Намозда шим почасини шимариш керакми?

0

Савол:

Ассалому алайкум! Сизларда саволим бор эди. Жавоб берсангиз яхши бўлар эди. Баъзи масжид имомлари намозни бошлашдан олдин шим почасини шимаришни таъкидлайди, бунинг сабаби нима?

Жавобингиз учун олдиндан ташаккур!

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!

Намозни бошлашдан олдин шимнинг почасини шимариш кераклиги ҳақида бирон далилни учратмадик. Сиз айтаётган имомлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларига биноан айтган бўлишлари мумкин. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кимда ким кийимини такаббурлик билан ерга судраб юрса, қиёмат куни Аллоҳ унга қарамайди”[Бухорий: 5793 ва Муслим: 2085].

 Эркак киши кийимини кибрланиб тўпиқдан пастга тушириб юриши ҳаром эканига барча уламолар иттифоқ қилишган. Ҳатто уламолар бу ишни катта гуноҳлар қаторида санашган. Бироқ эркак киши кийимини тўпиқдан пастга тушириб кийиши бирон шаҳар аҳолиси одатига кўра кибрга далолат қилмаса ёки кийимини такаббурлик қилмасдан тўпиқдан пастга тушириб кийса, жумҳур уламоларнинг фикрига кўра, бу иш макруҳ саналади[1].

Сиз айтаётган имомлар мазкур ҳадисга биноан шундай қилаётган бўлсалар, бу тушунчалари тўғри эмас. Чунки шариатимиз намозда кийим ва сочларни йиғиб ўқишдан қайтарган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Етти суяк (аъзо) билан: пешона, – ва бурунларига ҳам ишора қилдилар – икки кафт, икки тизза, икки оёқнинг учлари билан сажда қилишга ҳамда (намозда) кийим ва сочларни йиғиштирмасликка буюрилдим (бир лафзда: буюрилдик)”[Бухорий: 779 ва Муслим: 758].

Хулоса қиладиган бўлсак, мусулмон киши кийимини нафақат намозда, балки ҳамиша тўпиқдан юқори қилиб кийиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннат ва буйруқларига мувофиқдир. Яна шуни эслатиб ўтиш лозимки, бу ҳукм, яъни кийимни тўпиқдан пастга тушириш макруҳлиги эркакларга хосдир. Аммо аёллар, аксинча, имкон қадар баданининг барча жойини беркитишлари лозим. Зеро, аёл кишининг оёқ ва тўпиқлари авратдир, валлоҳу аълам.

[1] Шуни эслатиб ўтиш лозимки, бу масалада жумҳур уламоларнинг фикрини маъқуллаган бўлсакда, бироқ эркак киши кийимини тўпиқдан пастга тушириб кийиши ҳаром деган уламоларнинг ҳам далиллари кучли ва эътиборга лойиқдир. Ушбу фикрни Ибн Арабий, имом Заҳабий, Ибн Ҳажар, шунингдек, замондош уламолардан Ибн Усаймийн, Ибн Жибрийн ва Солиҳ Фавзон каби катта уламолар рожиҳ дейишган. Шунга биноан хилоф доирасидан чиқиш ва ҳаром амаллардан четланишдаги эҳтиёткорлик ҳам ушбу уламолар фикрига эргашишни тақозо қилади. Шунга кўра, мусулмон киши кийимини тўпиқдан пастга туширмасдан, балки ундан юқорироқ қилиб кийиши мақсадга мувофиқдир.

Изоҳ қолдиринг