Намозга бепарво эрни қандай йўлга солиш мумкин?

0

Савол:

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Аллоҳ илмларингизни зиёда қилсин, ўзи севган муҳсин бандалари қаторидан қилсин!

Турмуш қурганимга бир йил бўлди. Алҳамдулиллаҳ, турмуш ўртоғим яхши инсон. Лекин охирги пайтларда намозларига анча эътиборсиз бўлиб, бўш вақтлари бўлиб қолса компютер билан машғул бўлиб қоляптилар. Уларни илм олишга, намозларига этиборли бўлишларига қандай қилиб ҳикматли даъват қилсам бўлади. Аёллари бўлганим учун ҳам “бундай қилинг”, “бундай қилманг” деяверишим уларга ёқмаслиги мумкин. Яна мени камчилигим: ҳикмат билан даъват қила олмайман. Илтимос, маслаҳат беринг. Аллоҳ сизлардан рози бўлсин! Фойдали,  манфаатли илм билан ризқлантирсин!

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Оламлар Раббиси Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, у зотнинг барча оилалари ва асҳобларига Аллоҳнинг салом ва саловотлари бўлсин!

Муҳтарам диндош синглимиз! Аввало илм ўрганиш ва намоз масаласига қаратган жиддий эътиборингиз учун миннатдорчилик билдирамиз, Аллоҳ сиздан рози бўлсин. Албатта сизнинг бу эътиборингиз Аллоҳга бўлган муҳаббатингиз ва Ундан қўрқишингизга далолат қилади, деб ўйлаймиз.

Қолаверса, оилангиз бошчиси турмуш ўртоғингизга, унинг ҳам ўзингиз каби солиҳ бўлиши, икки дунёда саодатга эришиб, охиратда нажот топишига бўлган эътиборингиз алоҳида таҳсинга лойиқ. Турмуш ўртоғингизнинг намоз ва шаръий билимини ошириш масаласидаги бепарволигидан шикоят қилибсиз ҳамда бу борада биздан маслаҳат беришни илтимос қилибсиз. Қуйида биз сизга бу хусусда эътибор бериш лозим бўлган айрим эслатма ва маслаҳатларни тавсия қиламиз. Аллоҳни изни ила бу тавсияларга риоя қилсангиз мушкулингиз осон бўлиб, турмуш ўртоғингиз рушду ҳидоятда собитқадам бўлса ажаб эмас. Шубҳасиз, тавфиқ ва ҳидоят ёлғиз Аллоҳ таолодандир.

  1. Дастлаб шуни яхши билиш лозимки, рисоладагидек намоз ўқимаган кимса учун мусулмончиликдан бирон насиба йўқдир. Кимда ким намозни тарк қилишга журъат қилса, билингки, унинг аҳволи оғир. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида шундай марҳамат қилганлар: “Биз (мусулмонлар) билан улар (яъни кофирлар) ўртасини ажратувчи нарса намоздир. Шундай экан, ким намозни тарк қилса аниқ кофир бўлибди[1].  Кўриб турганингиздек, ҳадисда намозни тарк қилган кимсаларнинг аянчли оқибати баён қилинмоқда. Инсоннинг кофир бўлиши ёки куфрга яқин бўлишидан ҳам ортиқ жазо ва шармандалик борми?! Шунингдек, Қуръони Каримда ҳам намоз ўқимаган кишилар учун ҳалокат бўлиши, уларнинг жаҳаннамда азобланиши хусусида оятлар мавжуд. Жумладан Аллоҳ таоло шундай дейди: “Намозга бепарво бўлган, уни вақтидан кечиктириб ёки хўжакўрсинга ўқиган “намозхон”ларга ҳалокат ёхуд уларга жаҳаннам қаъридаги водий маскан бўлгай” [Моун: 4,5].

  2. Умр йўлдошингизга насиҳат қилар экансиз сабр қилишингиз вожибдир. Шуни яхши билингки, даъват соҳасида сабр қилиш иймон ва салоҳият аҳлининг сифатларидандир. Сиз умр йўлдошингизни даъват қилиш билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашган, у зотнинг сафида турган бўласиз. Аллоҳ таоло у зотни ўз оиласини намозга буюришга ва бу йўлда сабр ва матонат кўрсатишга буюриб шундай деган эди: “Аҳли-оилангиз (ва умматингиз)ни намоз ўқишга буюринг ва ўзингиз ҳам намоз ўқишда чидамли бўлинг! Биз сиздан ризқ сўрамаймиз, билъакс, Ўзимиз сизга ризқ берурмиз. Хайрли оқибат тақво аҳлиникидир” [Тоҳа: 132].

Аллоҳ таоло Исмоил алайҳиссаломнинг сифатларини зикр қилар экан, унинг ўз оиласи ва қавмини намозга буюришини айтади: “У ўз оиласи ва қавмини намозга буюрар ҳамда Парвардигорининг ҳузурида мақбул ва манзур инсон эди” [Марям: 55]. Демак, Аллоҳ таоло мақтов айтган пайғамбарларнинг сифатларидан бири одамларни намозга даъват қилиш бўлган. Бинобарин, сизни пайғамбарларни йўлига солган ва уларга эргашишни насиб қилган Аллоҳга ҳамд-сано айтинг!

Шуни унутмаслик лозимки, тоат-ибодатга сабр қилишдан ана ўша тоат ортидан келадиган қийинчиликларга ҳам сабр қилиш лозимлиги келиб чиқади. Бирон бир мункар-ножўя ишга эътироз билдирар эканмиз, бу эътироз ортидан келадиган азиятларга сабр қилмоқ керак. Зеро, бу шариатимизда ҳам таъкидланган ишлардандир. Аллоҳ таоло Луқмон ва унинг ўғли ўртасида бўлиб ўтган суҳбатни ҳикоя қилар экан шундай дейди: “Эй ўғлим, намозни тўла-тўкис ўқи, одамларни яхшиликка буюр, ёмонликдан қайтар ва бу йўлда етажак қийинчилик ва азиятларга сабр қил. Албатта, шундай қилмоғинг қатъий ишлардандир” [Луқмон: 17].

Одатда инсон одамларни маъруфга буюрса, мункардан қайтарса, албатта ортидан азият келади. Шу боис Луқмон ўғлини амри маъруф ва наҳий мункар қилишга буюргач, ортидан азиятга сабр қилишга буюрди.

  1. Турмуш ўртоғингизга ўрнак ва намуна бўлинг. Азон айтилиб, намоз вақти кириши билан барча юмушларингизни ташлаб, намоз ўқишга шошилинг ва буни эрингизга кўрсатишга ҳаракат қилинг. Шунингдек, турмуш ўртоғингизга ҳам намоз вақти кирганини эслатинг. Бироқ ҳадеб такрорлаб унинг жиғига тегманг. Негаки, кўпчилик эркаклар аёлидан панд-насиҳат эшитишни хуш кўрмайдилар. Шундай қилингки, сизнинг намозга бўлган эътиборингиз, намозни вақтида ўқишга ҳаракатингиздан ўзи хижолат бўлсин. Зеро, айрим инсонлар ҳаё сабабидан ҳидоят топганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида келганидек, ҳаё иймоннинг бир парчаси саналиб, у фақат яхшилик келтиради. Турмуш ўртоғингизнинг намозга бўлган эътиборини кучайтирмоқчи бўлсангиз, сиз ўзингиз асло намозга бепарво бўлманг. Борди-ю, бир сабаб бўлиб намозингиз қазо бўлса ёхуд суннат намозларни ўқиёлмай қолсангиз, бу ишингиздан пушаймон эканингиз ва ҳасратингизни турмуш ўртоғингизга ҳам сездириб қўйинг. Бироқ эрингизга тўғридан-тўғри эътироз билдирманг.

  2. Турмуш ўртоғингизни даъват қилиш учун унинг хушкайфият, сизга нисбатан хайриҳоҳ дамларини ғанимат билинг. Саволда айтиб ўтганингиздек, турмуш ўртоғингиз яхши инсон экан. Уни даъват қилар экансиз, имкон қадар майин оҳангда гапиришга, меҳр-муҳаббат билан суғорилган сўзларни танлашга ҳаракат қилинг. Турмуш ўртоғингизга намозни ташлаб қўйиш ва унга нисбатан бепарво бўлишнинг хатари хусусида, намозни бутунлай тарк этиш куфр амал эканини босиқлик ва ҳикмат билан насиҳат қилинг. Имкони бўлса ўзаро эр-хотин ўртасидаги самимий суҳбатларда ўзингиз ўқиган ёки эшитган солиҳ ва фожир инсонлар ҳаётидан лавҳалар айтиб беринг. Мазкур қиссалар намозга тааллуқли бўлса янада мақсадга мувофиқдир.

  3. Вақти-вақти билан турмуш ўртоғингизнинг телефонига қисқа ва таъсирли панд-насиҳатлар ва ибратли сўзлардан юбориб туринг. Юборган хатларингиздан олдин албатта ундан қисқача ҳол-аҳвол сўрашни ва унга севги изҳор қилишни унутманг.

Эслатма: турмуш ўртоғингизга рисола юборишдан олдин унинг шахсиятини ўрганиш, характерига ташхис қўйиш фойдалидир. Агар эрингизни кўпроқ ақлий далиллар қониқтирса, унга шунга мос равишда хитоб қиласиз, аксинча, эрингиз ҳиссиётга берилувчан бўлса, у ҳолда ҳиссиётни қўзғатувчи таъсирли ҳикоя ва қиссалар юборишингиз мақсадга мувофиқдир.

  1. Имкони бўлса эрингизга гапи ўтадиган, эрингиз ҳам ҳурмат қиладиган солиҳ қариндош-уруғлар бўлса, уларга мурожаат қилишингиз ва улар турмуш ўртоғингизга насиҳат қилишлари ҳам баъзан яхши натижа беради. Аммо бундай ҳолатда иш силлиқ кечиши: турмуш ўртоғингиз сизнинг насиҳат қилишни сўраб уларга мурожаат қилганингизни сезмаслиги керак.

  2. Агар эрингиз муайян бир даъватчи уламоларнинг маърузаларини эшитишни истаса ёхуд китоб ўқишга майли бўлса, унга ана шундай маърузаларни телефонига юбориш ёки фойдали китоблар, хусусан, намознинг аҳамияти ва охират кунига тааллуқли бўлган мавзулардаги китобларни тақдим қилиш ҳам ижобий натижа бериши мумкин.

  3. Турмуш ўртоғингизнинг солиҳ ва тақводор кишилар билан яқинлашиши ва улар билан дўстлашишига ҳаракат қилинг. Сиз бундай кишиларнинг аёллари билан боғланиб, уларга ҳолатни тушунтиринг. Айтайлик, эр-хотинни уйингизга таклиф қилишингиз ва баҳонада эрингиз улар билан танишиши ва вақт ўтиши билан улар турмуш ўртоғингизнинг яқин суҳбатдошларига айланишлари мумкин. Зеро, солиҳ дўст-биродарларнинг инсонга нечоғлик таъсири, инсон ўз дўстининг динида бўлиши, унинг ҳаёт тарзи ва сўзларидан таъсирланиши ҳадисларда баён қилинган.

  4. Намоз вақти кирганида унинг олдига хушбўйликлар ва масжидга бориш учун киядиган кийимларини кўтариб келинг. Албатта, дастлаб бу унга нисбатан кутилмаган ҳолат бўлади, эҳтимол, бундан ранжиши ҳам мумкин. Бироқ вақт ўтиши билан бунга кўникади. Сиз унинг улуғ бир ибодатни адо этиш учун масжидга кетаётгани, бунинг учун хушбўйликлар суртиб, чиройли либослар билан бориши лозимлигини имкон қадар юмшоқлик билан тушунтиринг. Агар эрингиз сизни жеркиб берса ёки масжидга боришга кўнмаса, асло хафа бўлманг, вақт ўтиши билан сизнинг ҳақ эканингизни англаб етади. Айни пайтда мазкур ишни мулойимлик ва илтифот билан давом эттиришни ҳам тўхтатманг. Сизнинг бу ишингиз билвосита турмуш ўртоғингизни намозга буюриш ва жамоатга тарғиб қилиш саналади. Шак-шубҳасиз, сиз бунинг учун Аллоҳдан катта ажр-мукофотга сазовор бўласиз, иншаоллоҳ.

Ундан ташқари турмуш ўртоғингиздан сизга имом бўлиб намоз ўқиб беришни таклиф қилиш орқали ҳам уни намоз ўқишга ундашингиз мумкин.

  1. Ваниҳоят, Аллоҳдан турмуш ўртоғингизни ҳидоят қилиши, ҳақда собитқадам қилиши, динига ва хусусан, намозга эътиборли бўлишини сўраб дуо-илтижолар қилинг. Албатта, дуо сиз ва турмуш ўртоғингиз ҳолини ўнгланиши учун энг манфаатли сабаб-воситадир. Негаки, инсон қалби Раҳмоннинг икки бармоғи ўртасида бўлиб, истаган бандасини ҳидоят қилади ва истаган бандасини йўлдан адаштириб қўяди.

Сўзимиз ниҳоясида Аллоҳ таолодан Унинг гўзал исмлари ва олий сифатлари ила сўраймизки, сизни ҳақда собитқадам қилсин, турмуш ўртоғингизни қалбини ҳидоят қилсин, уни намозга мустаҳкам бандаларидан қилиб, шаръий илмларни ўрганишга муваффақ қилсин. Сиз ва оилангизни солиҳ умр йўлдош билан қувонтирсин ва сизларга икки дунё саодатини насиб қилсин! Омийн!

[1] Саҳиҳ, Термизий (2621) ва Ибн Можа (1079) ривояти.

Изоҳ қолдиринг