Жангнинг тугаши: омонлик битими имзоланиши

0

  1. Омонлик битими билан жангнинг тугаши:

Маълумки, омонлик хавф-хатарнинг зиддидир. Омонлик битими деганда кофирларга омонлик берилиши ва натижада уларга қарши жангнинг тўхтатилиши назарда тутилади. Омонлик битими икки қисмга бўлинади:

1) Умумий омонлик. Бу тур омонлик битими мусулмонлар халифаси томонидан чекланмаган миқдордаги жамоатга берилади. Масалан, халифа мусулмонларга қарши жанг қилаётган давлат билан омонлик битими тузиши мумкин. Шунингдек, вақтинча жангни тўхтатиш ҳақидаги битим ҳам омонлик битимидан саналади.

2) Хусусий омонлик. Бу тур омонлик муайян бир киши ёки сони чекланган муайян жамоат учун берилади. (Айрим уламолар жамоат сони ўнтадан ошмаслигини шарт қилишган). Хос омонлик эркак ёки аёл бўлишидан қатъий назар ҳар қандай мусулмон томонидан берилиши жоиздир. Умму Ҳонеъ розияллоҳу анҳодан собит бўлишича, у мушриклардан бирига омонлик беради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга қарата: “Эй Умму Ҳонеъ, сен ҳимоя қилган (омонлик берган) кишини биз ҳам ҳимоя қиламиз”, – дейдилар[1].

  • Омонлик битими жоизлигини кўрсатувчи далиллар:

Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад), агар мушриклардан биронтаси сиздан ҳимоя сўраса, бас, уни ҳимоя қилинг, токи у Аллоҳнинг каломини эшитсин. Сўнг уни ўзи учун тинч бўлган жойга етказиб қўйинг” [Тавба: 6].

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Мусулмонларнинг ҳимояси (кафолати) ягонадир. Бу ҳимояни уларнинг энг оддий аъзоси ҳам беришга ҳақлидир. Кимда ким мусулмоннинг ҳимоясини бузса, (яъни у омонлик берган кофирга тажовуз қилса) унга Аллоҳ, фаришталар ва бутун инсонларнинг лаънати бўлсин. Аллоҳ таоло қиёмат куни ундан на тавба (ёки нафл ибодатлар) ва на фидя (ёки фарз ибодатлар) қабул қилади[2]. Бошқа бир ривоятда шундай дейилади: “(Қасос ва хунҳақи каби ишларда) мусулмонларнинг қони (нинг қиймати – даражаси) тенгдир. Улар ўзларидан бошқа (ғайридин)ларга қарши бир жону бир тандирлар. Мусулмонлар ичидаги энг оддий инсон ҳам уларнинг номидан бировга омонлик беришга ҳақлидир[3].

Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Ҳонеъ розияллоҳу анҳонинг эрининг қариндошларидан икки кишига берган омонлигини[4], шунингдек, қизлари Зайнабнинг эри Абул Осга берган омонлигини қабул қилганлар[5].

  • Омонлик битимининг ҳукми:

Жумҳур уламоларнинг фикрича, омонлик битими мусулмонлар тарафидан риоя қилиш шарт бўлган битимдир. Душман томонидан мазкур битимга хилоф иш тутилса ёки бирон шубҳали ҳолат юзага келсагина уни бузиш жоиздир. Омонлик битими озод ёки қул, эркак ёки хотин бўлишидан қатъий назар эс-ҳушли, балоғатга етган ва эркин ихтиёрли мусулмон киши тарафидан содир бўлиши дурустдир.

Мазкур битим тақозосига кўра, омонлик берилган кофирни ўлдириш, аёл ва фарзандларини қул қилиб олиш, мол-мулкларини ўлжа қилиш, унга жизя солиғи солиш ҳамда хиёнат қилиш жоиз бўлмайди. Зеро, хиёнат қилиш ҳаромдир.

Шунга кўра, мусулмонлар омонлик битими муддатида омонлик берилган кофирга озор бермасликлари вожиб бўлади. Агар омонлик муддати ниҳоясига етса, у ҳолда ҳоким омонлик берилган шахсни ўз жони ва мол-мулкига хотиржам бўладиган жойга етказиб қўйиши ёхуд шундай жойга етиб олишига имкон бериши лозим.

  • Омонлик битими қачон ниҳоясига етади?

Омонлик битими қуйидаги ҳолатларда ниҳоясига етади:

(1) Агар омонлик битими учун муайян муддат белгиланган бўлса, мазкур муддат тугаши билан омонлик битими ниҳоясига етади.

(2) Кофирлардан бирон зарар келиш хавфи туғилгани боис халифа томонидан омонлик битими тугатилиши билан битим ниҳоясига етган ҳисобланади. Мазкур ҳолатда хиёнат саналмаслиги учун халифа омонлик битимини тугатгани ҳақида кофирларни огоҳлантириб қўйиши шарт. Аллоҳ таоло айтади: “Агар (ўрталарингизда битим бўлган) бирон қавм тарафидан хиёнат содир бўлишидан қўрқсангиз, уларга (қилган битимларини) баб-баробар қилиб ташланг (яъни, ўрталарингиздаги битим тугаганини ҳар икки тараф ҳам билсин). Албатта, Аллоҳ хиёнаткор кимсаларни севмас” [Анфол: 58].

(3) Шунингдек, омонлик битими душман талаби билан ҳам тугатилиши мумкин.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам омонлик битими тугаган кофирга тажовуз қилинмайди, балки уни хотиржам бўладиган ерига кетиши учун имконият яратиш лозим.

  • Эслатма:

Барча уламоларнинг наздида кофирга омонлик бериш жоиз бўлиши учун унинг ортидан мусулмонларга зарар келмаслиги шарт қилинади. Шунга кўра, мусулмонларга зарар келишига сабаб бўладиган жосуслар ва шу сингари кимсаларга омонлик бериш жоиз эмас. Шофеий ва ҳанбалий мазҳабига кўра, юқоридаги шартнинг ўзи кифоя, унга қўшимча омонлик битими ортидан мусулмонларга бирон фойда ҳосил бўлишини шарт қилмайдилар. Ҳанафий ва моликий мазҳаби уламолари эса омонлик битимининг дуруст бўлиши учун фақат мусулмонларга бирон зарар келмаслик шарти билан кифояланмай, балки унинг ортидан бирон фойда – манфаат ҳосил бўлишини ҳам шарт қиладилар.

[1] Бухорий (357, 3171, 6158), Муслим (336) ва Абу Довуд (2773) ривоят қилишган.

[2] Бухорий (1870, 7300), Муслим (1370), Термизий (1412) ва Абу Довуд (2034) ривоят қилишган.

[3] Абу Довуд (2751), Насоий (8/19) ва Ибн Можа (2683) ривоят қилишган. Шайх Албоний “Ирво”да (2208) саҳиҳ деган.

[4] Бухорий (357), Муслим (1370), Термизий (1579) ва Имом Молик “Муватто”да (1/251, 163-ҳадис) ривоят қилишган.

[5] Ҳоким (3/262), Табароний “Кабир”да (22/426) ва Байҳақий (7/185) ривоят қилишган.

Изоҳ қолдиринг