Суғурта ташкилоти тарафидан бериладиган маблағни олиш мумкинми?

0

Савол:

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Етган талофат эвазига суғурта ташкилоти тарафидан бериладиган маблағни олиш мумкинми?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Бу саволга жавоб беришдан олдин суғурта қилиш ҳукмини қисқача баён қилиш мақсадга мувофиқ. Суғурта икки турли бўлади:

1) Ижтимоий суғурта: бу турли суғуртада жамиятдаги инсонлар маълум бир соҳада ва маълум шартлар асосида ўзаро бир-бирларига ёрдамлашиш мақсадида фонд ташкил қилинади. Бирон бир киши келишилган шартлар асосида ёрдамга муҳтож деб топилган тақдирда унга фонддан ёрдам пули ажратилади. Фондда йиғилаётган пуллар ортиб қолган тақдирда кимнингдир чўнтагига кетмай, балки йиғилиб бораверади. Суғуртанинг бу кўриниши жоиз бўлиб, афсуски, бу турдаги суғурта бугунги кунимизда учрамайди.

2) Тижорий суғурта: бу турдаги суғуртада суғурта ташкилоти маълум бир маблағ эвазига (масалан, ойига 100 сўмдан) маълум бир муддатга (масалан бир йилга) инсонларнинг ҳаёти, соғлиги ёки машина ва уй-жойи каби мол-мулкига етадиган зарар ва талофатларни қоплашни ўз кафолатига олади. Суғурта шартномасига биноан, мижозга бирон бир талофат етса, келишилган шартлар асосида суғурта ташкилоти унга бу талофат эвазига маълум бир миқдорда маблағ беради ёхуд шу талофатнинг маълум бир қисмини ўтаб беради. Бугунги кунда суғуртанинг фақат шу кўриниши кенг тарқалган. Суғуртанинг бу турдаги кўриниши қимор саналишида уламолар ўртасида хилоф йўқ. Негаки, мижоз берган маблағи эвазига суғурта ташкилотидан қанча миқдорда манфаат олиши номаълум. Агар бу муддат мобайнида суғурта объектига бирон зарар етмаса, мижознинг ташкилотга берган маблағи ҳеч қандай эвазсиз ташкилотнинг даромадига айланади. Бу кўринишдаги олди-бердилар эса шариатимизда ҳаром қилинган амаллардандир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Эй иймон келтирганлар, ароқ (маст қилувчи ичимлик), қимор, бутлар ва фол очиш учун ишлатиладиган чўплар шайтон ҳийла-найрангларидан иборат ҳаром ишлардир. Шундай экан, нажот топишингиз учун бу ишлардан тийилинглар” (Моида: 90).

Модомики суғурта ташкилоти очиш ёки суғурта қилдириш мақсадида бундай ташкилотларга мурожаат қилиш ҳаром экан, мусулмон киши бундай ташкилотларда ишлаб, одамларни унга тарғиб қилиши ҳам ҳаром саналади. Бироқ бугунги кунимизда аксар давлатларда жорий бўлганидек, инсон суғурта қилишга мажбур қилинса, унда шу мажбуриятга барҳам берадиган даражада суғурта қилиш жоиз бўлиб, бу ишнинг гуноҳи шу ишга мажбурлаганларнинг зиммасида бўлади ва суғурта эвазига олинган маблағ зулм йўли билан олинган саналади.

Шунга биноан, суғурта ташкилоти тарафидан бериладиган маблағни икки қисмга бўлиш мумкин:

1) Суғурта ташкилоти тарафидан мижозга бериладиган маблағ: бу ҳолатда мижоз суғурта ташкилотига тўлаган миқдорига тенг маблағнигина олиши мумкин. Чунки бу маблағ ундан мажбуран ундириб олинган. Шу боис имкон бўлиши билан у ўз пулларини қайтариб олиши жоиздир. Агар суғурта ташкилоти тарафидан берилган маблағ мижознинг ташкилотга берган маблағидан ортиқ бўлса, унда ортиқча маблағни мусулмонлар манфаати йўлида сарфлайди.

2) Бу ҳолат кўпроқ машина суғуртасида кўринади. Унга биноан, йўлда содир бўлган бахтсиз ҳодисаларда айбдор тарафнинг суғурта ташкилоти жабрланувчига етган талофатни тўлаб беради. Бу ҳолатда айбдор тараф билан у шартномалашган суғурта ташкилоти ўртасидаги алоқа юқорида айтганимиздек бўлади. Жабрланувчи айбдор томон шартномалашган ташкилот тарафидан бериладиган маблағни олиши эса жоиздир. Чунки шариатга кўра, у айбдор томондан етказилган талофат эвазини тўлиқ ундириб олиш ҳаққига эга. Бу талофат эвазини учинчи бир тараф тўлаб бериши жоиз. Жабрланувчи учинчи тараф билан айбдор тараф ўртасидаги алоқа шариатга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслигига жавобгар эмас, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг