичи кўриниб турадиган даражада юпқа бўлса, унга масҳ тортиб бўлмайди. Чунки пайпоққа масҳ тортиш жоиз эканига келтирилган далиллар саҳобалардан ривоят қилинган асарлар бўлиб, уларнинг даврида ичи кўриниб турадиган пайпоқлар бўлмаган, валлоҳу аълам.

Бу фатвони тайёрлашда IslamQA саҳифасидан фойдаланилди.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Discussion1 комментарий

  1. бир киши хотини б/н жанжаллашиб талогингни бераман деса,хотин эса унда болларингни хам олиб кет деса,эр ;агар болларни хозир олиб кетсам уч талок киламан, деб кейинрок олиб кетса,талок тущадими? Аелнинг биринчи турмущидан 3,бунисидан эса 2фарзанди бор.

Изоҳ қолдиринг