Тилла ва кумушдан бошқа тақинчоқ тақишнинг ҳукми

0

Савол:

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Аёл киши тилла ва кумушдан бошқа тақинчоқ тақиши жоизми?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Аёл киши ҳар қандай металдан ясалган тақинчоқ тақиши жоиз. Бунга Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйланмоқчи бўлган саҳобийга: “Гарчи темир узук бўлса ҳам маҳр топ” – деган сўзлари далил бўлади (Бухорий (5533) ва Муслим (2554) ривояти). Агар темир узук тақиш ҳаром бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай демаган бўлардилар. Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, бу ҳадис соф темирдан ясалган узук тақиш жоиз эканига далил бўлса-да, бироқ у узукларнинг энг паст нави эканига далил бўлади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу гапни маҳр учун бошқа нарса тополмаган камбағал кишига айтганлар. Қолаверса, соф темирдан ясалган узукларнинг ёқимсиз ҳиди бўлади. Шу боисдан имкон қадар соф темирдан ясалган тақинчоқ тақмаган афзал.

Баъзи уламолар имом Термизий ривоят қилган қуйидаги ҳадисга асосан темир ва мис тақинчоқ тақиш жоиз эмас, дейишган: Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам темир узук тақиб олган бир кишини кўриб: “Нега дўзахийларнинг тақинчоғини тақиб олдинг?!” – дедилар. Бироз муддатдан сўнг у мис узук тақиб келди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Нега сендан бутларни ҳиди келаяпти?!” – дедилар. Яна бироз муддат ўтгач, у тилла узук тақиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Нега жаннатийларнинг тақинчоғини тақиб олдинг?!” – дедилар. Шунда ҳалиги киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Нимадан ясалган узук тақай?” – деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кумушдан, вазни бир мисқолга етмасин” – дедилар (Термизий (1785) ривояти). Бироқ бу ҳадиснинг санадида Абу Тайба Абдуллоҳ ибн Муслим деган киши борлиги ҳамда унинг бу ҳадиси имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилган юқоридаги ҳадисга тескари келгани учун уламолар уни заиф ва шоз дейишган, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг