Сийрат: арабларнинг исломдан олдинги сиёсий ҳолати

0

2) Сиёсий ҳолат

Араблар ўртасидаги бошқарув тузуми қабилапарастликка асосланган эди. Қабила деганда насаб жиҳатидан бир-бирига боғлиқ бўлган бир гуруҳ инсонлар назарда тутилар эди. Бу боғлиқлик сояси остида пайдо бўлган урф-одатлар эса шу қабилани бошқарувчи қонунлар саналиб, бу қонунлар жамият билан шахс ўртасидаги алоқаларни ўз ичига оларди. Ўзаро кўмаклашишга асосланган ҳолда урфдан келиб чиққан бу қонунга бутун қабила сиёсат борасида ҳам, ижтимоий соҳада ҳам қатъий амал қилар эди. Қабилани қабила оқсоқоли лавозимидаги шахс бошқариб, бу лавозимдаги шахс қабила ичида катта обрў-эътиборга молик, шунингдек, шижоат, мурувват ва саховат каби мақтовга сазовор сифатларга эга бўлиши талаб қилинар эди. Қабила оқсоқоли кошонада яшаб, бошига тож кийиб юрмаса-да, шоҳлар каби яшар эди. У ҳам обрў-эътибор жиҳатидан, ҳам иқтисод жиҳатидан бир қанча имтиёзларга эга бўлиши билан бир қаторда унинг халқ олдида бажариши керак бўлган вазифа ва мажбуриятлари ҳам бор эди. Масалан, қабиладаги ҳар бир шахс қабила оқсоқолини ҳурмат қилиши, буйруғига итоат қилиши, чиқарган ҳукмларига бўйсуниши лозим эди. Шунингдек, қабила оқсоқоли урушда қўлга киритилган ўлжаларнинг тўртдан бирини олар, ўлжалар тақсимланишидан олдин улар орасидан хоҳлаганини танлаб олар эди. Душман билан жангга киришдан олдин қўлга киритилган ва тақсимлаб бўлмайдиган ўлжалар ҳам қабила оқсоқолига тегишли саналар эди. Қабила оқсоқоли бу имтиёзлар эвазига тинчлик вақтида саховатли, уруш вақтида эса шижоатли бўлиб, биринчи сафда жанг қилар, лозим бўлганда ўзга қабилалар билан сулҳ ва шартномалар тузар эди.

Қабила тизимида эркинлик асосий тамойиллардан бири ҳисобланарди. Зеро, араблар очиқ саҳрода яшаб улғайишгани боис эркинлик улар табиатида ўзига хос ўрин эгаллаган эди. Улар эркинликдан воз кечгандан кўра, ўлимни афзал деб билар эдилар. Қабиладаги ҳар бир шахс ўз қабиласи учун керак бўлса жонини ҳам беришга тайёр, қабиласи равнақи учун қўлидан келганича ҳисса қўшар, ҳар қандай вазиятда ҳам қабила оқсоқолига тарафдор бўлар эди. Ҳатто “золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам, ўз қабиладошингга ёрдам бер” шиори уларнинг қон-қонларига сингиб кетган эди.

Араб қабилаларининг ҳар бири сиёсат борасида ўзига хос йўналишга эга бўлиб, шу йўналиш асосида бошқа қабилалар билан сулҳлашар ёхуд урушар эди. Араб қабилалари ўртасида тузилган энг машҳур ва муҳим сулҳ “Фузул сулҳи” бўлса керак. Қабилалар ўртасида тез-тез уруш бўлиб турар эди. “Ҳарбул фижор” номини олган уруш қабилалараро бўлиб ўтган энг катта урушлардан бири саналади. Бундан ташқари қабилалар ўртасида гоҳида шахсий сабаблар туфайли, гоҳида эса тирикчилик мақсадида кичик-кичик урушлар ҳам бўлиб турар эди. Негаки, урушдан тушадиган ўлжалар баъзи қабилаларнинг асосий даромад манбаини ташкил қиларди. Шунинг учун барча қабилалар кечаси уларга бошқа қабилалар ҳужум қилиб, уларнинг мол-мулкларини талон-тарож қилишларидан қўрқиб, ўз эҳтиётларини олиб яшар эдилар.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг