Бахтли ҳаёт сирлари

2

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин!

Оила муқаддас, уни асраб авайлаш ҳар бир мусулмоннинг вазифасидир. Эр-хотин фикр ва ва хулқ-атворда бир хил бўлмаслиги, шунга асосан улар ўртасида баъзи келишмовчиликлар бўлиб туриши табиий. Бироқ ёмон хулқ сабабли бўладиган келишмовчиликлар давомий бўлиб қолиши жуда ҳам хатарли. Мутахассисларнинг фикрича, баъзи аёллар жуда ҳам сабрли ва босиқ бўлади. Улар бу феъллари билан эр-хотин ўртасида бўладиган муаммоларга осон ва чиройли ечим топа оладилар. Баъзи аёллар эса сабрдан кейин туғилган бўлишади, ҳаётдаги оддий нарсалар ҳам улар учун катта муаммога айланади. Бора-бора бу муаммолар эр-хотин ажрашиши билан якун топади. Бугунги мақоламизда муҳтарама опа-сингилларимиз учун эр-хотин муносабатларини мустаҳкамлашда керакли бўлган насиҳатларни айтиб ўтмоқчимиз.

  • Эрингизнинг турмуш-тарзи ва топим-тутумидан шикоят қилавериш яхши оқибатларга олиб келмайди. Бироз қаноатли бўлинг, эрингиз олиб келган нарсалар учун ундан миннатдор бўлинг. Шуни унутманг, эрига ношукрлик қилиш кишининг дўзахга киришига сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан дўзахийларнинг аксари аёллар бўлишининг сабаби ҳақида сўралганида бунинг сабаби улар эрларига кўп ношукрлик қилишлари, доим эрларидан шикоят қилишлари эканини баён қилганлар. Шундай экан бу ишдан қаттиқ эҳтиёт бўлинг, зеро, бу ишнинг оқибати дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик билан тугамайди. Бу билан эр доим ҳақли бўлади, демоқчи эмасмиз. Тўғри, баъзи эркаклар аёлларининг ҳақ-ҳуқуқларига риоя қилмайдилар. Агар эрингиз сизнинг ҳаққингизни адо этмаётган бўлса, унда эҳтиёжингизни айтишдан олдин унинг мақтовга лойиқ сифатларини айтинг, кейин эҳтиёжингизни айтинг. Эрингиз сизнинг ҳаққингизни адо қилмаётгани унинг қилган яхшиликларини инкор қилишингизга сабаб бўлмасин.

  • Оиладаги сирлар омонат ҳисобланади, сиз уларни сақлашингиз керак. Бу сирларни сақламаслигингиз эрингизнинг сизга бўлган ишончини йўқотади. Асло ва асло эр-хотин ўртасидаги гап-сўзлар дугоналарингиз билан бўладиган ҳангоманинг кўркига айланмасин. Шуни аниқ билингки, сиз сақлай олмаган бу сирни қўшингиз ёки дугонагиз сақлай олмаслиги тайин. Умома бинти Ҳорис қизига насиҳат қилиб: “Агар унинг (яъни эрингнинг) сирини фош қилсанг, сенга хиёнат қилиши тайин” – деган экан. Аллоҳ таоло солиҳа аёллар ҳақида нима деганига бир қулоқ тутинг: “Ҳақиқий солиҳа аёллар Аллоҳ ва Расулига итоатли, эрлари йўқлигида ҳам Аллоҳнинг ҳифзу ҳимояси ила сақлаш керак бўлган нарсаларни сақлайдилар” (Нисо: 34). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам солиҳа аёллар ҳақида шундай деганлар: “Энг яхши аёл – қарасанг сени хурсанд қиладиган, буюрсанг сенга итоат қиладиган, йўқлигингда иффати ва молу мулкингни сақлайдиган аёл” – деганлар (“Саҳиҳул жомеъ” (3299)).

  • Эрингизга доим унинг ёнида ўзингизни хотиржам ҳис қилишингизни, унга қанчалар ишонишингизни, ундан ажралишни асло хоҳламаслигингизни ҳис қилдиринг. Унинг қилган ишлари ёки сотиб олган нарсаларини ерга урманг. Ҳеч қачон унинг ўзини ёки касбини ҳақорат қилманг. Бу ишлар эр-хотин ўртасида меҳр-муҳаббат йўқолишига сабаб бўлади.

  • Эрингизнинг сизга беэътиборлигини, қаршигизда умуман ҳис туйғуси йўқ инсондек туришини ёхуд унинг ҳис-туйғуларидан қалбингиз сиқилишини зинҳор ва зинҳор унинг ўзига сездирманг. Чунки эркакдаги қайсарлик уни янада ўзини сиздан тортишга чорлайди. Бундай ҳолатларда унинг умуман беэътибор қилган ишларини мақташга ҳаракат қилинг.

  • Ҳеч қачон эрингизни очиқчасига ҳам, зимнан ҳам, кинофилм ёки сериаллардаги қаҳрамонларга таққосламанг. Аксинча, сизни асраб-авайлаб юрган бу диндор эрдан жуда ҳам мамнун эканингизни, у билан ўзингизни дунёдаги энг бахтли инсон деб ҳис қилишингизни унга билдиринг. Шуни унутманг, сиз ақллисиз, кинофилм ёки сериал қаҳрамонлари сохта эканини биласиз, фақат ахмоқ инсонгина уларни ҳаётдаги шахларга таққослайди.

  • Баъзи аёллар эри билан қаттиқ тортишиб, айтишмагунича унинг айтганини қилмайди. Бу тарзда эр билан бахтли бўлиш мумкин эмас. Чунки тортишиш қалбларни бир-биридан узоқлаштиради. Бу ҳолатнинг давом этавериши бир-биридан нафратланишга олиб боради. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тортишманглар, акс ҳолда, қалбларингиз бир-бирига тескари бўлиб қолади” – деганлар (“Саҳиҳул жомеъ” (7256)). Юқорида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг энг яхши аёлни сифатлаганлари ҳақидаги ҳадисни айтиб ўтдик. Эрингиз билан гаплашганда босиқлик билан, тортишмасдан, бир гапни қайта-қайта такрорламасдан гаплашишга ҳаракат қилинг. У билан тортишиш, айтишиш, уни қарғаш, бу ишлар эрингизни сиздан узоқлаштирса узоқлаштиради, лекин яқинлаштирмайди. Ҳеч қачон болалар олдида ёхуд оммавий жойларда эрингиз билан тортишиб, унга бақирманг. Агар у билан бирор масалада маслаҳатлашмоқчи бўлсангиз, бу ишни иккингиз холи қолганингизда қилинг, унга бақирманг, секин, ётиғи билан тушунтиринг. Ана шунда у сизнинг маслаҳатингизни қабул қилади. Шуни унутманг, эркак табиатан қўпол бўлади, уни фақат мулойимлик билан енгиш мумкин. Аксар аёллар шу ҳақиқатни билмаганлари учун эрсиз қолишган.

  • Эрингизда кўрган хатоларингизни ақл-заковат билан тузатишга ҳаракат қилинг, масалан, эрингиз уйга кеч келса, бақир-чақир қилиш ўрнига уни яхши кутиб олинг ва у йўқлигида уни соғинганингизни, усиз ёлғиз қолиб қўрққанингизни айтинг. Эрингиз ёлғон айтганини билиб қолсангиз, уни ҳамманинг олдида шарманда қилманг. Чунки гоҳида эркак аёлининг ҳис-туйғуларига тегмаслик учун ёлғон гапиради.

  • Ҳеч қачон эрингиз сиздан эрлик ҳуқуқини талаб қилганида унинг раъйини қайтарманг, унга бўлар-бўлмас нарсаларни баҳона қилманг. Эри тўшакка чақирганда бош тортган аёл ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Агар эр хотинини тўшакка чақирганида аёл бош тортгани сабабли у ғазаб қилиб тунаса, у аёлни эрталабгача фаришталар лаънатлайди” (Бухорий (4897) ривояти).

  • Шуни унутманг, ҳаддан ортиқ рашк қилиш талоққа сабаб бўлади. Шунинг учун эрингизга турли хил шубҳали саволлар бераверманг, унга билдирмай чўнтакларини кавламанг, телефонда гаплашганида гапини пойламанг, телефонини титкиламанг. Бу ишларнинг оқибати ҳеч қачон яхшликка олиб бормайди.

  • Солиҳа аёл мажбур бўлмагунича эридан талоғини сўрамайди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси аёл сабабсиз эридан талоғини сўраса, унга жаннатнинг ҳиди ҳам ҳаром бўлади” – деганлар. Шунинг учун, муҳтарама опа-сингиллар, “талоғимни бер” деган гапни унутинг. Талоқ, хусусан, ўртада фарзандлар бўлса ҳеч бир нарсага ечим бўлмайди.

Аллоҳ таоло барча мусулмон оилалардан бахт-саодатни аритмасин, фарзандларимиз ота-онасидан йироқ тарбияланишидан Ўзи сақласин!

Мақола IslamWeb саҳифасидан баъзи ўзгартиришлар билан олинди.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Discussion2 fikr

    • Абу Анас Ҳабибуллоҳ

      Alloh barchamizdan O’zo rozi bo’lsin, manfaatli ilm ato etsin!

Reply To Абу Анас Ҳабибуллоҳ Cancel Reply