Омонлик берилган кофир Макка ҳарами ёки Масжиди Ҳаромга кириши жоизми?

0

Масала: омонлик берилган кофир Макка ҳарами ёки Масжиди Ҳаромга кириши жоизми?

Жавоб: шофеий ва ҳанбалий мазҳабларининг фикрича, ғайридиннинг Маккага кириши тақиқланади. Аллоҳ таоло айтади: “Эй иймон келтирганлар, ҳеч шак-шубҳасиз, мушриклар нопок кимсалардир. Шундай экан, улар бу йилдан эътиборан Масжиди Ҳаромга яқинлашмасинлар!” [Тавба: 28].

Оятдаги Масжиди Ҳаромдан мақсад Макка ҳарамидир. Шунингдек, бу уламоларнинг айтишларича, ғайридинларнинг Ҳижоз ўлкасига кириши ва у ерда ўрнашиб қолишлари ҳам жоиз эмас. Уларнинг далили Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис бўлиб, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Агар ҳаёт бўлсам, албатта яҳуд ва насороларни Араб ярим оролидан ҳайдаб чиқараман, у ерда фақат мусулмонларни қолдираман[1].  Яман ўлкаси Араб ярим оролидан ҳисоблансада, бироқ ҳадисда фақат Ҳижоз ўлкаси назарда тутилган. Негаки, Умар розияллоҳу анҳу аҳли китобларни фақат Ҳижоз ўлкасидан ҳайдаб чиқарган.

Моликий мазҳабининг фикрига кўра, ғайридинларнинг Маккага киришлари жоиз бўлсада, бироқ уларнинг Масжиди Ҳаромга кириши тақиқланади. Шунингдек, улар Маккада уч кундан ортиқ қолишлари жоиз эмас. Шунга қарамай, ҳоким уларнинг Маккада қолишини манфаатли деб топса, ушбу муддат чўзилиши ҳам мумкин. Бу мазҳабнинг фикрича, ғайридинлар Араб ярим оролини ўзларига ватан қилиб олишлари жоиз эмас. Шунингдек, бу мазҳаб уламолари аҳли китобларни Араб ярим оролидан чиқариш тўғрисидаги ҳадисларнинг умумий мазмунига таяниб, Араб  ярим оролини Ҳижоз ва Яман ўлкалари деб изоҳлайдилар.

Ҳанафий мазҳабига кўра, ғайридинлар омонлик шартномасига биноан уч кунлик муддатда ислом диёрининг истаган жойига, ҳаттоки Макка ва Масжиди Ҳаромга ҳам киришлари жоиздир. Бу мазҳабнинг айтишича, юқоридаги оятдан мақсад аҳли китобларни жоҳилият давридагидек, Масжиди Ҳаромга ҳаж ёки умра қилиб боришларини тақиқлашдир.

Шофеий ва ҳанбалий мазҳаби келтирган далиллар қувватли бўлгани боис, уларнинг бу масаладаги фикри рожиҳдир, валлоҳу аълам.

Мавзуга оид айрим мулоҳазалар:

(1) Омонлик шартномаси гарчи очиқ шаклда содир бўлмасада инобатга олинаверади. Бунинг учун одатда омонлик бериш саналган бирон кўринишда содир бўлиши кифоя.

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: “Кимда ким кофирга қарата: “Сен омондасан”, “Сенга зиён берилмайди”, “Сени ҳимоямга олдим”, “Тўхта”, ёки “Қуролингни ташла”, деса, унга омонлик берган бўлади”[2].

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ юқоридаги сўзини шарҳлар экан шундай дейди: “Негаки, кофир бу сўзларни унга нисбатан худди салом беришга ўхшаш “омонлик” деб эътиқод қилади. Қолаверса, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Аллоҳ таоло барча тилларни билади. Сизлардан кимда ким ажамлардан бўлса-ю, (кофирга қарата): “Матарс” (яъни “қўрқма”), деса, унга омонлик берган бўлади[3].

Шунингдек, мусулмон ўлкаларга кириш визаси, ишлаш ёки вақтинча яшаш учун рухсатнома ва ҳоказо ҳужжатлар билан кирган ғайридинлар ҳам омонлик битими олган ҳисобланадилар.

(2) Гарчи омонлик шартномаси тузилган бўлмасада, одатда омонлик саналган ишлар билан омонлик шартномаси собит бўлаверади.

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: “Кимда ким ислом диёрига омонлик шартномасисиз кириб, ўзини элчи ёки савдогар эканини даъво қилса ва ёнида сотиш учун товарлари бўлса, омонлик тўғрисидаги даъвоси қабул қилинади[4].

(3) Вояга етмаган фарзандлар каби омонлик олган ғайридинга тобе бўлган ва ундан ажралмайдиган инсонлар омонлик шартномасида унга тобе бўладилар. Бинобарин, уларнинг ҳам алоҳида омонлик шартномаси олиши шарт эмас.

(4) Агар куфр диёрига мансуб бўлган ғайридин бирон сўз ёки хатти-ҳаракатдан унга омонлик берилганини тушунган бўлса, гарчи биз мусулмонлар унга омонлик беришни мақсад қилмаган бўлсакда, омонлик собит бўлаверади.

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ишора ҳам сўз кабидир. Умар розияллоҳу анҳу айтади: “Агар сизлардан бирингиз мушрикка қараб бармоғи билан осмонга ишора қилса-ю, (унинг бу ишорасини кўрган) мушрик унинг олдига келса ва у мушрикни қатл қилса, албатта мен уни (яъни, мушрикни қатл қилган кишини) қатл қиламан”. Имом Аҳмад айтади: “Агар ғайридинга омонликдан бошқа нарса ишора қилинса-ю, у буни омонлик деб ўйласа, қилган ишораси омонликдир. Ажам ғайридинлар омонлик деб билган ҳар қандай сўз ва хатти-ҳаракатлар омонлик саналади[5].

Масала: ислом ўлкаларидаги ғайридин чет эл фуқароларини ўлдириш жоизми?

Доктор Саййид Ҳусайн Аффоний ҳафизаҳуллоҳ айтади: “Дарҳақиқат, ислом ўлкалрига кирган чет эл фуқаролари хоҳ саёҳатчи, хоҳ табиб, хоҳ бирон соҳа мутахассиси ёки бошқа ким бўлишидан қатъий назар мусулмонлар юртига биргина омонлик кўриниши эмас, балки омонлик шартномасини ифода этувчи бир неча шакл ва кўринишларга эгадирлар. Аввало улар ислом ўлкаларига ҳақиқий паспортлар билан кирадилар ва бу паспортларга кириш визалари урилган бўлади. Чет эллик мутахассислар, табиблар ва тижоратчилар эса ишлаш ёки вақтинча яшаш тўғрисидаги рухсатнома ёхуд зиёрат учун чақириқ қоғози билан кирадилар. Мазкур ҳужжатларнинг ҳар бири аниқ, асосли ва ёзма омонлик шартномасининг кўринишларидир.

Шу боис, мазкур тариқа ислом ўлкаларига кирган ғайридин чет элликларни ўлдириш шаръий жиҳатдан катта хато ва ноҳақ ҳамда бирон шаръий сабабсиз уларнинг жонига тажовуз қилишдир. Аллоҳнинг шариатига амал қилган ҳар бир мусулмон киши бундай ишлардан четланиши ва бошқаларга ҳам насиҳат қилиши, бу ишга қўл урганларга имкон қадар эътироз билдириши ва тўсқинлик  қилиши лозим”[6].

[1] Муслим (1767), Абу Довуд (3030) ва Термизий (1607) ривоят қилишган.
[2] “Ал-муқнеъ” (1/517).
[3] Собиқ манба.
[4] Собиқ манба (1/518-519).
[5] Собиқ манба (1/517).
[6] Доктор Саййид Ҳусайн Аффоний, “Фурсонун наҳор”.

Изоҳ қолдиринг