Эр аёлидан қанча муддат узоқда қолиши мумкин?

3

Савол:

Эркак киши олти ойдан ортиқ муддат аёлидан узоқда яшаса, аёлига талоқ тушиб қоладими?

Жавоб:

Оламлар Раббиси Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, у зотнинг барча оилалари ва асҳобларига Аллоҳнинг салом ва саловотлари бўлсин!

Дарҳақиқат, шариатимизга биноан аёл кишининг эри зиммасидаги ҳуқуқларидан бири эр аёлининг розилигисиз уни узоқ муддат ёлғиз қолдирмаслигидир. Негаки, аёл эрининг узоқ муддат ғойиб бўлишидан зарар кўради. Аёлининг жинсий майл-эҳтиёжини қондириш орқали унинг иффатини сақлаш эрнинг асосий бурчларидан биридир. Қолаверса, аёл киши табиатан эри билан суҳбатлашгиси, дардлашгиси, бир дастурхонда ўтириб у билан овқатлангиси келади. Бинобарин, эр узоқ муддат сафарга кетиши натижасида аёл зарар кўради, маънавий азият чекади.

Шариатимизда эр аёлидан узоқлашиши жоиз бўлган муддат хусусида бирон очиқ далил келмаган. Фақат бу борада Умар розияллоҳу анҳунинг ижтиҳоди мавжуд бўлиб, унга кўра эр аёлини олти ойдан ортиқ ёлғиз қолдирмаслиги лозим. Бироқ Умар розияллоҳу анҳунинг бу фикри ижтиҳодий фикр бўлиб, замон, макон ва шахсларга қараб ўзгариши мумкин. Шундай бўлсада, кўпчилик уламолар Умар розияллоҳу анҳунинг фикрига биноан эр аёлини ташлаб унинг розилигисиз олти ойдан ортиқ муддат сафарга чиқмаслигини айтишганлар. Агар аёл эрининг олти ойдан ортиқ ғойиб бўлишига рози бўлмаса, зарар кўргани боис эридан талоқ талаб қилиши ёки қозига мурожаат қилиб ўрталаридаги никоҳни буздиришга ҳақлидир. Шунга кўра, эр аёлини бирон узрсиз олти ойдан ортиқ ташлаб қўйиши жоиз эмас. Аммо аёл эрининг сафарига рози бўлса ҳамда эри ҳам бирон зарурат учун, айтайлик, фойдали билим олиш ёки ўз юртида рўзғор тебратиш учун яроқли иш топа олмагани боис пул топиш мақсадида ўзга юртларга сафар қилиб, у ерда узоқ муддат қолиб кетса зиёни йўқ. Чунки бу аёл кишининг ҳаққи, модомики эрининг узоқ муддат сафарда қолишига рози бўлса, зиёни йўқ. Юқорида айтиб ўтганимиздек, бу борада эр аёлининг шароитини, у яшаб турган жамиятнинг ҳолатини ҳисобга олиши лозим. Умар розияллоҳу анҳунинг замонаси бизнинг замонамиздан тубдан фарқ қилади. У замонларда жамият исломий жамият бўлиб, одамларнинг дину диёнати мустаҳкам бўлган. Ҳозирги фисқ-фасодга тўлган, фитналар авж олган замонда аёлларнинг иффатини асраш масаласига кўпроқ эътибор қаратиш лозим. Айниқса, интернет жадал ривожланган, оламдаги барча яхши-ёмон нарсалар инсоннинг қўлида муҳайё бўлган бугунги кунда иффат масаласи долзарб масаладир. Албатта инсон дини ёки дунёси учун бирон фойдали илм олиш ёки рўзғор тебратиш учун зарур бўлган маблағ орттириш мақсадида сафар қилиши ва шу сабаб оиласидан узоқда бўлиши жоиз ҳамда бунинг учун гуноҳкор бўлмайди. Аммо бу ҳолатда ҳам эр ўз аёлини маънавий жиҳатдан соғлом муҳитда қолдириши, уни ўзгаларга муҳтож бўлмайдиган даражада моддий жиҳатдан таъминлаб туриши лозим. Шунингдек, бундай ҳолатларда аёл оиласининг равнақи учун эрига бўлган соғинч изтироби ва бошқа дунёвий қийинчиликларга сабр қилиши билан ажр-савобга эга бўлади, иншааллоҳ. Бироқ зарурат бўлмаса, ортиқча орзу-ҳавасларни рўёбга чиқариш учун эр аёлидан узоқ муддат ғойиб бўлиши яхши эмас. Мусулмон киши ҳар бир ишда ўзи ва оиласининг дину диёнатини биринчи ўринга қўйиши мақсадга мувофиқдир. Аёли ва фарзандларини қолдириб эришажак мол-дунёси билан ватанидан узоқда экан уларга етадиган моддий ва маънавий зарар ўртасини солиштириши лозим. Кўпинча инсонлар узоқ сафарларда юриб топган мол-давлати билан қувонадилар-у, ватанидаги аёлининг иффати ва фарзандларининг тарбияси билан ишлари бўлмайди. Ахлоқий инқироз ҳукм сурган бугунги кунда ёлғиз қолган аёллар турли-туман фитналарга дуч келадилар. Отасиз тарбия топаётган фарзандларнику гапирмаса ҳам бўлади. Фарзандлар, айниқса ўғил болалар тарбиясидаги отанинг роли бениҳоят муҳимдир.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, эр аёлини ташлаб сафар қилиши жоиз бўлган муддат тўғрисида шариатда бирон далил келмаган. Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ижтиҳодий фикрга кўра, эр аёлини олти ойдан ортиқ муддат ташлаб кетиши жоиз эмас. Бироқ юқорида айтиб ўтганимиздек, бу фикр ўша даврдаги шарт-шароитдан келиб чиқиб айтилган бўлиб, замон, макон ва шахсларнинг ҳолатига қараб ўзгариши мумкин. Фисқ-фасод ва фитналар авж олган бугунги кунда имкон қадар аёлларни узоқ муддат ёлғиз қолдирмаслик давр талабидир. Зеро, аёл иффати ва номусини асраб-авайлаш, уни жинсий эҳтиёжини қондириш эр зиммасидаги фарздир.

Эр аёлидан олти ой ёки ундан кўпроқ ёхуд озроқ узоқлашиши билан ҳеч қандай талоқ тушмайди. Талоқ тушиши учун эр аёлини талоқ қилиши ёки шаръий маҳкама улар ўртасидаги никоҳни бузиши лозим. Агар эр аёлидан узоқ муддат (баъзи уламолар Умар розияллоҳу анҳу билдирган фикрга асосан олти ой деб белгилаганлар) ғойиб бўлиши натижасида аёл зарар кўрадиган бўлса, у ҳолда шаръий маҳкамага мурожаат қилиб, ўрталаридаги никоҳни бузишни талаб қилишга ҳақлидир. Маҳкама эридан уйга қайтишни талаб қилади. Эр уйга қайтса, қайтди, акс ҳолда ўрталаридаги никоҳни бекор қилиши мумкин. Эрдан уйига – аёлининг олдига қайтиш талаб қилинса, модомики сафарда юришида зарурат ва узр бўлмаса, уйга қайтиши вожиб, қайтмаса гуноҳкор бўлади. Борди-ю, бирон узр туфайли уйига қайтолмаса, у ҳолда уйига қайтмаслиги билан гуноҳкор бўлмайди. Бироқ ҳар икки ҳолатда ҳам аёли зарар кўргани боис маҳкамадан ўрталаридаги никоҳни бузишни талаб қилиши жоиздир. Бироқ аёл эрининг узоқ муддат ғурбатда юришига рози бўлса, у ҳолда қанча муддат бўлса ҳам ғурбатда юришининг зиёни йўқ ва бунинг учун эр гуноҳкор бўлмайди.

Шуни эслатиб ўтиш лозимки, бизнинг ўлкамиздаги аёллар эрининг узоқ муддат сафарда юришига норози бўлсаларда, маҳаллий урф-одатлардан келиб чиққан ҳолда, бўлар-бўлмас орзу-ҳаваслар исканжасида эрининг узоқлашишига рози бўлишади. Шунинг учун мусулмон эр аёли ҳаққида Аллоҳдан тақво қилиши, имкон қадар аёлини узоқ муддат ёлғиз ташлаб кетмаслиги ёхуд уни ўзи билан олиб кетиши мақсадга мувофиқдир, валлоҳу аълам.

Discussion3 fikr

    • Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ!
      Аллоҳ таоло барчамизнинг ажримизни ортиғи билан берсин!

Изоҳ қолдиринг