Итоатдаги ширк (1)

0
  1. Итоатдаги ширк

Шуни билингки, Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳалолга чиқариш ёки ҳалол қилган нарсаларни ҳаромга чиқаришда уламо ёки ҳокимларга итоат қилиш ширкнинг бир тури саналади. Аллоҳ таоло айтади: “Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг уламолари ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни Раб деб билдилар. Ҳолбуки, фақат ягона Аллоҳга бандалик қилишга буюрилган эдилар. Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир.  У зот уларнинг ширкларидан покдир” [Тавба: 31].

Саҳиҳ ҳадисда келишича, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур оятни Адий ибн Ҳотим Тоийга ўқиб берадилар. Шунда у: “Эй Расулуллоҳ, биз уларга ибодат қилмас эдик” – дейди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ахир улар сизларга Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳалол қилиб беришар ва сизлар ҳам  ҳалол демасмидингиз?! Шунингдек, Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларни ҳаром қилиб беришар ва сизлар ҳам уни ҳаром демасмидингиз?!”. “Ҳа, шундай” – деди Адий. “Ана ўша уларнинг (уламо ва роҳибларига қилган) ибодатларидир” – деди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам” [Термизий ва бошқалар ривояти].

Дарҳақиқат, ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқоридаги оятни тафсир қилиб бердилар. Аҳли китоблар Аллоҳни қўйиб ўзларининг олим ва роҳибларини Раб қилиб олиши уларга рукуъ ва сажда қилишлари эмас, балки Аллоҳнинг аҳкомлари ва шариатини ўзгартиришда уларга итоат қилишганидир. Негаки, улар ҳалолни ҳаром ёки аксинча, ҳаромни ҳалол дейишда уларга итоат этдилар. Бу аҳли китоблар томонидан Аллоҳни қўйиб ўз уламо ва роҳибларига ибодат қилиш ҳисобланди. Зеро, аҳли китобларнинг уламо ва роҳиблари ўзларини қонунчиликда Аллоҳга шерик даражасига кўтардилар. Оқибат, ким уларга итоат қилса, қонунчилик соҳасида, яъни ҳалол ёки ҳаром, деб ҳукм чиқаришда уларни Аллоҳга шерик қилган ҳисобланади. Бу инсонни диндан чиқарувчи катта ширкдир. Аллоҳ таоло айтади: “Ҳолбуки,  фақат ягона Аллоҳга бандалик килишга буюрилган эдилар. Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир. У зот уларнинг ширкларидан покдир” [Тавба: 31]. Қуйидаги оят ҳам ҳалол ёки ҳаром деб ҳукм чиқаришда Аллоҳдан ўзгага итоат қилиш катта ширк эканини қўллаб-қувватлайди: “Аллоҳнинг номи зикр қилинмаган нарсалардан емангиз! Зотан, бу иш итоатсизликдир. Албатта,  шайтонлар ўз дўстларини (яъни мушрикларни) сизлар билан жанжаллашишлари учун васвасага солурлар. Агар уларга бўйсунсангиз, ҳеч шак-шубҳасиз мушриклардан бўлиб қолурсизлар” [Анъом: 121].

Шунингдек, ҳозирги даврдаги шаръий аҳкомларга зид бўлган қонунлар билан ҳукм юритиш борасида ҳоким ва раҳбарларга итоат қилиш, рибо – судхўрлик, зино, ароқ ва бир-бирларига маҳрам бўлмаган эркак ва аёлларнинг ўзаро аралашиб юриши каби ҳаром ишларга рухсат бериш, ҳижобни ман қилиш, меросда эркак билан аёлни тенглаштириш ёки кўпхотинлик каби шариатда ҳалол бўлган ишларни ҳаром қилишда уларга бўйсуниш ҳам ширкдир. Негаки, бу каби ишлар Аллоҳнинг аҳкомларини шайтоний қонун-қоидаларга алмаштиришдир. Кимда ким ҳоким ва раҳбарларнинг бу ишларига рози бўлса, маъқулласа ва уни яхши деб билса, у ҳолда бундай кимса мушрик ва кофир бўлади, Аллоҳ сақласин!

Қолаверса, ислом фуқаҳоларининг шаръий далилларга зид бўлган сўзларига, унинг далилга зид эканини била туриб, ўзининг ҳавосига мос келгани учунгина эргашиш – тақлид қилиш ҳам ширк ҳисобланади. Буни ўзини зиёлиман деган айрим табақаларда кузатиш мумкин. Улар уламоларнинг сўзларидан енгилроқ бўлганини суриштириб юрадилар, унинг қай даражада далилга мувофиқ экани уларни қизиқтирмайди. Ҳолбуки, мужтаҳид олимнинг шаръий далилга мос бўлган фикри олиниб, хилоф келгани ташланиши лозим. Уламоларнинг ўзлари айтишлари бўйича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа ҳар қандай кишининг сўзи олиниши ёки рад этилиши мумкиндир.

Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирон ҳадис ёки саҳоба розияллоҳу анҳумлардан бирон сўз (фикр) келса бош устига қабул қиламиз. Мабодо тобеинлардан бирон фикр келса, улар ҳам, биз ҳам ижтиҳодга яроқли кишилармиз (бу хусусда уларнинг биздан ортиқ ери йўқ)”. Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ бу билан ўзига ўхшаган катта ва забардаст имомларни назарда тутганлар. Афсуски, айрим шаръий билимларни ўрганган, ҳануз жоҳиллик босқичидан чиқмаган баъзи кимсалар ўзларини мужтаҳид имомлар сафига қўйишиб, Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг “улар ҳам, биз ҳам ижтиҳодга яроқли кишилармиз”, деган сўзларини ноўрин ишлатишади. Ҳеч шубҳа йўқки, Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ уламоларни авомларга тенглаштиришни назарда тутмаганлар.

Имом Молик роҳимаҳуллоҳ айтади: “Барчамизнинг сўзи олиниши ёки рад қилиниши мумкин. Бундан мана бу қабр соҳиби (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам)гина мустаснодир”.

Имом Шофеий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар ҳадис саҳиҳ бўлса, шу менинг мазҳабимдир”. Яна айтади: “Агар сўзим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзига хилоф бўлса, сўзимга эътибор қилманглар”.

Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ айтади: “Во ажаб, бу қандай бир қавмки, (ҳадисга оид) санадни ва унинг саҳиҳлигини била туриб Суфённинг фикрини оладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло айтади: “(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат ёки аламли азоб етиб қолишидан эҳтиёт бўлсинлар!” [Нур: 63].

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Устингизга осмондан тош ёғилиши ҳеч гапмас! Мен сизларга “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар”, десам-у, сизлар “Абу Бакр ва Умар айтди”, дейсизлар!”.

Шайх Абдураҳмон ибн Ҳасан роҳимаҳуллоҳ “Фатҳул Мажийд” китобида шундай дейди: “Агар бирон мукаллаф (балоғатга етган ва эс-ҳуши жойида бўлган киши)га Аллоҳнинг китоби ёки Расулининг суннатидан бирон далил келса ва унинг маъносини тушуниб етса, албатта уни қабул қилиши, унга амал қилиши ва ушбу далилга хилоф чиққанларга эътибор бермаслиги фарздир… . Ўзига яхшиликни раво кўрган киши уламоларнинг китобларини ўқиб, тафаккур қилиб, уларнинг сўзларини билгач, бу сўзларни Китоб ва Суннатга солиштириши лозим. Зеро, ҳар бир мужтаҳид олим, унга эргашганлар ва мансуб бўлганлар у билдирган фикр далилларини зикр қилишган. Маълумки, ҳар қандай масаладаги ҳақиқат ягонадир, бир масалада барчанинг фикри ҳам тўғри бўлавермайди. Шундай бўлсада, барча имомлар гарчи хато қилган бўлсаларда, ижтиҳод қилганлари боис савоб оладилар. Инсофли инсон имомлар билдирган фикрларни ўрганиш ва уни чуқур мушоҳада қилиш орқали шаръий масалаларни билиш, ёдда тутиш ва улар келтирган далиллар ёрдамида тўғри фикрларни хатосидан ажратиб олишга имкон топади ва шу тариқа уламолардан қай бирининг фикри далилга мувофиқроқ эканини билиб, унга эргашади”.

Шайх Абдураҳмон ибн Ҳасан роҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг “Агар уларга бўйсунсангиз, ҳеч шак-шубҳасиз мушриклардан бўлиб қолурсизлар” [Анъом: 121], деган сўзи тўғрисида шундай дейди: “Бу иш уламоларга тақлид қилган кўпчилик одамларда содир бўлди. Улар ўзлари тақлид қилган олимнинг сўзига хилоф бўлгани учун далилни эътиборга олмадилар. Албатта бу мазкур (катта) ширкдандир. Улардан баъзилари бу борада ҳаддан ошиб “бундай ҳолатда (яъни далил имомнинг сўзига тескари келганда) далилни инобатга олиш макруҳ ёки ҳаромдир, чунки улар далилларни биздан кўра яхшироқ биладилар”, дейдиган даражага боришди. Шундай қилиб, фитна – мусибат янада катталашди…” [Иқтибос тугади].

(Давоми бор)

Изоҳ қолдиринг