Намоз ўқиш тартиби ҳақида (1)

0

Савол:

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

1) Намоз бошида такбири таҳрима айтганда қўл қаерга қадар кўтарилади?
2) Рукуга кетиш ва рукудан қайтишда нима учун икки қўл кўтарилади?
3) Намоз ўқиш асносида қўл киндик остига қўйиладими ёки киндик тепасигами?

(Саволга жузъий ўзгартиришлар киритилди)

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!

1. Намоз бошидаги такбири таҳримада қўллар икки елка ёки икки қулоқ баробарида кўтарилади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга турсалар қўлларини икки елка баробарида кўтарар, сўнг такбир айтиб, намозни бошлар эдилар” [Бухорий: 735 ва Муслим: 592].

Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳу айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ортларида намоз ўқидим. У зот намозни “Аллоҳу акбар”, деб бошлаб, икки қўлларини қулоқлари баробарида кўтардилар” [Насоий: 955].

2. Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ рукуга кетиш ва рукудан қайтишда икки қўлни кўтариш ҳикматини баён қилиб шундай дейди: “Уламолар намозда кўл кўтаришнинг ҳикматлари тўғрисида бир қанча фикрлар айтишган. Имом Шофеий айтади: “Мен бу ишни Аллоҳни улуғлаш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш учун қиламан”. Баъзи олимларнинг айтишича, инсон жангда мағлуб бўлса, таслим бўлганини билдириш учун икки қўлини кўтаргани каби намозхон ҳам итоат қиламан, бўйсунаман ва эргашаман, деган мазмунда қўлларини кўтаради” [“Шарҳи Муслим”, 4/96].

Дарҳақиқат, Имом Шофеий айтганларидек, бу ишнинг ҳикмати Пайғамбарга эргашишдир. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй мўминлар),  намозни тўкис адо этинглар, закотни беринглар ва пайғамбарга бўйинсунинглар. Шояд (Аллоҳнинг) раҳматига эришсангизлар” [Нур: 56]. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Мен қай кўринишда намоз ўқиганимни кўрсангизлар, сизлар ҳам худди шу кўринишда намоз ўқинглар”[Бухорий: 6008].

Зеро, Пайғамбаримиз рукуга бориш ва рукудан қайтишларида қўлларини кўтарганлари саҳиҳ ҳадисларда келган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга турсалар, қўлларини икки елкалари баробарида кўтарар, сўнг такбир айтиб, намозни бошлар эдилар. Шунингдек, рукуга бориш ва рукудан қайтишларида ҳам қўлларини кўтарар эдилар” [Бухорий: 735 ва Муслим: 592].

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан намозда қўлни қаерга қўйиш хусусида бирон саҳиҳ ҳадис келмаган. Бу борада келган энг кучли далил Товус роҳимаҳуллоҳ ривоят қилган мурсал ҳадис бўлиб, унда Пайғамбаримиз қўлларини кўксиларига қўйганлари зикр қилинган. Бироқ мурсал ривоят заиф саналади. Шунга биноан намозда қўлни кўкракка, ё киндик устига ёки киндик остига қўйиш жоиз. Имом Термизий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Баъзи саҳоба, тобеин ва улардан кейин ўтган олимлар: “Намозда қўл киндик устига қўйилади”, деган бўлсалар, баъзилар: “Киндик остига қўилади”, дейишган. Бу кўринишларнинг барчаси улар наздида жоиздир” [“Сунани Термизий”, 1/336], валлоҳу аълам.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг