Итоатдаги ширк: Аллоҳ ҳаққида ёмон гумонга бориш (4)

0

(Давоми)

Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ айтади: “Кимда ким “Аллоҳ пайғамбарига ёрдам бермайди, рисолатини комил қилмайди, пайғамбари ва унинг жамоатини қўллаб-қувватламайди, мўминлар шаънини кўтариб, душманлари устидан ғолиб ва устун қилмайди, Аллоҳ Ўз дини ва Китобини ҳимоя қилмайди, Аллоҳ ширкни тавҳид устидан, ботилни эса ҳақ устидан доимий ғолиб қилади, оқибатда тавҳид ҳам, ҳақ ҳам йўқолиб кетади, қайтиб уларга ғалаба насиб қилмайди”, деб гумон қилса, билингки, Аллоҳга ёмон гумон қилган, Аллоҳнинг улуғворлиги, камолоти ва сифатларига нолойиқ гумонга борган бўлади. Зеро, Аллоҳнинг ҳар ишда ҳамду санога сазовор экани, енгилмас ва қудратли зот, ягона ҳақ маъбуд экани у зот тўғрисидаги бундай гумонларнинг нотўғри ва қабиҳ гумон эканини, шунингдек, Аллоҳнинг ўз жамоати ва қўшинини хорлаши ҳамда охир-оқибат ғалаба ва доимий зафар Аллоҳга махлуқотларини тенглаштирган мушрикларга насиб қилиши имконсиз эканини кўрсатади. Кимда ким Аллоҳ тўғрисида ана шундай гумонларга борса, муҳаққақ Аллоҳни танимаган, Унинг исм ва сифатларидан ҳамда комил зот эканидан бехабардир!

Кимда ким мусулмонлар зиддига рўй бераётган воқеа-ҳодисалар Аллоҳнинг қазои қадари ила содир бўлаётганини, шунингдек, бу ва ундан бошқа Аллоҳ тақдир қилган ҳар қандай ишлар ортида етук ҳикмат ва мақтовга сазовор ғоя – мақсадлар ётишини инкор қилса, балки “бу ишлар бирон ҳикмат ва мақсаддан холи бўлган шунчаки пала-партиш хоҳиш натижасидир”, деб ўйласа, аниқки, Аллоҳни танимаган, Унинг Раб экани, мулку салтанати ва буюклигини англаб етмаган бўлади. Негаки, Аллоҳ таоло тақдир қилган барча ишлар ортида етук ҳикмат ва Аллоҳ рўёбга чиқишини яхши кўрган улуғ мақсадлар ётади. Бу мақсадларнинг юзага чиқиши йўлида Аллоҳ таоло баъзан Ўзи ёқтирмаган сабаб – воситаларни тақдир қилади. Ушбу сабабларни Аллоҳ таоло суймасада, бироқ уларни тақдир қилиши ҳикматдан холи эмас. Чунки бу сабаблар Аллоҳ таоло суйган мақтовга сазовор ғоя ва мақсадларга элтади. Бинобарин, Аллоҳ уларни бекорга тақдир қилмаган, беҳуда хоҳламаган ва ботил яратмаган бўлади. “Бу (яъни улар беҳуда – бемақсад яратилган деган гумон) кофир бўлган кимсаларнинг гумонидир. Шундай экан, кофир бўлган кимсалар учун дўзахдан иборат ҳалокат бўлгай!” [Сод: 27].

Кўпчилик одамлар, хоҳ ўзларига тааллуқли ишларда бўлсин, хоҳ бошқаларга тааллуқли ишларда бўлсин, Аллоҳ таоло тўғрисида ноҳақ ва ёмон гумонларга борадилар. Бундай бадгумондан Аллоҳни, Унинг исм-сифатларини, Аллоҳнинг комил ҳикмат соҳиби ва ҳар ишда ҳамд-санога сазовор эканини англаб етган зотларгина саломат қоладилар. Кимда ким Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлса, Аллоҳ тўғрисида ёмон гумон қилган бўлади. Кимда ким “Аллоҳ таоло Ўзининг авлиёлари бўлмиш тақводор бандаларини, гарчи солиҳ амаллар қилиб, холис Ўзига ибодат қилсаларда, азоблаши, уларни Ўзининг душманлари билан тенг қилиши мумкин”, деса, Аллоҳ тўғрисида ёмон гумон қилган бўлади. Кимда ким “Аллоҳ таоло бандаларини уларга бирон нарсани буюрмай ёки тақиқламай беҳуда ташлаб қўяди, уларга пайғамбарлар юбормайди, китоблар нозил қилмайди, балки худди чорва моллари сингари ўз ҳолларига ташлаб қўяди”, деб ўйласа, билингки, Аллоҳ тўғрисида ёмон гумонга борган бўлади. Кимда ким “Аллоҳ таоло бандаларини охират диёрида савоб ёки жазо учун жамламайди, яхши амал қилганларни мукофотлаб, ёмон амал қилганларни жазоламайди, бандаларига ҳаёти дунёда талашиб-тортишган ишларининг ҳақиқатини баён қилмайди, бутун оламларга Ўзи ва Расулининг ростгўй экани ҳамда душманларининг ёлғончи эканларини ошкор қилмайди”, дея гумон қилса, албатта Аллоҳ ҳаққида ёмон гумонга борган бўлади.

Кимда ким “Аллоҳ таоло банданинг холис Аллоҳ учун, Унинг буйруқларига бўйсуниб қилган солиҳ амалларини зое кетказади, банда томонидан содир этилган бирон  сабабсиз бу амалларни ботил қилиб юборади, бандани қилмаган иши туфайли, на ихтиёри, на қудрати ва на хоҳиши бўлмаган иш сабаб, балки Аллоҳ таоло Ўзи қилган иши туфайли бандани азоблайди”, деб гумон қилса ёки “Аллоҳ таоло Унинг номидан ёлғон тўқиган душманларини одатда пайғамбарларига берадиган мўъжизалар билан қўллаб-қувватлаши, бандаларини адаштириш учун уларга ана шундай мўъжизаларни ато этиши жоиз, Аллоҳдан содир бўлган барча ишлар яхши, ҳаттоки, бутун умрини Аллоҳга тоат-ибодатда ўтказган кимсани азоблаши, уни жаҳаннамнинг туби – асфаласофилинда абадий қолдириши, аксинча, бутун ҳаётини Аллоҳга, Расулига ва динига душманлик қилишга сарфлаган кимсага жаннатни инъом этиб, уни “Иллиййин”нинг энг юқори даражасига кўтариши мумкин, мазкур икки ишдан ҳар бири яхши-ёмонликда Аллоҳнинг наздида баб-баравар, бу икки ишдан бирининг мумкин экани ва бошқасининг имконсиз эканини фақат ростгўй хабарчининг хабари билангина билиш мумкин, акс ҳолда, ақлга қолса, бу икки ишнинг қай бири яхши-ю, қай бири ёмон эканини ажратолмайди”, деса, муҳаққақ Аллоҳ таолога ёмон гумон қилган бўлади.

Кимда ким “Аллоҳ таоло Ўзи, сифатлари ва ишлари ҳақида зоҳиридан ботил ва ташбеҳ (Аллоҳни махлуқотларига ўхшатиш) тушуниладиган сўзлар билан хабар берган, ҳақни эса четлаб ўтиб, уни бандаларга хабар қилмаган, балки ҳаққа далолат қиладиган чигал рамзлар, топишмоқсимон ишоралар қолдирган, ҳақни очиқчасига баён қилмаган, ташбеҳ ва ботилни эса ҳар доим очиқдан-очиқ баён қилган, бандаларидан Ўз каломини асл маъноларидан ўзга маъноларга буриш, нотўғри талқин қилиш йўлида мияларини, тафаккурларини чарчатишларини, каломини талқин қилиш учун узоқ эҳтимоллар ҳамда тафсир ва баёндан кўра кўпроқ топишмоққа ўхшаш беўхшов изоҳлар қидириб топишларини хоҳлаган, исм ва сифатларини билиш борасида Ўзининг муқаддас китобига эмас, балки сўқир ақллари ва фикрларига мурожаат қилишга буюрган, бандаларидан (араб тилида нозил бўлган) каломини улар кундалик ҳаётларида сўзлашиб келган араб тили ва унинг қоидалари асосида тушунмасликларини хоҳлаган. Аллоҳ таоло бандаларига очиқча айтилиши лозим бўлган ҳақни ошкор қилишга, уларни ботил эътиқодларга етаклайдиган сўзлардан халос қилишга қодир бўлсада, бундай қилмаган. Аксинча, уларни ҳидоят ва баён йўлидан ўзга йўлга бошлаган”, деб гумон қилса, билингки, Аллоҳ тўғрисида ёмон гумон қилган бўлади.

Бундай кимсалардан бири “Аллоҳ ҳақни очиқча таъбир қилишга қодир эмас”, деса, қудратли зот Аллоҳни ожизлик билан камситган бўлади. Ҳолбуки, унинг ўзи ва ундан олдин ўтган маслакдошлари ҳақни ошкора айтишга қодир бўлишгану, Аллоҳ таоло эса бундан ожиз қолган бўлиб чиқади. Агар унинг айтишича, “Аллоҳ ҳақни ошкора айтишга қодир-у, бироқ уни баён қилмаган, баён қилиш ва ҳақни ошкора айтишни қўйиб, маҳол ва ботил тушунчани англатадиган, балки бузуқ эътиқодга тушириб қўядиган сўзлар билан ҳақни ифода этган” бўлса, у ҳолда бундай кимса Аллоҳнинг ҳикмати ва раҳмати хусусида ёмон гумонга борган бўлади. Кимда ким “у ва ундан олдинги маслакдошлари ҳақни ошкора таъбир қилишган-у, Аллоҳ ва Расули эса бундай қилмаганлар, ҳидоят ва ҳақ уларнинг сўзларида-ю, Аллоҳнинг каломи зоҳиридан эса фақат ташбеҳ ва залолат тушунилади, мушриклар ва ҳайрат ичра қолган кимсаларнинг каломи ҳидоят ва ҳақ”, деса, муҳаққақ Аллоҳга энг ёмон гумон қилган бўлади. Юқорида зикр қилинган кимсаларнинг барчалари Аллоҳ тўғрисида ёмон, ноҳақ ва жоҳилона гумон қилган кимсалардир” (Иқтибос тугади).

Дарҳақиқат, мазкур сатрларда Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ Аллоҳ тўғрисида ёмон, ноҳақ ва жоҳилиятга оид гумон қилган кимсаларни баён қилади. Алломанинг батафсил сўзлари билан танишмоқчи бўлганлар унинг “Зодул маод” асарига мурожаат қилишлари мумкин.

Изоҳ қолдиринг