Шаввол ойидан олти кун рўза тутиш

0

2. Шаввол ойидан олти кун рўза тутиш

Абу Айюб разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Ким рамазон рўзасини тутиб, ортидан шаввол ойидан ҳам олти кун рўза тутса, гуёки бир умр рўза тутгандек бўлади[1].

Мазкур олти кун рўзасини шаввол ойи мобайнида кетма-кет ёки тарқоқ ҳолда тутиш жоиздир. Фақат бундан шаввол ойининг биринчи куни, яъни ҳайит куни мустасно бўлиб, бу кунда рўза тутиш ҳаромдир.

Юқоридаги ҳадисда рамазон рўзасини тутиб, ортидан шаввол ойидан олти кун рўза тутиш фазилати зикр қилинар экан, унинг бир умрлик рўзага тенг келиши айтилади. Дарҳақиқат, бу фазилатнинг шарҳи Савбон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда баён қилинган. Унда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Рамазон рўзаси ўн ойга, ундан кейинги (шаввол ойида тутилган) олти кунлик рўза икки ойга тенг келади. Шундай қилиб, иккиси бир йиллик рўзага тенг келади[2].

Аллоҳнинг марҳаматига қарангки, инсон мукаллаф (яъни балоғат ёшига етиб, шариат аҳкомларини бажаришга мажбур) бўлганидан бошлаб, то вафот этгунига қадар рамазон рўзаси ва шаввол ойидан олти кун рўзани қолдирмай тутиб келган бўлса, гуёки бир умр рўза тутгандек бўлар экан.

[1] Муслим (1164), Термизий (759), Абу Довуд (2433) ва Ибн Можа (1716) ривоят қилишган.
[2] Саҳиҳ. Имом Аҳмад (5/280) ва Ибн Хузайма (2115) ривоят қилишган. Ҳадисни Албоний “Саҳиҳ ал жомеъ”да (3851) саҳиҳ деган.

Изоҳ қолдиринг