Ҳуд алайҳиссаломнинг ўз қавмини огоҳлантириши (5)

0

Ҳуд алайҳиссаломнинг ўз қавмини огоҳлантириши

Хулоса қилиб айтганда, Од қавми кофир, баджаҳл ва бутларга ибодат қилишда ҳаддидан ошган араб қабиласи эди. Аллоҳ таоло уларга ўзларини ичидан пайғамбар юборди. Бу пайғамбар уларни Аллоҳнинг динига, Унинг ёлғиз ўзига ибодат ва ихлос қилишга даъват қилди. Од қавми эса пайғамбарларини ёлғончига чиқардилар. Унга қарши иш тутиб, уни масхара қилдилар. Шунда Аллоҳ таоло уларнинг бошига қудратли ва енгилмас Зотнинг жазосини солиб, уларни ҳалок қилди.

Ҳуд алайҳиссалом қавмини Аллоҳга тоат-ибодат қилишга буюриб, Ундан истиғфор сўрашга тарғиб қилиб, бунинг эвазига уларга дунё ва охират яхшиликларини ваъда қилиб, унга қарши чиққанларга эса дунё ва охират азоб-уқубати билан таҳдид қилар экан: “Унинг қавмидан кофир бўлган одамлар: Биз сенинг нодон эканингни кўриб турибмиз ва албатта биз сени ёлғончилардан, деб гумон қилмоқдамиз, дейишди” [Аъроф: 66]. Яъни, “сен бизни даъват қилаётган иш бизнинг мана бу бутларга ибодат қилиб турган ишимизнинг олдида аҳмоқона бир ишдир. Зеро, бу бутлардан ғалаба, ёрдам ва ризқ умид қилса бўлади. Устига-устак, биз сенинг “Аллоҳ мени пайғамбар қилиб юборди”, деган даъвойингда ёлғончи деб ўйлаймиз”.

Аллоҳ таоло шундай дейди: “У айтди: “Эй қавмим, мен нодон эмасман,  балки мен барча оламлар Парвардигори тарафидан юборилган пайғамбарман” [Аъроф: 67]. Яъни, “иш сизлар ўйлаган ва эътиқод қилгандек эмас. “Мен сизларга Парвардигоримнинг рисолатини (буюрганларини) етказурман ва мен сизлар учун ишончли насиҳат қилгувчиман” [Аъроф: 68]; Бирон бир кишининг рисоласини етказиш уни етказувчи шахснинг ёлғон гапирмаслиги, рисола мазмунига бирон нарсани қўшмаслиги ёки камайтирмаслигини тақозо қилади. Шунингдек, унинг бу рисолани ҳеч бир чигалликсиз, ихтилофсиз, аксинча, тушунарли,  фасоҳатли ва қисқа тарзда етказишини талаб қилади.

Ҳуд алайҳиссалом Парвардигори томонидан келган бу рисолани юқорида зикр қилинган тарзда етказиши билан бирга, қавмининг манфаатини кўзлаган насиҳатгўй, шафқатли, уларнинг ҳидоят топишига бағоят муштоқ ва улардан қилган иши учун иш ҳақи ҳам, мукофот ҳам талаб қилмас, аксинча, у Аллоҳнинг динига даъват қилиш, Унинг бандаларига насиҳат қилишда мухлис, бажарган ишининг мукофотини ёлғиз уни пайғамбар қилиб юборган Зот – Аллоҳ таолодан умид қилар эди. Зеро, дунё ва охират яхшиликларининг барчаси Аллоҳнинг қўлида ва Унинг Ўзига оиддир. Шу боис, Ҳуд алайҳиссалом деди: “Эй қавмим, мен сизлардан бу (даъватим учун ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат мени яратган зот зиммасидадир. Ахир ақл юргизмайсизларми?!” [Ҳуд: 51];  Яъни, “ахир сизларда очиқ ойдин ҳақга даъват қилаётганимни тушунадиган ва оқ-қорани ажратадиган ақл йўқми?! Ахир сизларнинг хилқатингизда мавжуд бўлган фитрат – табиий туйғу бу диннинг ҳақ эканлигига гувоҳлик берадику?! Ҳолбуки, бу дин Аллоҳ таоло уни етказиш учун Нуҳни пайғамбар қилиб юборган ва унга қарши чиққан кишиларни ҳалок қилган ҳақ диндир. Мана мен сизларни бу динга даъват қилмоқдаман ва бунинг эвазига сизлардан ҳеч нарса сўрамайман. Балки ажр савобни зарар ва манфаат беришга молик бўлган ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридан умид қиламан”. Шу боис, Ёсин сурасида зикр қилинган мўмин киши шундай дейди: “Ўзлари ҳидоятда бўлган ва сизлардан бирон ажр-мукофот сўрамайдиган зотларга эргашинглар! У айтди: Нега мен ўзимни яратган Зотга ибодат қилмайин? Сизлар ҳам (дунёдан ўтгач) ёлғиз Унгагина қайтарилурсизлар” [Ёсин: 21 – 22].

Ҳуд алайҳиссалом қавми жумладан унга шундай дейдилар: “Эй Ҳуд, сен бизга (ўзингнинг пайғамбар эканингни тасдиқлайдиган) бирон ҳужжат келтирмадинг. Бизлар сенинг қуруқ гапинг билан ўз худоларимизни тарк қилгувчи ҳам, шунингдек, сенга иймон келтиргувчи ҳам эмасмиз. Бизлар фақат: Сени худоларимиздан бири ақлдан оздириб қўйган”, деймиз, холос. Ҳуд айтди: Албатта, мен Аллоҳни гувоҳ келтираман, яна ўзларингиз ҳам гувоҳ бўлингларки, мен сизларнинг Аллоҳни қўйиб, (Унга сохта худоларни) шерик қилишингиздан безорман” [Ҳуд: 53-54]. Ҳуд қавми унга айтдилар: “Сен бизга келтирган дин рост эканига гувоҳлик берадиган бирон бир одатдан ташқари мўъжиза олиб келмадинг. Биз сенинг далилсиз ва хужжатсиз қуруқ гапингни деб бутларимизга ибодат қилишни тарк қилувчи эмасмиз. Биз сени ақлдан озганинг сабабидан бу  гапларни айтяпти, деб ўйлаймиз, холос. Бизнингча, айрим олиҳаларимиз сенга ғазаб қилгани туфайли шу куйга тушдинг, ақлдан озиб жинни бўлиб қолдинг”.

 “Бизлар фақат: Сени худоларимиздан бири ақлдан оздирган”, деймиз, холос. У (Ҳуд) айтди: Албатта, мен Аллоҳни гувоҳ келтираман, яна ўзларингиз ҳам гувоҳ бўлингларки, мен сизларнинг Аллоҳни қўйиб, (Унга сохта худоларни) шерик қилишингиздан безорман. Ана энди барчангиз бир бўлиб, ҳеч кечиктирмай менга қарши билган ҳийлангизни қилаверинглар” [Ҳуд: 54-55]. Бу Ҳуд алайҳиссалом тарафидан очиқчасига қавмига қарши чиқиш, уларнинг олиҳаларини ботил эканини эълон қилиш, уларни камситиш ва бу олиҳаларнинг бирон фойда ёки зиён бермайдиган жонсиз нарсалар, уларнинг бу жонсиз нарсалардан асло фарқи йўқ эканини баён қилишдир. “Борди-ю, бу олиҳалар сизлар ўйлагандек ёрдам берса, фойда ёки зиён берса, мана мен улардан воз кечаман ва уларни лаънатлайман. Қани, менга қарши макр-ҳийла ишлатинглар, сўнгра барчангиз қўлингиздан келган барча имкониятларни ишга солган ҳолда менга сира муҳлат бермангиз. Бир соат ҳам, бир лаҳза ҳам кутиб ўтирмангиз. Зеро, мен сизларга парво қилмасман, сизлар тўғрингизда фикр ҳам юритмасман ва сизларга қарамайман ҳам”.

 “Мен фақат менинг ҳам, сизларнинг ҳам Парвардигоримиз бўлган Аллоҳга суяндим.  Ўрмалаган нарса борки,  барчаси У зотнинг қўл остидадир.  Парвардигорим,  шак-шубҳасиз,  Тўғри йўлдадир” [Ҳуд: 56]. Яъни, “мен Аллоҳга таваккул қилувчи, У билан қўллаб-қувватланувчи ва Ундан паноҳ сўраган, Унга суянган киши хор бўлмайдиган Аллоҳнинг ғамхўрлигига ишонувчидирман. Шундай экан, Аллоҳдан ўзга бирон бир махлуқотга парво қилмасман. Ёлғиз Унинг Ўзигагина таваккул қилиб, ёлғиз Унинг Ўзигагина ибодат қилурман”.

Шунинг ўзи Ҳуд алайҳиссалом Аллоҳнинг бандаси ва Расули экани, қавми эса Аллоҳдан ўзгага ибодат қилиб адашган ва жаҳолатда эканига қатъий  ҳужжатдир. Чунки Од қавми Ҳуд алайҳиссаломга бирон ёмонлик етказа олмадилар. Бу ўз навбатида Ҳуд алайҳиссаломнинг қавмига олиб келган рисолатида ростгўй экани ва қавми ибодат қилиб турган олиҳалар ва улар тутган йўлнинг ботил эканига далолат қилувчидир.

Бу далилнинг айнан ўзини ундан илгари Нуҳ алайҳиссалом ҳам далил қилган эди: “Эй қавмим, агар сизларга (орангизда узоқ йиллар яшаб) турганлигим ва Аллоҳ оятларини эслатишим оғирлик қилган бўлса, бас, мен Аллоҳнинг Ўзига суяндим — таваккул қилдим. Энди бутларингиз билан бирга билган ишларингизни қилаверинглар. Кейин қилаётган ишларингиз ўзларингизга махфий бўлиб қолмасин (яъни, бемалол, ошкор иш тутаверинглар, мен парво қилмайман). Сўнгра менга нисбатан (хоҳлаган) ҳукмингизни ижро этаверинглар ва менга муҳлат ҳам берманглар” [Юнус: 71].

Иброҳим Халил алайҳиссалом ҳам худди шундай деган эди: “Қавми у билан тортишган эди: Мен билан Аллоҳ хусусида тортишасизми?! Ахир (Унинг Ўзи) мени ҳидоят қилди-ку?! Мен сизлар Аллоҳга шерик қилган бутларингиздан қўрқмайман. (Чунки у бутлар ҳеч қандай зиён етказа олмас),  магар Парвардигорим хоҳлаган нарсагина (бўлур). Парвардигорим барча нарсани Ўз илми билан қамраб олгандир. Эслатма-ибрат олмайсизларми?!”, деди. Сизлар (Аллоҳ) бирон ҳужжат туширмаган бутларни Аллоҳга ширк қилишдан қўрқмайсиз-у, мен сизлар Аллоҳга шерик қилиб олган бутларингиздан қандай қўрқай?! Агар билсангиз (айтинг-чи), қайси гуруҳ (қўрқмай) хотиржам бўлишга ҳақлироқ?”. Иймон келтирган,  ўз иймонларини зулм (ширк) билан аралаштирмаган зотлар — ана ўшалар хотиржам бўлгувчи ва ўшалар ҳидоят топгувчидирлар” [Анъом: 80-82].

 “Унинг қавмидан кофир бўлган, охиратдаги мулоқотни ёлғон деган ва Биз ҳаёти дунёда бой-бадавлат қилиб қўйган кимсалар дедилар: Бу ҳам худди сизларга ўхшаган одам. У ҳам сизлар ейдиган нарсадан ейди, сизлар ичадиган нарсадан ичади. Қасамки, агар сизлар ўзингизга ўхшаган одамга итоат килиб (ўз бутларингиздан кечсангизлар), у ҳолда албатта зиён кўргувчидирсизлар. У сизларга ўлиб тупроқ ва суякларга айланганингиздан кейин албатта (қабрларингиздан) чиқарилгувчидирсизлар, деб ваъда бермоқдами?!” [Мўъминун: 33-35].

Улар Аллоҳ таолонинг башариятдан пайғамбар юборишини ақлларига сиғдира олмадилар. Мана шу шубҳа қадимда ҳам, ҳозирда ҳам кўпчилик жоҳил кофирлар айтадиган шубҳадир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Бу одамлар учун ўзларидан бўлган бир кишига (яъни, Муҳаммад алайҳиссаломга кофир бўлган) кимсаларни (Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантиринг…, деб ваҳий юборганимиз қизиқ туюлдими?!” [Юнус: 2]. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Одамларга ҳидоят келган пайтида фақат: Аллоҳ фаришталарни эмас, балки) одамзодни пайғамбар қилиб юборибдими?!”, деган сўзларигина уларни иймон келтиришларидан тўсди. Айтинг: Агар ерда (одамлар эмас, балки) фаришталар маскан тутиб юрганларида эди, албатта Биз уларга осмондан фаришта пайғамбарни туширган бўлур эдик” [Исро: 94-95].

Шу сабаб Ҳуд алайҳиссалом уларга шундай деди: “Сизларни огоҳлантириш учун Парвардигорингиз томонидан келган эслатма ўзингиздан бўлган бир киши зиммасида келганидан ажабландингизми?” [Аъроф: 63]. Яъни, “бунинг ҳеч қандай ажабланарли жойи йўқ. Зеро, Аллоҳ таоло рисолатини кимга топширишни яхши билгувчидир”.

Аллоҳ таоло шундай дейди: “У сизларга ўлиб тупроқ ва суякларга айланганингиздан кейин албатта (қабрларингиздан) чиқарилгувчидирсизлар, деб ваъда бермоқдами? Сизларга ваъда қилинаётган нарса жуда-жуда узоқдир. Ҳаёт фақат (шу) дунёдаги ҳаётимиздир. (Айримларимиз) ўлсак (бошқаларимиз) ҳаётга келаверамиз. Биз ҳеч қайта тирилгувчи эмасмиз. У (яъни Ҳуд) фақат Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган кимсадир. Бизлар унга ҳеч иймон келтиргувчи эмасмиз. (Шунда Ҳуд) айтди: Парвардигорим, (қавмим) мени ёлғончи қилганлари сабабли Ўзинг менга ёрдам қилгин (ва уларни ҳалок қилгин)” [Мўъминун: 35-39]. Кофир қавм қайта тирилишни йироқ санадилар, жасадларнинг тупроқ ва суякларга айлангандан кейин қайта жонланишини инкор қилдилар. “Жуда-жуда узоқдир”, яъни бу ваъда жуда-жуда узоқ, “Ҳаёт фақат (шу) дунёдаги ҳаётимиздир. (Айримларимиз) ўлсак (бошқаларимиз) ҳаётга келаверамиз. Биз ҳеч қайта тирилгувчи эмасмиз”, яъни “бир қавм вафот этади, бошқа бир кишилар эса ҳаётга келадилар”, – дедилар.

Бу даҳрийлар эътиқоди. Худосиз айрим жоҳил кимсалар айтадилар: “Бу ҳаёт бор-йўғи шундай: бачадонлар чиқариб ташлайверади, ер эса ютаверади”.

Даврийлар тоифаси бўлса, бу дунёга ҳар ўттиз олти минг йилда бир қайтиб келишларини эътиқод қиладиган тоифадирлар.

Буларнинг барчаси ёлғон, куфр, жаҳолат, залолат ва ботил сўзлар ҳамда ақлини ишга солмайдиган, ҳидоятни қабул қилмайдиган Одам болаларидан бўлмиш кофир ва фожир кимсаларнинг ақлини ўзига мойил қиладиган далил ва ҳужжатсиз бемаъни хаёлдир. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ундай сўзларга охиратга ишонмайдиган кимсаларнинг диллари мойил бўлиши учун ва ўша сўзларга рози бўлишиб, ўзлари қилмоқчи бўлган гуноҳларини қилишлари учун (у шайтонлар васваса қиладилар)” [Анъом: 113]. Ҳуд алайҳиссалом қавмига панд-насиҳат қилиб жумладан шундай деди: “Сизлар ҳар бир тепаликка ўйин-кулги учун бир белги — баланд бино қуриб ва гўё мангу яшаб қоладигандек қаср-саройлар солаверасизларми?!” [Шуаро: 128-129]. Ҳуд алайҳиссалом уларга деди: “Ахир ҳар қандай баланд жойларга қасрлар ва шунга ўхшаш улкан ва ҳашаматли бинолар қураверасизларми?!  Сизлар бу биноларни қуриш билан беҳуда вақтингизни ўтказмоқдасизлар. Чунки сизларнинг бу биноларга эҳтиёжингиз йўқ”.  Сабаби, улар чодирларда истиқомат қилар эдилар. Аллоҳ таоло шундай дейди: “(Эй Муҳаммад),  Парвардигорингиз (бошқа) юртларда ўхшаши яратилмаган, баланд устунли чодирлар эгаси бўлган Эрам шаҳридаги Од қабиласини қандай ҳалокатга дучор қилганини кўрмадингизми?” [Фажр: 6-8]. Эрам шаҳрини барпо қилган Од қавми устунлари баланд чодирларда истиқомат қилган биринчи Од қабиласидир.

Кимда ким Эрам тилла ва кумушдан ясалган, турли ўлкаларда кўчиб юрадиган шаҳар деб ўйласа асоссиз, хато ва далилсиз гапни айтган бўлади.

Қаср-саройлар солаверасизларми?!” [Шуаро: 129]; Айтишларича, улар қурган бу иншоотлар қасрлардан иборат бўлган. Бошқа бир фикрда улар каптарлар ин қурадиган баланд миноралардан иборат дейилса, учинчи бир фикрда айтилишича, улар сув ҳавзаларидан иборат бўлган. “Ва гўё мангу яшаб қоладигандек” [Шуаро: 129]; Яъни, сизлар бу дунёда узоқ вақтлар умр кечиришни умид қилганингиз учун мазкур иншоотларни солмоқдасиз. “Қачон (бирон кишини жазолаш учун) ушласангизлар, бераҳмларча ушлайсизлар?! Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар! Сизларни ўзларингиз биладиган неъматлар билан қўллагансийлаган зотдан (Аллоҳдан) қўрқингиз! У сизларни чорва ҳайвонлари ва ўғиллар билан, боғлар ва булоқлар билан қўллади-ку!” [Шуаро: 130-134].

Од қавми Ҳуд алайҳиссаломга жумладан шундай дедилар: “Сен бизга ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишимиз ва ота-боболаримиз сиғиниб ўтган бутларни тарк қилишимиз учун келдингми? У ҳолда, агар ростгўй кишилардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни (яъни Аллоҳнинг азобини) келтиргин-чи?” [Аъроф: 70]; Яъни: “Нима, сен бизнинг ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиб, оталаримиз ва аждодларимизга ва уларнинг тутган йўлига хилоф иш тутишимиз учун бизга пайғамбар бўлиб келдингми?! Агар сен бизга келтирган нарсангда содиқ бўлсанг, қани, бизга ваъда қилган азоб ва ибрат жазосини келтир. Зеро, биз сенга иймон келтирмаймиз, сенга эргашмаймиз  ва сени тасдиқламаймиз”.

Улар яна шундай дедилар: “Сенинг ваъз-насиҳат қилишинг ёки қилгувчилардан бўлмаслигинг бизлар учун баробардир (яъни бизларга панд-насиҳат қилиб овора бўлма). Албатта бу “холқул аввалийн” (ёки “хулуқул аввалийн”)дир. Бизлар азоблангувчи эмасмиз” [Шуаро: 136-138]; Агар оятдаги бу бирикма “холқул аввалийн” деб ўқилса[1], у ҳолда бу бирикма “олдингилар тўқиган нарса”, яъни, “бу сен келтирган нарса сен олдингиларнинг китобларидан олган ва ўзинг тўқиган нарсадир”, деган маъносини англатади. Саҳоба ва тобеинлардан бир қанчалари мана шундай тафсир қилганлар. Агар бу бирикмани “хулуқул аввалийн” деб ўқилса, у ҳолда бу бирикма “олдингиларнинг дини”, яъни, “биз амал қилиб турган бу дин биздан олдинги ота-боболаримизнинг динидир. Биз асло бу динни тарк қилиб, бошқа динни қабул қилмасмиз. Аксинча, биз бу динни маҳкам тутиб қолажакмиз”, деган маънони англатади. Ушбу биринчи ва иккинчи қироатнинг ҳар бириси Од қавмининг “Бизлар азоблангувчи эмасмиз”, деган сўзларига муносибдир.

Ҳуд алайҳиссалом қавмига деди: “Энди устингизга Парвардигорингиз томонидан азоб ва ғазаб тушиши аниқ бўлди. Мен билан ўзингиз ва ота-боболарингиз қўйиб олган бутларингизнинг номлари ҳақида баҳслашмоқчимисизлар? Ахир Аллоҳ (уларга ибодат қилиш ҳақида) бирон ҳужжат туширмаган-ку?! У ҳолда (Аллоҳнинг азобига) кўз тутаверинглар,  мен ҳам сизлар билан бирга кутувчиларданман” [Аъроф:71]; Яъни, дарҳақиқат, ушбу сўзларингиз сабаб Аллоҳ таоло тарафидан азоб ва ғазабга ҳақли бўлдингизлар. Ёлғиз ва шериги бўлмаган Аллоҳнинг ибодатига ўзингиз йўниб ясаб олган, сиз ва ота-боболарингиз келишган ҳолда олиҳалар деб номлаб олган бутларга ибодат қилиш билан қарши чиқмоқчимисизлар?! “Ахир Аллоҳ (уларга ибодат қилиш ҳақида) бирон ҳужжат туширмаган-ку?!”;  Яъни, “Аллоҳ сизнинг бу санамларга ибодат қилишингиз тўғрисида  бирон ҳужжат ҳам, далил ҳам туширмаган-ку?! Модомики ҳақни қабул қилишдан бош тортдингиз, ботил ибодатингизда давом этдингиз ва бутларга ибодат қилишдан қайтарилсангизда, қайтарилмасангизда сизларга баробар экан, у ҳолда, энди сизларнинг бошингизга тушажак Аллоҳнинг азоби, Унинг қайтарилмас куч-қудрати ва тўсиб бўлмас ибратли жазосини кутингиз”.

 “(Шунда Ҳуд) айтди: Парвардигорим,  мени ёлғончи қилганлари сабабли Ўзинг менга ёрдам қилгин (ва уларни ҳалок қилгин). (Аллоҳ) деди:  Озгинадан кейин улар албатта надомат қилгувчиларга айланиб қолурлар” [Мўъминун: 39-40].

Аллоҳ таоло шундай дейди: “Улар: Сен бизларни худоларимиздан буриш (юз ўгиртириш) учун келдингми?! У ҳолда агар ростгўй кишилардан бўлсанг,  бизларга ваъда қилаётган нарсангни (яъни Аллоҳнинг азобини) келтиргин-чи?”, дедилар. У айтди: (Азоб келар вақтнинг) билими ёлғиз Аллоҳ ҳузуридадир. Мен сизларга ўзим элчи қилиб юборилган динни етказурман.  Лекин мен сизларни нодон қавм эканингизни кўрмоқдаман. Бас, қачонки,  улар ўша (азоб)ни ўз водийларига қараб келаётган бир қора булут ҳолида кўришгач: Бу бизларга ёмғир келтиргувчи булутдир, дедилар. Йўқ, у ўзларингиз қистаган нарса — бир бўронки, унда аламли азоб бордир. У Парвардигорининг амри билан барча нарсани вайрон (ҳалок) қилур. Бас, (у бўрон келиб, Од қабиласидаги кофирларнинг ўзларини ҳам, мол-ҳолларини ҳам ҳалок қилди. Барчалари қирилиб битиб), тонг отганида фақат уларнинг уй-жойларигина кўзга ташланар эди. Биз жиноятчиосий қавмни мана шундай жазолаймиз” [Аҳқоф: 22-25].

Дарҳақиқат, юқорида айтиб ўтганимиздек, Аллоҳ таоло Од қавмининг ҳалокатини умумий ва батафсил равишда бир неча оятларда зикр қилди. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Бас, унга (Ҳудга) ва у билан бирга бўлган (мўмин зотларга) Ўз раҳмат-марҳаматимиз билан нажот бердик ва Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларнинг думларини қирқдик (ҳалок қилдик). Улар мўмин эмас эдилар” [Аъроф: 72].

Қачонки Бизнинг фармонимиз (яъни, азобимиз) келганида Ҳуд ва у билан бирга иймон келтирган кишиларни Ўз раҳмат-марҳаматимиз билан қутқардик ва уларга қаттиқ азобдан нажот бердик. Парвардигорларининг оятларини инкор қилган, Унинг пайғамбарларига исён килган ва ҳар қандай қайсар,  золимлар амру-фармонларига бўйинсунган ана ўшалардир. Уларга бу дунёда ҳам, қиёмат кунида ҳам лаънат айтилур. Огоҳ бўлингизким,  албатта Од қабиласи Парвардигорларига кофир бўлган эдилар. Огоҳ бўлингизким,  Ҳуднинг қавми бўлган Од ҳалокатга учради” [Ҳуд: 58-60].

 “Бас, ҳақли равишда уларни (даҳшатли) қичқириқ тутиб,  Биз уларни хас-хашакка айлантирдик. У золим қавмга ҳалокат бўлгай” [Мўъминун: 41]

Яна моҳирлик билан тоғлардан уйлар ҳам йўнмоқдасизлар (ясамоқдасизлар)?! Бас,  Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар!” [Шуаро: 139-140].

[1] Ибн Касийр Маккий, Абу Амр Басрий, Яъқуб Басрий, Кисоий Куфий ва Абу Жаъфар Маданийлар “Холқул аввалийн” деб ўқисалар, қолганлар “Хулуқул аввалийн” деб ўқиганлар.

Қаранг: Ал-Нашр фил-қироатил ашр” асари (2/ 335-336-б).

Изоҳ қолдиринг