Намозда муқтадий қачон салом беради?

0

Савол:

Муқтадий[1] қачон салом беради? Имом билан бирга кетма-кет салом берадими ёки имом иккинчи саломни бергунча кутиб турадими? Баъзи одамлар муқтадий имом билан бирга кетма-кет салом бериши фарз, деб қуйидаги ҳадисни далил қилишади. Итбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан намоз ўқидик. У зот салом берганида биз ҳам салом бердик”.

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли-оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!

Саволда зикр қилинган ҳадис саҳиҳ бўлиб, Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳ ҳадислар тўплами” китобида Итбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.  Итбон розияллоҳу анҳу айтади: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан намоз ўқидик. У киши салом берганида биз ҳам салом бердик” [Бухорий: 803]. Аммо бу ҳадис муқтадий имом билан бирга салом бериши фарз эканига далолат қилмайди. Борди-ю далолат қилган тақдирда ҳам, муқтадий имом билан бирга салом бериши жоиз ёки мустаҳаблигига далолат қилади, холос. Қолаверса, имом ортиданоқ салом бериш фарз деган бирон мўътабар олимни учратмадик.

Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинишича, муқтадий имом билан бирга салом бериши суннат деган. Бироқ имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммад Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг бу фикрига хилоф ўлароқ, муқтадий имом салом бергандан сўнг салом беради, деган фикрни айтишган. Имом Молик, имом Шофеий ва имом Аҳмад роҳимаҳумуллоҳ ҳам шу фикрни билдиришган. Ҳаттоки, моликий мазҳаби, шунингдек, баъзи шофеий ва ҳанбалий мазҳаби уламоларининг фикрига кўра, имом билан бир вақтда ёки ундан олдин салом бериш намозни бузувчи амаллардан саналади.

Қуйида фуқаҳоларнинг бу хусусдаги баъзи фикрларини зикр қиламиз:

 Алоуддин Косоний Ҳанафий роҳимаҳуллоҳ намоздаги суннат амалларни зикр қилиб шундай дейди: “Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган бир фикрга кўра, муқтадий такбири таҳримани имом билан бирга айтгани каби, саломни ҳам имом билан бир вақтда айтиши суннат саналади. Бошқа бир ривоятда эса имом салом бергандан сўнг муқтадий салом беради, деган фикрни айтган. Абу Юсуф ва Муҳаммад роҳимаҳумоллоҳ муқтадий такбири таҳримани имомдан сўнг айтади, шунингдек, имомдан сўнг салом беради, деган фикрни билдиришган” [“Бадоиус-саноиъ”, 1/214].

 Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Муқтадий имом салом бергандан сўнг салом бериши лозим. Бағавий роҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Муқтадий то имом икки томонга салом бермагунча салом бермагани мустаҳаб саналади”. Мутаваллий айтади: “Муқтадий имом ўнг томонга салом бергандан сўнг унинг ортидан салом бериши мустаҳабдир”. Имом Шофеийнинг фикри ҳам шунга далолат қилади. Шофеий мазҳаби уламолари муқтадий имом ўнг томонга салом бергандан сўнг салом бериши жоизлигига иттифоқ қилишган. Аммо уламолар муқтадийнинг имом бир томонга салом бергандан сўнг салом бериши афзалми ёки икки томонга салом бергандан сўнг салом бериши афзал эканида ихтилофлашишган.

Шунингдек, муқтадий имом билан бирга салом бериши ҳақида уламолар икки хил фикр билдиришган… Рожиҳ фикрга кўра, муқтадий такбири таҳримадан бошқа намознинг рукнларини имом билан бир вақтда бажарса, намози дуруст саналгани каби, бу ҳолатда ҳам унинг намози дуруст бўлади” [“Ал-мажмуъ”, 3/483].

Моликий мазҳаби уламолари муқтадий такбири таҳримани имомдан сўнг айтиши лозим бўлганидек саломни ҳам имомдан сўнг айтиши лозим деган фикрни айтишган. Улар муқтадийнинг намоз рукнларидан бўлмиш такбири таҳрима ва саломни имомдан сўнг айтишини имомга иқтидо қилиш учун шарт деб санашган.

Муҳаммад Улайш Моликий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Муқтадий такбири таҳрима ёки саломни имомдан бир ҳарф олдин ёки у билан бир вақтда айтса, намози дуруст бўлмайди. Гарчи имомдан сўнг якунласа ҳам. Аммо такбири таҳрима ёки саломни имомдан бир ҳарф миқдорида кейин айтса – имом билан бирга ёки ундан кейин якунлашидан қатъий назар – намози дуруст бўлади.

Борди-ю имомдан бир ҳарф кейин бошлаб, бироқ ундан олдин якунласа, намози дуруст бўлмайди…

Муқтадий бехосдан имомдан олдин салом берса, имомдан сўнг қайта салом бериши лозим. Агар орадан узоқ муддат ўтишига қарамай қайтадан салом бермаса ёки масжиддан чиқса намози бузилади” [“Минаҳул Жалил шарҳи мухтасарил халил”, 1/380], валлоҳу аълам.

Ушбу фатво қуйидаги саҳифадан жузъий ўзгартиришлар билан таржима қилинди: http://fatwa.islamweb.net/fatwa/index.php?page=showfatwa&Option=FatwaId&Id=99873

[1] Муқтадий – имомга иқтидо қилувчи (эргашувчи).

Изоҳ қолдиринг