Эҳром боғлаш

0

Б.Эҳром боғлаш

Ҳаж ёки умра қилмоқчи бўлган киши мийқотга етиб келиб, эҳром киймоқчи бўлса дастлаб қуйидаги ишлардан бошлайди:

(1) – Ғусл қилиш:

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эҳром кийиш учун ғусл қилганлари[1] бу амалнинг мустаҳаб эканини кўрсатади.

Эҳромдан олдин ғусл қилиш эркагу аёлга мустаҳабдир. Бундан фақат нифос кўрган аёллар мустасно бўлиб, баъзи уламолар уларнинг ғусл қилишини мустаҳаб десалар, бошқа уламолар вожиб дейишган. Охирги фикр тўғрироқдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нифос кўрган аёлни ғусл қилишга буюрганлар. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳажлари тўғрисида жумладан шундай дейди: “…Биз Зулҳулайфага етиб келганимизда Асмо бинти Умайс Муҳаммад ибн Абу Бакрни туғди. Шунда у нима қилишини сўраш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига одам юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Ғусл қилгин, бирон латта билан қон оқишини олдини олгин ва эҳром кийгин” – деб буюрдилар[2].

Абу Довуд Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Ҳайз ёки нифос кўрган аёл мийқотга келса, ғусл қилиб эҳром кияди ва тавофдан бошқа барча ҳаж ёки умра амалларини адо қилаверади[3].

Мазкур икки ҳадис ҳайз ёки нифос кўрган аёл эҳром кийиш олдидан ғусл қилиши вожиб эканини кўрсатади.

Бироқ аёлнинг ҳайзи ҳаж амаллари бажариладиган кунларга қадар давом этса, у ҳолда ғусл қилиб, ҳажни умрага қўшади ва шундай қилиб “ҳажи қирон” қилган бўлади. Мазкур ҳолатда ҳам аёл кишининг ғусл қилиши вожибдир. Негаки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайз кўрган ва то Арафа кунига қадар тавоф қила олмаган Ойша розияллоҳу анҳони ғусл қилишга буюрган эдилар[4].

Мавзуга доир айрим мулоҳазалар:

(1) Агар киши ғусл қилмасдан эҳром кийса, эҳроми дуруст бўлиб, бунинг учун унга бирон нарса вожиб бўлмайди.

(2) Агар ғусл қилиш учун сув топа олмаса таяммум қиладими? Жавоб: тўғри фикрга кўра таяммум қилмайди. Чунки шариат бу ҳолатда таяммум қилишга буюрмаган, балки таҳоратсизлик ёки жанобат сабабидан таяммум қилинади.

(3) Уламолар эҳром кийиш олдидан тирноқларни олиш, аврат ва қўлтиқ тукларини тозалаш каби ишларни қилишни мустаҳаб санаганлар. Аслида бу борада бирон ҳадис келмаган. Бироқ эҳром кийгач бу ишлардан бирини қилишга эҳтиёж туғилмаслиги учун уламолар мазкур ишларни қилишни мустаҳаб санаганлар.

Саид ибн Мансур “Сунани”да Иброҳим Нахаийдан ривоят қилишича, у шундай дейди: “(Салафи солиҳлар) эҳром кийишларидан олдин тирноқ ва мўйловларини қисқартириш, аврат тукларини олиш ва энг яхши матолардан эҳром кийишни мустаҳаб санар эдилар”.

2 – Хушбўй нарсалар ишлатиш:

Эҳром кийишдан олдин баданга хушбўй нарсалар суртиш мустаҳабдир. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам эҳром кийишларидан олдин шундай қилганлари ривоят қилинади. Ойша розияллоҳу анҳо айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эҳром кийишларидан олдин, шунингдек, (Ақабада тош отиб, сочларини олгач) Каъбани тавоф[5] қилишларидан олдин (аёлларга яқинлик қилишдан бошқа эҳромда қилиш ҳаром бўлган ишлар) ҳалол бўлиши учун у зотга хушбўй нарсаларни суртиб қўяр эдим[6]. Бошқа бир ривоятда Ойша розияллоҳу анҳо шундай дейди: “Эҳром кийган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сочларидаги фарқ очилган жойида мушкнинг ялтираб тургани ҳамон кўз ўнгимда[7].

Мавзуга доир айрим мулоҳазалар:

(1) Бадандаги хушбўйлик асорати эҳромдан кейин ҳам давом этишининг зиёни йўқ. Негаки, юқоридаги ҳадис зоҳиридан шу нарса тушунилади. Шунингдек, эҳромдан олдин баданга суртилган хушбўй нарса эҳромдан кейин баданнинг бошқа жойига оқса ҳам зарари йўқ.

(2) Эҳром либосига хушбўй нарсалар суртиш ёки сепиш ҳамда хушбўй нарсалар суртилган ёки сепилган эҳром кийиш жоиз эмас. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам эҳромдаги киши кийиши тақиқланган кийимлар тўғрисида шундай деганлар: “Шунингдек, заъфарон ва варс[8] теккан (яъни улар иккисидан бири билан хушбўйланган) кийимни киймасин[9].

(3) Эҳром кийишдан олдин баданига хушбуйлик суртган ва қўлида унинг асорати қолган инсон эҳром кийгач таҳорат олганида қўлидаги хушбўйлик асорати баданига тегса, бунинг эҳромга таъсири борми ёки йўқми?

Жавоб: шайх Ибн Усаймийн роҳимаҳуллоҳнинг фикрича, бу каби хушбўйлик асорати, шунингдек, Каъбага суртилган хушбўйликларнинг баданга тегишининг зиёни йўқ бўлиб, бунингдек ишлар шариатда афв қилинган ишлардир[10].

В. Одатдаги кийимларни ечиб эҳром либосини кийиш:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Эҳром киймоқчи бўлган инсон лўнги, ридо ва бир жуфт оёқ кийимдан иборат эҳром либосини кийсин[11].

Шуни билиб қўйиш лозимки, одатий либосларни ечиш фақат эркакларга тегишлидир. Аёлларнинг эҳроми эса кўча-кўйда кийиладиган одатий ҳижобдан иборат бўлиб, фарқли жойи ниқоб ва қўлқоп киймайдилар. Шундай бўлсада, бошига юзини тўсадиган даражада бирон мато ташлаб олиши ҳам жоиздир. Аёллар учун одатий ҳижобдан бошқа махсус эҳром либосининг йўлга қўйилиши бидъатдир. Аксар аёллар эҳром учун махсус оқ либос киядилар. Бироқ шариатда бундай либос кийиш лозимлигини кўрсатадиган бирон далил йўқ.

Эҳром кийишга оид умумий мулоҳазалар:

(1) Рожиҳ фикрга кўра, эҳром кийиш олдидан икки ракаат намоз ўқиш мустаҳаблиги тўғрисида бирон саҳиҳ далил йўқ[12]. Бироқ эҳром кийиш вақти фарз намозига тўғри келиб қолса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ишларига эргашиб, намоздан сўнг эҳром кияди. Агар фарз намозига тўғри келмаса, у ҳолда эҳром кийиш олдидан махсус намоз ўқимайди.

(2) Эркакларнинг эҳром либоси оқ рангда бўлиши мустаҳабдир. Чунки оқ ранг либослар шариатда энг яхши либос саналади. Шундай бўлсада бошқа ҳар қандай рангдаги эҳром ўраш ҳам жоиздир.

(3) Эҳром либоси янги бўлиши шарт эмас. Лекин эҳром либоси қанчалик покиза бўлса, шунчалик афзалдир.

(4) Инсон қалби билан қатъий азму қарор қилмагунча ҳаж ёки умра амалларини бошлаган саналмайди. Кўпчилик авом инсонлар ўйлаганидек, киши шунчаки эҳром ўраши билан эҳромга кирган бўлиб қолмайди. Шунга кўра:

(5) Эҳром ўраган, бироқ ҳаж ёки умра амалларига киришишни ният қилмаган киши тирноқ олиш каби эҳромда тақиқланган ишлардан бирини қилиши жоиздир.

(6) Самолётда сафар қилган киши мийқотга етганида эҳром кийиш имкони бўлмаса, у ҳолда уйида ёки аэропортда эҳром кийиш билан ҳозирлик кўриши жоиз. Бироқ бу дегани унинг эҳромга кирганини билдирмай, балки мийқотдан ўтиш асносида эҳромга киришни ният қилиши лозим.

(7) Кўпчилик ҳожилар эҳром кийишлари биланоқ ўнг елкаларини очиб оладилар. Бунга шариат истилоҳида “истибоғ” дейилади. Албатта бу нотўғри иш. Негаки, истибоғ фақат “тавофи қудум” асносида қилинади. Ундан бошқа барча ҳолатларда ҳар икки елкасини ёпиб олади.

[1] Термизий (830), Байҳақий (5/32) ва Ибн Хузайма (2595) Зайд Ибн Собит розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишган.  Термизий ҳадисни ҳасан деган. Шунингдек, Ҳоким “Мустадрак”да (1/447) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ва уни саҳиҳ деган ҳадис ҳам юқоридаги ҳадис мазмунини қўллаб-қувватлайди. Заҳабий Ҳокимнинг ҳадис тўғрисида чиқарган ҳукмини маъқуллаган.

[2] Муслим (1218), Насоий (1/154) ва Ибн Можа (3074) ривоят қилишган.

[3] Саҳиҳ. Абу Довуд (1744) ва Табароний “Сағир”да (1/228) ривоят қилишган. Ҳадисни шайх Албоний саҳиҳ деган.

[4] Бухорий (1556) ва Муслим (1211) ривоят қилишган.

[5] Бу тавофдан мақсад “тавофи ифоза”дир.

[6] Бухорий (1539), Муслим (1189), Абу Довуд (1745), Термизий (917), Насоий (5/127) ва Ибн Можа (2926) ривоят қилишган.

[7] Бухорий (271, 1538), Муслим (1190), Абу Довуд (1746), Насоий (5/138) ва Ибн Можа (2928) ривоят қилишган.

[8] “Заъфарон” ва “варс” кийимларни бўяш ва хушбўйлаш мақсадида ишлатиладиган ўсимликдир.

[9] Бухорий (1542, 6803), Муслим (1177), Абу Довуд (1824), Термизий (823), Насоий (5/131) ва Ибн Можа (2929) ривоят қилишган.

[10] Қаранг: “Шарҳул мумтеъ” (7/74).

[11] Саҳиҳ. Имом Аҳмад (2/34) ва Ибн Хузайма (2601) ривоят қилишган. Ҳадисни ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ “Талхис”да (2/237) саҳиҳ деган.

[12] Қаранг: “Шарҳул мумтеъ” (7/76-77).

Изоҳ қолдиринг