Қайтар дунё: Абу Жаҳл – ислом умматининг фиръавни

0

Бадр жангидан олдин Абу Суфён Қурайшликларнинг карвонини олиб, Бадрни четлаб ўтган вақтда ўз карвонларини қутқариш мақсадида келган Қурайшликлар Жуҳфага етиб келишган эди. Абу Суфён карвонни сақлаб қолганига ишонч ҳосил қилганидан кейин Қурайшликларга одам юбориб шундай деди: “Сизлар карвонни ҳимоя қилиш мақсадида чиққан эдингиз. Мана, Аллоҳ карвонни сақлаб қолди. Энди ортга қайтинглар”. Бу хабарни эшитган Абу Жаҳл одамларни шижоатлантириш мақсадида шундай деди: “Биз Бадрга бориб, у ерда уч кун қурбонликлару ароқлар билан зиёфат қилиб, отарчиларнинг қўшиқларини эшитмасдан қайтмаймиз. Токи араблар биз шунча қўшин билан келганимизни эшитсин. Шунда бир умр биздан қўрқиб яшашади. Шундай экан, ортга чекинманглар!”.

Уларга берилган жазо ҳам қилмишларига яраша бўлди. Уларнинг мағлубияти бутун араблар орасида шов-шув бўлди. Уларни бу жангга ундаган Абу Жаҳлнинг ўлими эса нафақат бутун арабларга, балки бутун оламга ибрат бўлди. Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ Абдуллоҳ ибн Саълабадан ривоят қилишича, Абу Жаҳл уруш олдидан шундай деб дуо қилган: “Аллоҳим, бу (Пайғамбаримизни назарда тутмоқда)  бизни қариндошларимиз билан ўртамизга низо солди, биз билмаган динга даъват қилди. Уни бугун Ўзинг ҳалок қил! Аллоҳим, бу икки қўшиндан азизи, Сенинг ҳузурингда ҳурматга сазовори ва сони кўпига ёрдам бер!”. Ҳақиқатдан ҳам Аллоҳ таоло унинг дуосини ижобат қилди: бу икки қўшиндан азизи, Ўзининг ҳузурида ҳурматга сазовори ва сони кўпига ёрдам берди. Тўғри, Бадрда мусулмонларнинг сони кам эди. Лекин осмондан фаришталар тушиб, улар билан бирга жанг қилди.

Бу ҳақда имом Табароний Рифоа ибн Рофеъдан ривоят қилиб шундай дейди: “Иблис Бадрда фаришталар мушрикларга қарши жанг қилишаётганини кўриб, қўрқиб кетди ва орқасига қараб қоча бошлади. Иблисни ортга чекинаётганини кўрган Ҳорис ибн Ҳишом уни Суроқа ибн Молик деб ўйлади ва ортга қайтариш мақсадида унинг қўлидан маҳкам тутди. Шунда иблис Ҳориснинг кўксига бир мушт тушурди ва қочиб кетди. Шу кетишда бориб ўзини денгизга отди ва қўлини кўтариб: “Аллоҳим, менга берган муҳлатингни сўрайман” – деди. Чунки иблис бу қилмиши учун фаришталар уни ҳам ўлдиришларидан хавотирга тушган эди. Суроқа шаклида бўлиб қочган иблисни кўрган Абу Жаҳл одамларга далда бериш мақсадида шундай деди: “Эй одамлар, Суроқа бизни ёрдамсиз ташлаб қочганидан хавотирга тушманглар. У аслида Муҳаммад билан келишиб олган. Шайба, Утба ҳамда Валидларнинг ўлими ҳам сизларни хавотирга солмасин. Улар ўлган бўлишса ҳам, Лот ва Уззога қасамки, биз улар (яъни мусулмонлар) тоққа қочиб кетмагунларича ортга чекинмаймиз. Сизлар уларни ўлдирманглар. Уларга азоб беринглар, токи сизларни ташлаб кетиш ҳамда Лот ва Уззодан юз ўгиришнинг оқибати қандай бўлишини билиб қўйишсин!”.

Бу мутакаббирнинг ўлими қандай якун топганига бир назар солинг. Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу айтади: “Бадр куни урушда сафда турсам, ёнимга икки йигит келиб, бири ўнг тарафимда, иккинчиси эса чап тарафимда турди. Уларнинг ёши кичик эканини кўриб “яхши жойда турмадим”, деб ўйладим. Шунда уларнинг бири мендан сўради:

– Амаки, менга Абу Жаҳлни кўрсатинг.

– Нима қиласан уни?

– Мен уни кўрсам ё ўлдираман ёки ўзим ўламан, деб Аллоҳга ваъда берганман.

Иккинчиси ҳам худди шу саволни берди. Ундан ҳам сабабини сўрасам, худди биринчисидек жавоб берди. Мен шундай йигитлар билан сафда турганимдан бошим осмонга етди ва уларга Абу Жаҳлни кўрсатдим. Улар Абу Жаҳлга лочин каби ташланиб, уни йиқитдилар. кейин билсам, улар иккиси Афронинг фарзандлари экан” (Бухорий ривояти).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Мен Бадр куни Абу Жаҳлнинг олдига бордим. У чалажон ҳолатда ётар, бошида эса темир дубулға бор эди. Унинг қиличи ўткир, меники эса ўтмас эди. Маккада менинг бошимга урганини эслаб, унинг бошига қўлим толиққунича ўтмас қиличим билан урдим. Сўнг унинг қиличини олдим. У бошини кўтариб: “Ким ғалаба қозонди? Сен Маккада бизнинг қўйбоқаримиз эмасмидинг?” – деди. Шундан сўнг мен уни ўлдирдим”. Бадр жанги ниҳоясига етгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка мушрикларини дуойибад қилдилар. Абу Жаҳлнинг одамларга берган азобининг жазоси шу дунёнинг ўзидаёқ қайтди. Қайтар дунё, деб шуни айтсалар керак.

Бу воқеа ҳаддидан ошган золимларнинг аламли ўлими, ачинарли хотимасини ёритиб беради. Ислом тарихи мобайнида динга қарши курашган ҳар бир золимнинг ниҳояси худди шундай якун топган. Абу Жаҳл Амр ибн Ҳишом шу золимларнинг бири бўлган бўлса-да, тарихда унга ўхшашлари бисёр. Уларнинг исмлари бошқача бўлса-да, тутган йўллари, айтаётган сўзлари ва энг муҳими уларнинг оқибати бир хил бўлган. Масалан, Мусо алайҳиссаломга қарши курашган Фиръавн сувга чўкиб ўлди, Ҳуд ва Лут алайҳиссаломларнинг қавмига Аллоҳ тарафидан бало юборилди. Бундан кейинги ислом динини йўқотишга уринаётган ҳар бир мутакаббир золимнинг оқибати ҳам мана шундай ачинарли бўлиши муҳаққақ. Аллоҳ таоло бизни динга қарши курашувчилардан бўлиб қолишдан Ўзи сақласин, дин ривожи учун ўз ҳиссасини қўшганлар қаторидан айласин!

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг