Аёл киши қадамини ёпмасдан намоз ўқиши жоизми?

0

Савол:

Ассалому алайкум роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Аёллар пайпоқ киймасдан намоз уқишлари тўғрими?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли-оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!

Дарҳақиқат, уламолар аёл киши оёқяланг намоз ўқиши борасида ихтилоф қилишган.

Жумҳур уламолар аёл киши намозда оёғини ёпиши фарз, деган фикрни айтишган. Бу фикрга замондош уламолардан Шайх Абдулазиз ибн Боз роҳимаҳуллоҳ мойил бўлган.

Ҳанафий мазҳаби ва шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳнинг фикрига кўра, аёл киши намозда оёғини ёпиши фарз эмас. Бу фикрга замондош уламолардан Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ мойил бўлган.

“Қувайт фиқҳий қомуси”да (7/86) шундай дейилади: “Моликий, шофеий мазҳаблари, шунингдек, ҳанбалий мазҳабидаги мўътабар фикр ҳамда ҳанафий мазҳабидаги баъзи уламоларнинг фикрича, аёл кишининг оёғи аврат саналади.

Ҳанафий мазҳабидаги мўътабар фикрга кўра, аёл кишининг оёғи аврат саналмайди. Шунингдек, шофеий мазҳаби уламоларидан Музаний ва ҳанбалий мазҳаби уламоларидан Тақийюддин ибн Таймиялар ҳам шу фикрни билдиришган”.

Жумҳур уламолар Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисни далил қилишган. Умму Салама Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Аёл киши изор (лозим)сиз кўйлак ва рўмолда намоз ўқиса бўладими?”, деб сўрайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа, агар қўйлак кенг бўлиб, оёқ устини ёпиб турса (бўлади)”, деб жавоб берадилар” [Абу Довуд: 640].

Хаттобий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мазкур ҳадис аёл киши баданининг (аврат саналган) баъзи жойи кўриниб турган ҳолида намоз ўқиши жоиз эмас, деган уламоларнинг сўзи тўғри эканига далил бўлади. Кўрмайсизми, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Ҳа, агар кўйлак кенг бўлиб, оёқ устини ёпиб турса бўлади”, дея аёл кишининг (аврат саналган) бирон аъзоси кўринмаслигини намоз шартларидан бири қилдилар” [“Маолимус-сунан”, 1/159].

Аёл киши намозда оёғини ёпиши фарз эмас, деган уламоларнинг айтишича, саҳобия аёллар уйда кўпинча оёқяланг юришган. Шунга қарамай, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни намозда оёқларини ёпишга буюрганлари тўғрисида бирон саҳиҳ ҳадис келмаган.

Бу уламоларнинг айтишича, юқоридаги Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадис “мавқуф ҳадис”, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари эмас, балки Умму Салама розияллоҳу анҳонинг сўзларидир.

 Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадис ривояти кетидан: “Бу ҳадисни Молик ибн Анас, Бакр ибн Музар, Ҳафс ибн Ғиёс, Исмоил ибн Жаъфар, Ибн Абу Зиъб ва Ибн Исҳоқ Муҳаммад ибн Зайддан у онасидан, онаси Умму Саламадан ривоят қилган. Юқорида зикр қилинган ровийларнинг биронтаси бу сўзлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга тегишли эканини зикр қилмаган. Балки Умму Салама розияллоҳу анҳонинг сўзи эканини айтишган”.

Шайх ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ айтади: “Шайхулислом ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ ҳур аёлнинг одатда уйида очиб юрадиган юз, кафт ва қадамидан бошқа барча танаси намозда аврат саналади, деган фикрни айтган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида аёллар уйларида битта кўйлак кийиб юришар эди. Ҳар қандай аёлда ҳам иккита кийим бўлмаган. Шу боис кийимларига ҳайз қони тегса, ўша кийимни ювиб унда намоз ўқир эдилар. Аёл кишининг қадами ва кафти намозда аврат саналмайди. Бироқ бегона эркак унинг бу аъзоларига қараши ҳаромдир.

Бу масала хусусида қалбни хотиржам қиладиган далил бўлмагани боис мен бу борада шайхулислом ибн Таймияга эргашиб, шундай дейман: “Гарчи қатъий айтолмасакда, бироқ бу фикр тўғрироқ деб санаймиз. Чунки аёл киши ерга тегиб турадиган кенг кўйлак кийса ҳам, бироқ сажда қилган вақтида оёғининг остки тарафи кўриниб қолади” [“Шарҳул мумтеъ”, 2/161].

Аёл киши намозда оёғини ёпиши фарз деган уламоларнинг фикрига кўра, аёл киши намозда оёқни ёпиш фарзлигини билмай, бир муддат оёқяланг намоз ўқиган бўлса, ўтган намозларини қайта ўқиши лозим бўлмайди. Чунки у бу масаладаги ҳукмни билмагани боис узрли саналади. Аммо оёқяланг ўқиган намоз вақти ҳали чиқмаган бўлса, уни қайта ўқийди.

Шайх Муҳаммад Шамсулҳақ Азийм Ободий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Молик ибн Анас роҳимаҳуллоҳ айтади: “Аёл киши сочи ёки оёғининг устки қисми очиқ ҳолда намоз ўқиса, модомики вақти чиқиб кетмаган бўлса, ўша намозни қайта ўқийди” [“Авнул маъбуд шарҳи сунани Абу Довуд”, 2/242].

Шайх Ибн Боз роҳимаҳуллоҳнинг бу борада иккита фатвоси бўлиб, бири “Саудия доимий фатво қўмитаси”да, иккинчиси “Фатово нурун алод-дарб”да берган фатвосидир. Ҳар икки фатвода шайх роҳимаҳуллоҳ: “Аёл киши оёқяланг намоз ўқиш жоиз эмаслигини билмасдан намоз ўқиган бўлса, намозларни қайта ўқимайди”, деган фикрни айтган.

Хулоса қиладиган бўлсак, аёл киши намозни оёқяланг ўқиши борасида уламолар ихтилоф қилишган. Эҳтиёт юзасидан ва уламолар ўртасидаги ихтилофдан четланиш мақсадида аёл киши оёғини ёпиб намоз ўқигани афзал. Аммо бу борадаги ҳукмни билмасдан олдин оёқ яланг ўқиган намозларини қайта ўқимайди. Чунки у бу борадаги ҳукмни билмагани учун узрли саналади, валлоҳу аълам.

Ушбу фатво қуйидаги манбадан жузъий ўзгартиришлар билан таржима қилинди: https://islamqa.info/ar/193034

Изоҳ қолдиринг