Итоатдаги ширк (2)

0

(Давоми)

Шайх Абул Ҳусайн Тамимий роҳимаҳуллоҳ айтади:

“Бешинчи масала: аҳвол шу даражада ўзгардики, ҳатто кўпчилик одамларнинг наздида роҳибларга сиғиниш энг афзал амалга айланиб, “авлиёлик” дея аталса, илм ва фиқҳ эса олимларга сиғинишдан иборат бўлиб қолди. Сўнг ҳолат яна ўзгариб, Аллоҳни ўрнига солиҳликдан насибаси бўлмаган кишиларга сиғинила бошланди, шунингдек, илм ва фиқҳдан мутлақо йироқ бўлган жоҳил кимсаларга ҳам сиғиниш авж олди…” (Иқтибос тугади).

Уламо ва роҳибларга сиғиниш турларидан бири залолат олимлари Аллоҳнинг динида пайдо қилган бидъат, хурофот ва залолатларда уларга итоат қилишдир. Сўфий тариқатларига оид турли-туман тантана ва мавлид байрамларини нишонлаш, дуода ўликларни ўртага қўйиб сўраш ва тилагини Аллоҳни қўйиб ўликлардан сўраш каби ишлар бунга мисол бўлади. Залолат олимлари одамларга Аллоҳ изн бермаган ишларни кўрсатиб берадилар, содда ва жоҳил омма халқ уларга тақлид қилиб, бу ишларни дин таълимотлари деб ўйлайдилар. Кимда ким бу ишларни инкор этиб, унинг ўрнига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашишга даъват қилса, уни “айниган”, диндан чиққан, деб айблашади ёки уламо ва солиҳ кишиларни ёмон кўради, деб тамға босадилар. Шундай қилиб, яхши иш ёмонга, ёмон иш эса яхшига, суннат бидъатга, бидъат эса суннатга айланиб қолди. Ана шундай тескари тушунчалар оғушида ёш авлод ўсиб-улғайди, катталар эса кексайди. Албатта бунга диннинг ғариблиги ҳамда ислоҳотчи ва даъватчи уламолар тақчиллиги сабабдир. Ёлғиз Аллоҳдан тавфиқ ва мадад сўраймиз, Ўзи аҳволимизни ўнгласин!

Маълумки, мужтаҳид фуқаҳо имомларнинг хато ижтиҳодларида уларга эргашиш жоиз эмас. Улар қасддан хато қилмаган ижтиҳодларида маъзур саналиб, қилган ижтиҳодлари эвазига ажр-савобга ноил бўладилар. Шунга қарамай, уларнинг хато экани маълум бўлган фикрларига эргашиш ҳаромдир. Энди ўзингиз бир ўйлаб кўринг, ижтиҳод жоиз бўлган фиқҳий-амалий ишларда мужтаҳид раббоний уламоларнинг хатосига эргашиш ҳаром бўлса, ижтиҳод қилиш жоиз бўлмаган ақидавий масалада хато қилган, одамларни йўлдан оздирувчи, олимликни даъво қилувчи дажжолларнинг хатосига эргашиш қандай ҳаром бўлмасин?! Ахир ақида масалалари “тавқифий”, яъни оят-ҳадислардан иборат муайян далил билан исбот топадиган масалаларку?! Бироқ аҳвол Аллоҳ таоло қуйидаги оятда баён қилганига ўхшайди: “Аниқки, Биз ушбу Қуръонда одамлар учун ҳар турли мисолларни баён қилдик. Қасамки, агар сиз (эй Муҳаммад), уларга (ўзлари талаб қилган) оят-мўъжизани келтирсангиз ҳам, албатта кофир бўлган кимсалар “Сизлар ғирт ёлғончидирсизлар”, дерлар. Аллоҳ (ҳақиқатни) билмайдиган кимсаларнинг дилларини ана шундай қоплаб-беркитиб қўюр. Бас, (эй Муҳаммад), сабр-тоқат қилинг! Шак-шубҳасиз, Аллоҳнинг (сизни ва умматингизни кофир қавм устидан ғолиб қилиш ҳақидаги) ваъдаси ҳақдир. (Охиратга) ишонмайдиган кимсалар сизни ҳаргиз бетоқат қилмасинлар” [Рум:58-60].

Юқорида зикр қилинганидек, асосий масалаларда ҳам, иккинчи даражали масалаларда ҳам кўр-кўрона тақлидга ружу қўйган кимсалар қаторида уларга зид бўлган бошқа бир тоифа инсонлар ҳам борки, уларнинг фикрича, ҳар бир инсон, гарчи у Қуръон ўқишни билмайдиган, шариат илмидан мутлақ бехабар жоҳил кимса бўлса ҳам мустақил ижтиҳод қилиши вожибдир! Уларнинг айтишича, фиқҳ китобларига мурожаат қилиш ҳаром, жоҳил ва авом кишилар тўғридан-тўғри китоб ва суннатдан ҳукмларни истинбот қилиши – чиқариб олиши керакмиш! Албатта, бу манфур мутаассиблик ва аҳмоқона гапдан ўзга нарса эмас. Бу тоифанинг мусулмонларга келтирадиган зарари биринчи тоифанинг зараридан ошса-ошадики, кам эмас. Албатта, ишларнинг энг яхшиси ўртача ва мўътадил бўлганидир. Шунга биноан, биз мусулмонлар фуқаҳоларимизга кўр-кўрона тақлид қилмаслигимиз, айни дамда уларнинг илмий мероси, китоб ва суннатга мувофиқ сўзларидан юз ўгирмаслигимиз, аксинча, Қуръон ва ҳадисларни тушунишда бу фикрлардан фойдаланишимиз лозим. Негаки, фуқаҳоларнинг фикрлари илмий бойлик ва фиқҳий хазинадан иборат бўлиб, улардан далилга мос келганини олиб, хилоф келганини тарк қилиш мақсадга мувофиқдир. Зеро, бу борада салафи солиҳларимиз мана шундай йўл тутганлар. Айниқса, ҳимматлар сусайган ва жаҳолат кенг тарқалган ҳозирги даврда ҳаддан ошмаган ва сусткашлик қилмаган ёки чуқур кетмаган ва бепарволик қилмаган ҳолда мўътадил йўлни тутиш вожибдир. Аллоҳ таолодан адашган мусулмонларни тўғри йўлга бошлашини, уламоларимиз ва бошлиқларимизни ҳақда собитқадам қилишини сўраб қоламиз. Албатта, Аллоҳ дуоларимизни эшитувчи ва ижобат қилувчи зотдир.

Ҳаромни ҳалол қилиш ва ҳалолни ҳаром қилишда уламоларга итоат қилиш жоиз бўлмаганидек, одамлар ўртасида ислом шариатидан бошқаси билан ҳукм қилишда ҳоким ва раисларга ҳам итоат қилиш жоиз эмас. Негаки, ҳар қандай низо ва тортишувларда, шунингдек, ҳаётнинг барча жабҳаларида Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига ҳукм сўраб мурожаат қилиш фарздир. Қолаверса, мусулмоннинг бандалиги ва ундаги тавҳид ҳам шуни тақозо қилади. Зеро, қонун чиқариш ёлғиз Аллоҳнинг ҳаққидир. Аллоҳ таоло айтади: “Огоҳ бўлингизким,  яратиш ва буюриш фақат Уникидир” [Аъроф: 54]. Яъни, Аллоҳ “Ҳакам” бўлган зот бўлиб, ҳукм қилиш ёлғиз Унинг ўзига хосдир.

Аллоҳ таоло айтади: “Ҳар қандай нарсада ихтилофлашиб қолсангизлар, албатта унинг ҳукми Аллоҳга ҳаволадир” [Шўро: 10]. Яна бошқа бир оятда шундай дейди: “Борди-ю, бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, — агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва Пайғамбарига қайтарингиз! Ана шундай қилиш яхшироқ ва оқибати чиройлироқ ечимдир” [Нисо: 59]. Аллоҳнинг шариатига фақат адолатни рўёбга чиқариш мақсадида мурожаат қилинмаслиги керак. Балки ҳукм чиқариши учун шариатга мурожаат қилиш аввало Аллоҳга ибодат қилиш, Аллоҳнинг ҳаққига риоя қилиш ва эътиқод масаласи ҳамдир. Кимда ким Аллоҳнинг шариатидан бошқа тизимлар, башарият ишлаб чиққан қонунларга мурожаат қилса, у ҳолда ўша қонунларни ишлаб чиққан ва у билан ҳукм чиқарган кишиларни қонун чиқариш бобида Аллоҳга шерик қилган саналади. Аллоҳ таоло айтади: “Балки улар (Макка мушриклари) учун (куфр ва ширк каби) Аллоҳ изн бермаган нарсаларни — «дин»ни уларга шариат қилиб берган шериклари — бутлари бордир?!” [Шўро: 21].  Аллоҳ таоло айтади: “Агар уларга бўйсунсангизлар, ҳеч шак-шубҳасиз мушриклардан бўлиб қолурсизлар” [Анъом: 121].

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло шариатидан бошқасига ҳукм сўраб мурожаат қилган кишидан иймон сифатини рад қилди. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад), ўзларини сизга нозил килинган нарсага (Қуръонга) ва сиздан илгари нозил қилинган нарсаларга иймон келтирган, деб ҳисоблайдиган (айрим) кимсаларнинг тоғут[1]га ҳукм сўраб боришни истаётганларини кўрмадингизми? Ҳолбуки, улар тоғутга ишонмасликка буюрилган эдилар” [Нисо: 60]. Сўнгра Аллоҳ таоло бир-неча оятлардан кейин шундай дейди: “Йўқ,  Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича – бўйсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар” [Нисо: 65]. Демак, кимда ким башарият ишлаб чиққан қонунлар билан ҳукм чиқаришга чақирса, у ҳолда итоат ва қонунчиликда Аллоҳга шерик қилган бўлади. Шунингдек, ким Аллоҳ нозил қилган шариатдан бошқаси билан ҳукм қилса: уни Аллоҳ нозил қилган шариатдан яхшироқ ёки унга тенг ёки ҳар иккиси билан ҳам ҳукм қилса бўлаверади, деб эътиқод қилса, гарчи ўзини мўмин санасада кофир бўлади. Чунки Аллоҳ таоло юқоридаги оятда шариатидан бошқасига ҳукм сўраб боришни истаган кишиларнинг қилмишини рад этди ва уларнинг мўминмиз, деган даъвосини ёлғонга чиқарди. Қолаверса, башарият ишлаб чиққан қонунларга ҳукм сўраб мурожаат қилиш тоғутга ҳукм сўраб мурожаат қилиш демакдир. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло тоғутга кофир бўлишга буюрди ва унга кофир бўлишни тавҳид рукнларидан бири қилди. Аллоҳ таоло айтади: “Бас, ким тоғутдан юз ўгириб, Аллоҳга иймон келтирса, у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқани ушлабди” [Бақара: 256]. Яъни, бундай киши чинакам ва ҳар томонлама тўғри йўл – динда собитқадам бўлибди. Шундай қилиб, башарият ишлаб чиққан қонунларга ҳукм сўраб мурожаат қилган кимса муваҳҳид – тавҳидни рўёбга чиқарган бўлмайди. Негаки, у қонунчилик ва итоатда Аллоҳга ширк келтирган ҳамда кофир бўлишга буюрилган тоғутдан юз ўгирмаган ва шайтонга бўйсунган ҳисобланади. Аллоҳ таоло айтади: “Шайтон уларни бутунлай йўлдан оздиришни истайди” [Нисо: 60]. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бизларга маълум қилишича, мунофиқлар Аллоҳнинг шариатига ҳукм чиқариш учун мурожаат қилишга буюрилсалар, бош тортиб, юз ўгирадилар: “Қачон уларга “Аллоҳ нозил қилган Китобга ва Пайғамбар ўгитларига келинглар”, дейилса, у мунофиқларнинг сиздан қаттиқ юз ўгирганларини кўрасиз” [Нисо: 61]. Яна Аллоҳ таоло хабар беришича, мунофиқлар фитратларининг тескарилиги ва дилларининг бузуқлиги сабаб фисқу фасодни ислоҳот деб ўйлайдилар: “Уларга: “Ер юзида бузғунчилик қилманглар”, дейилса, “Биз ислоҳ қилувчилармиз”, дейдилар. Огоҳ бўлингизким, улар албатта бузғунчилардир, лекин ўзлари буни сезмайдилар” [Бақара: 11-12].

Демак, Аллоҳдан ўзгага ҳукм сўраб мурожаат қилиш мунофиқларнинг амали бўлиб, у ер юзида фисқу фасод қилиш саналади.

Аллома Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ юқоридаги оят тафсирида шундай дейди: “Аксар муфассирларнинг айтишича, оят тафсири мана бундай: “Аллоҳ таоло пайғамбарларни юбориш, шариатни баён қилиш ва Аллоҳга итоат қилишга даъват қилиш билан ер юзини ислоҳ қилгач, энди сизлар гуноҳ ишлар қилиш ва Аллоҳдан ўзгага итоат қилишга чақириш билан унда фасод қилмангиз. Зеро, Аллоҳдан ўзгага ибодат қилиш, Аллоҳдан бошқасига даъват қилиш ва Аллоҳга ширк келтириш – булар ер юзида содир этилган энг катта фасоддир. Балки том маънода ернинг бузилиши Аллоҳга ширк келтириш ва Унинг амрига хилоф чиқиш билан содир бўлади. Ширк, Аллоҳдан бошқасининг йўлига даъват қилиш, Аллоҳдан ўзга маъбуд – ибодат қилинувчини тиклаш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўзга итоат қилинувчи ва эргашилинувчини пайдо қилиш ер юзидаги энг катта бузғунчиликдир. Ер юзида ёлғиз Аллоҳ таоло итоат қилинувчи, ибодат қилинувчи зот бўлмас экан, фақат Унинг динига даъват қилинмас экан ва фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашилмас экан на Ер курраси ва на унинг аҳолиси учун ислоҳ ва ўнгланиш юз бериши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа инсон у зотга итоат қилишга буюрсагина унга итоат қилиш фарз бўлади. Борди-ю, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга осий бўлишга ва шариатга хилоф бўлган ишга буюрса, у ҳолда бундай кимсага асло итоат қилинмайди. Кимда ким олам аҳволини мушоҳада қилиб қараса, ундаги ҳар қандай яхшилик ва ўнгланиш сабаби Аллоҳнинг тавҳиди, Унга ибодат қилиш ва Расулига итоат қилиш эканини, шунингдек, оламдаги фитна, бало-кулфат, қаҳатчилик, душманлар истилоси ва бошқа ҳар қандай ёмонликнинг сабаби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига хилоф иш тутиш, Аллоҳ ва Расулидан ўзгалар йўлига даъват қилиш эканини кўради”.

 Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ўзининг ҳукмига хилоф бўлган барча ҳукмларни жоҳилият ҳукми дея атади: “Жоҳилият ҳукмини истайдиларми?! Иймон – ишончлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилгувчи ким бор?!” [Моида: 50]. Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ мазкур оят тафсирида шундай дейди: “Аллоҳ таоло ўз ҳукмидан юз ўгирган кишиларга дашном берди. Бу ҳукм ҳар қандай яхшиликни ўз ичига олувчи ва ҳар қандай ёмонликдан қайтарувчидир. Шунингдек, бу ҳукм ундан ўзга турли-туман фикр ва ҳою-ҳаваслар ҳамда  Аллоҳнинг шариатидан олинган бирон далилсиз  тузиб олинган истилоҳларга мойил бўлишдан ҳам қайтарувчидир. Жоҳилият аҳли ана шундай жаҳолат ва залолатларга таяниб ҳукм чиқаришар эди. Худди шундай мўғул-татарлар ҳам ҳукмдорлари Ченгизхон ишлаб чиққан сиёсат билан ҳукм юритар эдилар. У ўз халқига атаб “Ёсиқ” китобини ёзиб қолдирди. Бу китоб яҳудий, насроний ва ислом дини каби турли шариатлардан иқтибос олинган ҳукмлар тўпламидан иборат эди. Мазкур ҳукмлар орасида кўплаб Чингизхоннинг шунчаки шахсий кўз қараши ва хоҳишидан келиб чиқиб ёзилган ҳукмлар мавжуд бўлиб, улар мўғуллар учун Қуръон ва суннатдан устун қўйиладиган шариатга айланиб қолди. Кимда ким Аллоҳдан ўзганинг сўзини шариатдан устун қўйса кофир бўлади. Бундай кимса то Аллоҳ ва Расулининг ҳукмига қайтиб, ҳеч бир нарсада Аллоҳ ва Расулининг ҳукмидан бошқаси билан ҳукм қилмайдиган бўлмагунча унга қарши жанг қилиш вожиб бўлади” (Иқтибос тугади).

Юқорида Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ мўғул-татарлар риоя қилган қонун ҳақида гапириб, уни ислом шариатига муқобил қўйган кишини кофир деб ҳукм қилди. Бугунги кунда аксар давлатларда амал қилиб келинаётган ва ҳукмлар манбаи саналган инсон тафаккурининг маҳсули бўлмиш қонунлар ҳам “Ёсиқ” шариатининг айни ўзи, балки ундан ҳам баттарроқдир. Мазкур қонунлар аксар мусулмон давлатларда тўлиқ равишда ислом шариатининг ўрнини эгаллаб бўлган. Бундан айрим ислом мамлакатларидаги “фуқаролик кодексини”гина истисно қилиш мумкин.

(Давоми бор)

[1] Тоғут – шайтон ёки Аллоҳдан ўзга сиғиниладиган барча нарсалар.

Изоҳ қолдиринг