Сафарга отланиш ва мийқотлар

0

Ҳаж ва умра қилиш тартиби

1. Сафардан олдин қилинадиган ишлар

Ҳаж ёки умра сафарига чиқишни ният қилган ва сафар имкониятлари муҳайё бўлган киши кўпроқ Аллоҳдан истиғфор сўраб, чинакам тавба қилишга ошиқиши, бошқалар учун зиммасида собит бўлган мажбуриятларни ўташи лозимдир. Шунингдек, одамлар билан қилган ҳар қандай олди-бердиларини бир ёқлик қилиши, гувоҳлар ҳозирлигида васият ёзиб қолдириши, бўйнидаги қарзларни эгаларига қайтариши ёхуд бу қарзларни қайтарадиган кишиларни вакил қилиб қолдириши ҳамда оиласи ва қарамоғидаги кишилар учун сафардан қайтгунга қадар етадиган маблағ қолдириши лозим. Қолаверса, ота-онаси ва улардан бошқа оталиғидаги инсонлар ҳолидан хабар олиб турадиган кишиларни тайинлаши, сафар учун жамғарган маблағи ҳалол бўлиши ҳамда сафарда ҳамроҳлик қиладиган шерикларига эҳсон қилиши учун ўзи билан кўпроқ маблағ олиши мақсадга мувофиқдир.

Шунингдек, бу муборак сафарга отланишни ният қилган инсон ҳаж ва умра амалларини мукаммал ва суннатга мувофиқ равишда адо этиши учун ҳаж ва умрага оид аҳкомларни таълим олиши ҳамда унга сафар мобайнида тоат-ибодат қилишида кўмакчи бўладиган солиҳ ҳамроҳлар танлаши ҳам зарурдир.

2. Сафарга отланиш

Пайшанба куни сафарга отланиш мустаҳабдир (имкони бўлса, албатта). Шунингдек, сафар олдидан икки ракаат намоз ўқиш, сўнгра бола-чақа, қўни-қўшнилар ва ёру-биродарлар билан видолашиш мустаҳаб саналади. Қолаверса, уйдан чиқишда, уловга минишда ва йўлда бирон жойга тўхтаган пайтда суннатда келган зикр ва дуоларни айтиш ҳам сафар одобларидандир.

Сафарга отланган кишилар сафар мобайнида уларга амирлик қилиши учун ичларидан бирларини амир қилиб сайлашлари лозим. Сафар асносида кечаси юриш, ўзаро жанжал ва адоватлардан четланиш, йўлларда тирбандлик пайдо қилмаслик, сув ичиладиган ҳовуз ёки қудуқлар атрофини эгаллаб олмаслик, тилни ғийбат, чақимчилик ва беҳуда сўзлардан тийиш ҳамда тиланчи ва ночор кишиларга эҳсон улашиш мустаҳабдир.

  1. Мийқотга етиб боргач, ҳаж ва умра учун эҳром боғлаш

Биз бу ўринда уч нарса билан танишиб чиқишимиз зарур:

  1. Мийқот нима?

  2. Эҳром боғлаш нима дегани?

  3. Ҳаж ва умра турлари нималардан иборат?

Дастлаб, мазкур уч нарсани баён қилиб, сўнг ҳаж ва умра қилиш тартибига қайтамиз.

А- Мийқотлар боби

Арабча мийқот сўзи “вақт” сўзидан олинган бўлиб, “белгиланган вақт ёки белгиланган жой” маъносини англатади. Шундан келиб чиқиб, мийқот икки қисмга бўлинади:

  1. Замонга оид мийқот (белгиланган вақт);

  2. Маконга оид мийқот (белгиланган жой).

Биринчидан: замонга оид мийқотлар:

Замонга оид мийқотлар деганда ҳаж амаллари бажарилиши лозим бўлган муайян вақтлар назарда тутилади. Бу вақтлар Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзида зикр қилинган: “Ҳаж вақти маълум ойлардир” [Бақара: 197].  Имом Абу Ҳанифа, имом Шофеий ва имом Аҳмаднинг фикрича, бу ойлар шаввол, зулқаъда ва зулҳижжа ойининг ўн кунидан иборат. Имом Молик ва Ибн Ҳазмнинг фикрича, бу ойлар шаввол, зулқаъда ва тўлиқ зулҳижжа ойидан иборатдир. Мазкур фикр тўғрироқ бўлиб, уни шайх Ибн Усаймийн роҳимаҳуллоҳ “Аш-шарҳул мумтеъ” китобида рожиҳ деган.

Бунга далил шуки, Аллоҳ таоло оятда “Ҳаж вақти – икки ойу ўн кун” демасдан, балки “Ҳаж вақти маълум ойлардир”, дейди. Маълумки, кўплик соннинг энг ози учтадан иборат. Бинобарин, “ойлар” деганда тўлиқ уч ой назарда тутилган, валлоҳу аълам.

Қолаверса, айрим ҳаж амаллари зулҳижжа ойининг ўн биринчи, ўн иккинчи ва ўн учинчи кунларида бажарилади. Ваҳоланки, биринчи фикрга кўра, баъзи ҳаж амаллари ҳаж вақтидан ташқарида бажарилишига тўғри келади.

Умра вақтига келсак, йилнинг ҳар қандай вақтида бу ибодатни бажариш жоиздир.

Мавзуга доир айрим мулоҳазалар:

(1) Инсон ҳаж амалларидан биронтасини безарурат мазкур уч ойдан кечга қолдириши жоиз эмас. Бироқ зарурат туғилганда, айтайлик, аёл киши “тавофи ифоза”ни бажармай туриб нифос қони кўрса ва зулҳижжа ойи тугаб кетгунча нифосдан покланмаса, у ҳолда аёл узрли саналиб, бу амални нифосдан поклангандан кейин бажариши жоиздир.

(2) Ҳаж ойлари киришидан олдин эҳром боғлаш жоиз эмас. Агар бу ойлардан олдин эҳром боғласа, ҳажи инобатга олинмайди. Бу шофеий мазҳабининг фикри бўлиб, улар бунга юқоридаги оятни далил қилишади. Шунга кўра, ҳаж ойлари киришидан олдин эҳром боғлаган киши уни умрага айлантириши вожиб бўлади.

Иккинчидан: маконга оид мийқотлар:

Маконга оид мийқотлар деганда ҳаж ёки умра қилишни истаган киши эҳром боғлаши лозим бўлган ва эҳромсиз ундан нарига ўтиши жоиз бўлмаган жойлар назарда тутилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина аҳлига Зулҳулайфани, Шом аҳлига Жуҳфани, Нажд аҳлига Қарнул Манозилни ва Яман аҳлига Яламламни мийқот қилиб бердилар. Бу мийқотлар мазкур шаҳарлар аҳолиси учун, шунингдек, бу шаҳарлар аҳолисидан бўлмасада, ҳаж ва умра қилишни истаб шу томонлардан келган кишилар учун мийқотдир. Аммо кимда ким мийқотнинг ичкарисида бўлса, у ҳолда уйидан эҳром боғлаб, баланд овозда талбия айта бошлайди. Шунингдек, Макка аҳли Макканинг ўзидан эҳром боғлаб, баланд овозда талбия айта бошлайдилар[1].

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ироқ аҳолиси учун Зоти Ирқни мийқот қилиб белгиладилар[2].

Юқорида зикр қилинган жойлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам белгилаб берган маконга оид мийқотлардир. Мазкур жойлар, гарчи ҳозирда номлари ўзгариб кетган бўлсада, маълум жойлардир. Қуйидаги жадвалда мазкур жойларнинг асл ва ҳозирдаги номлари баён қилинган:

Ҳаж ёки умрага келувчилар

Мийқот

Мийқотнинг ҳозирги номи

Мийқот ва Макка ўртасидаги масофа (км ҳисобида)

1

Мадина аҳли

Зулҳулайфа

Абёри Али

Макка шимолидан 450 км

2

Шом аҳли

Жуҳфа[3]

Робиғ

Шимоли-ғарбий томондан 200 км

3

Нажд аҳли

Қарнул Манозил

Сайл

Макка шарқидан 94 км

4

Яман аҳли

Яламлам

Саъдийя

Макка жанубидан 54 км

5

Ироқ аҳли

Зоти Ирқ

Зарийба

Шимоли-шарқдан 94 км

6

Ушбу мийқотлар билан Макка оралиғида яшовчилар ўз уйларидан эҳром боғлайдилар

7

Шунингдек, Макка аҳли ҳам ҳаж қилмоқчи бўлсалар, ўзлари яшайдиган уйларидан эҳром боғлайдилар. Бироқ Макка аҳли умра қилмоқчи бўлсалар, баъзи уламоларнинг фикрича, ҳаждаги каби уйларидан эҳром боғлайдилар. Негаки, юқорида зикр қилинган Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда  “Шунингдек, Макка аҳли Макканинг ўзидан эҳром боғлаб, баланд овозда талбия айта бошлайдилар”, дейилди. Ушбу ҳадисда ҳаж билан умранинг ўртаси ажратилмаган. Бироқ жумҳур уламоларнинг фикрига кўра, Макка аҳли умра қилмоқчи бўлсалар, Макка ҳарамидан ташқарига чиқиб эҳром боғлашлари лозим. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ойша розияллоҳу анҳони умра учун Танъимга чиқиб эҳром боғлашга буюрганлар.

Мавзуга доир айрим мулоҳазалар:

(1) Агар бирон киши ўз шаҳрининг мийқотидан бошқа мийқотдан ўтиб қолса, у ҳолда ўша жойдан эҳром боғлаб, талбия айтишни бошлайди, ўзига тегишли мийқотга қайтиб бориши шарт эмас. Бунга юқорида зикр қилинган ҳадис далилдир: “Бу мийқотлар мазкур шаҳарлар аҳолиси учун, шунингдек, бу шаҳарлар аҳолисидан бўлмасада, ҳаж ва умра қилишни истаб шу томонлардан келган кишилар учун мийқотдир”.

(2) Мазкур шаҳарлар аҳолиси деганда ўша жойда истиқомат қиладиган кишилар назарда тутилади. Шунга кўра, бу шаҳарларда истиқомат қилган киши шу жойнинг туб аҳолисидан бўлиши шарт эмас. Масалан, бир инсон ишлаш ёки бошқа бирон мақсадда Маккада истиқомат қилса, у ҳолда ўша жойда истиқомат қилиб турган уйидан эҳром боғлайди, мийқотга чиқиши шарт эмас.

(3) Мийқотдан олдин эҳром кийиш макруҳ ёки ҳаромдир. Шунга қарамай эҳроми инобатга олинади[4]. Бироқ ҳаж ойлари киришидан олдин (яъни замонга оид мийқотдан олдин) эҳром кийиш ҳаромдир. Борди-ю, эҳром кийган бўлса ҳам эҳроми инобатга олинмайди.

(4) Офоқий, яъни мийқотлар ташқарисидаги шаҳарлардан ҳаж ёки умра қилиш учун келаётган инсон мазкур мийқотларнинг биридан ўтмай, улардан қай бирининг яқинидан ўтса, ўша жойдан эҳромни ният қилади.

(5) Мийқотдан ўтган ҳар қандай киши эҳром боғлаши вожибми?

Жавоб: агар ҳаж ёки умра қилишни ният қилган бўлса, мийқотдан ўтишида эҳром боғлаши вожибдир.

Бироқ  ҳаж ёки умра қилишни ният қилган бўлмаса, балки ишлаш ёки ўқиш каби мақсадларда сафарга чиққан бўлса, рожиҳ фикрга кўра эҳром боғлаши вожиб эмас. Чунки ҳадисда “ҳаж ва умра қилишни истаб”, дейилган.

Аммо бу инсон ҳануз фарзни адо қилмаган бўлса, эҳром боғлаши вожибми?

Ибн Усаймийн роҳимаҳуллоҳ бундай инсон фарзни адо қилиши учун эҳром боғлаши вожиб, деган фикрни рожиҳ дейди. Чунки ҳаж ёки умра фарзини имкон туғилиши билан тезда бажариш вожибдир. Ҳолбуки, у мийқотга етиб келибдими, демак, эҳром боғлаши вожиб[5].

(6) Ҳаж ёки умра қилишни ният қилмаган инсон мийқотдан ўтиб, сўнг унда ҳаж ёки умра қилиш истаги туғилса, турган жойидан эҳром боғлайди, эҳром боғлаш учун мийқотга қайтиб бориши шарт эмас.

(7) Агар ҳаж ёки умра қилиш учун сафарга чиқиб, мийқотдан ўтса-ю, дастлаб Мадинага бориш учун эҳром боғлашни кечиктириши жоизми?

Жавоб: менимча, рожиҳ фикр шуки, модомики ҳаж ёки умра қилишни ният қилган бўлса, эҳром боғлаши лозим. Аммо дастлаб Масжиди Набавийни зиёрат қилишни ният қилган бўлса, у ҳолда эҳром боғламасдан мийқотдан ўтиб, сўнг Мадина аҳлининг мийқотидан эҳром боғлайди[6].

(8) Агар бир инсоннинг Жидда шаҳрида қариндошлари бўлиб, уларникига меҳмонга бормоқчи бўлса, меҳмондорчилик ва ҳордиқ чиқариш учун эҳром боғлашни кечиктириши жоиз эмас. Балки мийқотдан ўтар экан эҳром боғлаши, меҳмондорчиликка ҳам эҳромда бориши, то ҳаж ёки умра амалларини бажармагунча эҳромдан чиқмаслиги вожибдир.

[1] Бухорий (1523) ва Муслим (1181) ривоят қилишган.

[2] Саҳиҳ. Абу Довуд (1739) ва Насоий (5/123) ривоят қилишган. Ҳадисни Албоний саҳиҳ деган.

[3] Жуҳфа – қадимий шаҳар бўлиб, шаҳарни қачонлардир сел ювиб кетган, натижада ҳожилар учун ноқулай жойга айланган. Шундан сўнг одамлар Робиғни мийқот қилиб олганлар. Робиғ Жуҳфадан 13 км узоқликда жойлашган бўлиб, ҳозирги кунда Шом аҳлининг мийқоти ҳисобланади.

[4] Мазкур фикр жумҳур уламоларнинг фикридир. Ибн Ҳазмнинг фикрича, маконга оид мийқотдан олдин кийилган эҳром инобатга олинмай, балки мийқотдан ўтган пайтда қайтадан эҳромни ният қилиши лозим.

[5] Қаранг: “Аш-шарҳул мумтеъ” (7/58).

[6] Бу борада Доимий Фатво Қўмитасининг 12441-сонли фатвосига мурожаат қилишингиз мумкин.

Изоҳ қолдиринг