Биринчи ва охирги Од қавми (7)

0

Биринчи ва охирги Од қавми

Юқорида зикр қилинган ҳадисдаги қисса мазмуни охирги Од қавмининг ҳалокати хусусида бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас. Чунки Ибн Исҳоқ ва ундан бошқа уламолар зикр қилган ривоятларда Макка тилга олинган. Ҳолбуки, Макка Иброҳим Халил алайҳиссаломдан кейин, у жойга хотини Ҳожар ва ўғли Исмоил алайҳиссаломни жойлаштиргач ва Журҳум қабиласи уларга қўшилиб, у ерни маскан қилиб олгачгина бунёд қилинган. Биринчи Од қавми эса Иброҳим алайҳиссаломдан олдин ўтган.

Қолаверса, бу ривоятларда Муовия ибн Бакр ва унинг шеърларидан парчалар зикр қилинган. Бу шеърлар биринчи Од қавми яшаган замондан анча кейин айтилган шеърлар бўлиб, олдингиларнинг шеърига ўхшамайди.

Устига-устак бу ривоятларда зикр қилинишича, булутда олов учқунлари бўлган. Ҳолбуки, биринчи Од қавми Ибн Масъуд, Ибн Аббос ва бир қанча тобеинлар имомларининг айтишича, шиддат билан эсувчи совуқ шамол оқибатида ҳалок қилинганлар.

 Аллоҳ таоло айтади: “У (бўронни Аллоҳ) уларнинг устига пайдар-пай етти кеча ва саккиз кундуз ҳоким қилиб қўйдики, энди у жойдаги қавмни худди чириб – ичи бўшаб қолган хурмо дарахтининг танасидек қулаб, ҳалок бўлиб ётганларини кўрурсиз” [Ал-Ҳаққа: 7]. Аллоҳ таоло уларни бошсиз хурмо кундаларига ўхшатди. Сабаби, қаттиқ эсган шамол уларни осмонга кўтариб, сўнгра бошлари билан ерга урар, оқибатда бошлари мажағланиб, бошсиз жасаднинг ўзигина қолар эди. Аллоҳ таоло бошқа бир оятда шундай дейди: “Дарвоқе, Биз уларнинг устига давомли наҳс кунида (яъни шумлиги ҳеч кетмайдиган кунда) бир даҳшатли бўронни юбордикки, у одамларни гўёки суғуриб олинган хурмо (дарахти)нинг таналаридек юлибучириб кетур” [Қамар: 19-20]. Яъни, бу кун фақат ўша қавмгагина наҳс, яъни хайр-баракасиз, мусибат ва шумликка тўлган ҳамда азоби давомли бўлди.

Кимда ким давомли наҳс, яъни бехосият кун чоршанба куни бўлган деб, шу боис бу кунни бехосият кун деса, албатта хато тушунган ва Қуръонга хилоф иш қилган ҳисобланади. Чунки Аллоҳ таоло бошқа бир оятда шундай дейди: “Наҳслишум кунларда устларига бир даҳшатли бўрон юбордик” [Фуссилат: 16]. Маълумки, бу азоб уларга кетма-кет саккиз кун давом этган. Агар бу кунлар наҳс кунлар бўлганида эди, у ҳолда саккиз кун ичига кирган етти ҳафта кунларининг барчаси хосиятсиз кунлар бўлиб қолган бўлур эди. Ҳолбуки, уламолардан ҳеч ким бу гапни айтмаган. Демак, “наҳс кунлар” дегани ўша қавмнинг ўзига нисбатангина бехосият кунлардир.

Аллоҳ таоло шундай дейди: “Од (қабиласининг қиссаси)да ҳам (ибрат бордир). Эсланг, Биз уларнинг устига туғмас (яъни ҳеч қандай фойда етказмайдиган) бўронни юборган эдик” [Зориёт: 41]. У ҳеч яхшилик келтирмайдиган шамолдан иборат эди. Зеро, шунчаки қуруқ шамолнинг ўзигина булутларни ҳайдаб келмайди ва дарахтларни чанглатмайди. Балки бу шамол яхшилик келтирмайдиган бефойда шамолдир. Шу боис, Аллоҳ таоло дейди: “У (бўрон) ниманинг устидан ўтса, албатта уни (ҳалок этиб) худди чириб-битган суяклар каби қилиб қўяр эди” [Зориёт: 42]. Яъни, бу шамол теккан нарсасини буткул фойдаланиб бўлмайдиган чириб тамом бўлган нарса каби қилиб қўяр эди.

Дарҳақиқат, “икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Менга Сабо (яъни, кунчиқар томондан эсадиган шамол) билан нусрат берилди. Од қавми эса Дабур (яъни, кунботар томондан эсадиган шамол) билан ҳалок қилинди[1].

 Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад), Од (қабиласи)нинг биродарини (яъни Ҳуд пайғамбарни) эсланг! Ўшанда у ўзининг қумтепалардаги қавмини: Сизлар ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилинглар! Мен ҳақиқатан сизларга улуғ куннинг азоби етишидан қўрқурман, деб огоҳлантирган эди. Дарҳақиқат, Ҳуддан илгари ҳам, ундан кейин ҳам огоҳлантирувчи (пайғамбар)лар ўтгандир” [Аҳқоф: 21]. Афтидан, бу оятда зикр қилинган Од қавми биринчи Од қавмидир. Чунки қисса мазмуни Ҳуд алайҳиссалом қавми бўлмиш биринчи Од қавми қиссасига ўхшайди.

Шунингдек, бу қиссада зикр қилинган кишилар иккинчи Од қавми бўлиши эҳтимоли ҳам йироқ эмас. Зеро, биз юқорида зикр қилган сабаблар ҳамда келажакда зикр қилинажак Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадис ушбу эҳтимолга далолат қилади.

Аллоҳ таоло деди: “Улар ўша (азоб)ни ўз водийларига қараб келаётган бир қора булут ҳолида кўришгач: Бу бизларга ёмғир келтирувчи булутдир, дедилар. Йўқ, у ўзларингиз шоштирган нарса — бир бўронки, унда аламли азоб бордир” [Аҳқоф: 24].  Од қавми булут каби осмонда пайдо бўлган нарсани кўришгач уни ёмғир ёғдирувчи булут деб ўйладилар. Кейин билсалар, у азоб ёмғири экан. Од қавми бу булутни раҳмат булути деб ишонган эдилар, қарасалар, у интиқом булути экан. Улар бу булутдан кўп яхшиликни умид қилган эдилар. Аксинча, бу булут уларга ниҳоятда ёмон кулфат келтирди. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Йўқ, у ўзларингиз шоштирган нарса — бир бўронки, унда аламли азоб бордир”” [Аҳқоф: 24]. Уларга етган бу азоб эҳтимол шиддат билан эсувчи изғирин шамол бўлиши мумкин. Бу шамол уларга етти кеча-ю саккиз кундуз тўхтовсиз эсган, улардан ҳеч кимсани қолдирмаган эди. Ҳаттоки, даҳшатли бу шамол улар яширинган тоғдаги ғорларга қадар кириб бориб, уларни ўраб олар ва ғордан чиқариб ҳалок қилар, улар яшаб турган мустаҳкам иморатлар, ҳашаматли қасрлар билан қўшиб яксон қилар эди. Од қавми ўзларининг шиддати ва куч қуввати билан бир-бирларига таскин бериб, кеккайиб: “Биздан кўра куч қувватлироқ ким бор?!”, дейишганидек, Аллоҳ таоло улардан кўра қувватлироқ ва ҳеч бир яхши натижа бермайдиган маҳсулсиз шамолни улар устидан ҳукмрон қилди.

Шунингдек, бу шамол бора-бора булут пайдо қилган бўлиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. Шиддатли шамолдан тирик қолган айрим кишилар уни раҳмат келтирувчи булут ва қавмдан тирик қолган кишилар учун нажот деб ўйлаган бўлиши, аслида Аллоҳ таоло бу булутни қолганлар учун олов ва ўт учқунидан иборат азоб қилиб юборган бўлиши мумкин. Мазкур эҳтимолни бир қанча муфассирлар зикр қилишган. Шундай қилиб, худди Мадян аҳолисидан бўлмиш “Асҳоби зулла”, яъни “соя солиб турувчи булут асҳоблари”га юборилган азоб сингари Од қавмига ҳам совуқ шамол ва куйдирувчи ўт азоби юборилган бўлиши мумкин. Турли ва бир-бирига зид бўлган бундай нарсалар, бунга қўшимча Мўъминун сурасида зикр қилинган қичқириқ  билан  азоблаш энг шиддатли азоб турларидандир. Валлоҳу аълам.

Оятнинг зоҳиридан кўринадики, улар осмонда булут кўрганлар. Агар Ҳорис ибн Ҳассон Бакрийнинг ҳадиси билан бу қиссани тафсир қиладиган бўлсак, у ҳолда бу ҳадис ҳам уларнинг булут кўрганлигига далолат қилади.

Муслим “Саҳиҳ ҳадислар тўплами” асарида Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадис уларнинг осмонда булут кўрганлигига далолат қилиш борасида юқорида зикр қилинган Бакрийнинг ҳадисидан  аниқ ва очиқроқдир. Ойша розияллоҳу анҳо шундай дейди: “Агар қаттиқроқ шамол эсса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дер эдилар: “Эй Аллоҳ, мен Сендан бу шамолнинг яхшилигини, унда бор нарсаларнинг яхшисини ва у юборилган нарсанинг яхшисини сўрайман. Сендан унинг ёмонлигидан, унда бор нарсаларнинг ёмонлигидан ва у юборилган нарсанинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман”.

Ойша розияллоҳу анҳо шундай дейди: “Агар осмонда булут пайдо бўлиб, момақалдироқ гумбурлаб, чақмоқ чақса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ранглари ўчиб уйга кирибчиқаверар, у ёқдан бу ёққа бориб келар эдилар. Қачон ёмғир ёғса, кейин хотиржам бўлар эдилар”. У зотнинг хавотирга тушганларини билган Ойша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бу ҳақда сўраганларида шундай дедилар: “Эй Ойша, эҳтимол, бу Од қавми  айтганидек бўлмасин тағин:  “Улар ўша (азоб)ни ўз водийларига қараб келаётган бир қора булут ҳолида кўришгач: Бу бизларга ёмғир келтиргувчи булутдир, дедилар” [Аҳқоф: 24][2].

Бошқа бир ривоятда Ойша розияллоҳу анҳо шундай дейди: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламни ҳаргиз оғизларини катта очганча берилиб, хандон отиб кулганларини кўрмадим. У зот бор йўғи табассум қилар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам булут ёки шамолни кўрсалар дарҳол юзлари ўзгарар эди”. Ойша розияллоҳу анҳо у зотдан сўрадилар: “Эй Расулуллоҳ! Одамлар булутни кўрсалар ёмғир ёғишини умид қилиб қувонадилар. Сиз эса булутни кўрсангиз юзингизда хавотир ва норозилик кўринади”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Эй Ойша! Менга бу булутда азоб бўлмаслигига ким кафолат беради?! Дарҳақиқат, бир қавм шамол билан азобланди[3]. Бошқа бир қавм эса азобни кўрганида: “Бу бизга ёмғир ёғдирувчи булутдир”,дедилар[4].

Мазкур ҳадис олдин ишора қилиб ўтганимиздек, икки қиссанинг бир-биридан фарқли эканлигини қарийб очиқ ифода қилмоқда. Шунга биноан, Аҳқоф сурасида зикр қилинган қисса иккинчи Од қавми тўғрисида, Қуръондаги бошқа қиссалар мазмуни биринчи Од қавми тўғрисидаги хабарлардан иборатдир. Ҳақиқатни ёлғиз Аллоҳ таолонинг ўзи билгувчидир.

[1] Бухорий (1035) ва Муслим (900) ривоят қилган.

[2] Саҳиҳ ҳадис, Муслим (899/15), Термизий (3257), Ибн Можа (3891) ва Насоий “Кубро”да (6/ 10776, 10777) ривоят қилганлар.

[3] Айрим асл нусхаларда “Нуҳ қавми” дейилган. Ҳолбуки, бу ибора тиқиштирилган иборадир.  Валлоҳу аълам.

[4] Саҳиҳ ҳадис, Имом Аҳмад (6/ 66), Бухорий (4828, 4829) ва Муслим (899/ 14, 15) ривоят қилганлар.

Изоҳ қолдиринг