Таҳорат китоби

0

Тўққизинчи ҳадис

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пояфзал кийиш, соч-соқолларни тараш, покланиш ва барча ишларда ўнг томондан бошлашни хуш кўрар эдилар” [Бухорий: 168, 5854 ва Муслим: 268].

Шарҳ:

Ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мазкур ишларни ўнг томондан бошлашни афзал кўриши айтилмоқда. Санъоний роҳимаҳуллоҳ айтади: “Аллоҳ ва Унинг расули яхши кўрган иш вожиб ёки мустаҳаб бўлади”.

Ҳадисдаги “покланиш” деган сўз таҳорат ва ғусл қилиш, шунингдек,  нажосатларни кетказишни ўз ичига олади.

Ҳадисдаги “барча ишлар” деган сўздан пояфзал кийиш, соч-соқолларни тараш ва покланиш каби яхши ишлар назарда тутилган. Шайх Тақийюддин айтади: ““барча ишлардегани умумий сўз бўлиб, ундан ҳожатхонага кириш, масжиддан чиқиш ва шу каби чапдан бошланадиган ишлар мустасно қилинади”.

Ушбу ҳадисдан мўминларнинг оналари, айниқса, ҳофиза[1] ва олима Сиддиқа бинти Сиддиқ, яъни Ойша бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳумонинг фазилатини кўришимиз мумкин. Дарҳақиқат, мўминларнинг оналари – Пайғамбаримизнинг завжаи мутаҳҳаралари ислом умматига у зотнинг амалларини, хоссатан, аҳли оиласидан бошқа инсонлар кўрмайдиган уй ичидаги амалларини ва бундан бошқа талай илмларни етказдилар. Мазкур ҳадисда Ойша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яхши кўрган одатлари: пояфзал кийиш, сочни тараш ва тартибга солиш, бетаҳоратликдан покланиш ва шу каби ишларда ўнг томондан бошлашни хуш кўришликлари ҳақида хабар бермоқда. Мазкур ишларга кийим кийиш, ухлаш, еб-ичиш ва ҳоказо ишларни ҳам қўшиш мумкин. Бу каби ишларда ўнгдан бошлаш бир жиҳатдан некбинлик (оптимизм) қабилидан бўлса, бошқа бир жиҳатдан ўнг томонни чап томондан устун қўйишдир. Нопок ишларни эса чапдан бошлаш ёхуд чап қўл билан бажариш афзал. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўнг қўл билан истинжо қилиш ва жинсий олатни ушлашдан қайтарганлар. Зеро, ўнг томон ёхуд ўнг қўл пок ишлар учун, чап қўл ёхуд чап томон эса бундан бошқа ишлар учун қўлланилади.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Тоза ва яхши ишларни ўнг томондан бошлаш ҳам шариат, ҳам ақл ва ҳам соғлиқ томонидан афзал. Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Шариатдаги умумий қоидага кўра ҳурмат-эҳтиром ва зийнат қабилидан бўлган яхши ишларни ўнгдан бошлаш, бунинг акси бўлган ишларни эса чапдан бошлашлик мустаҳаб саналади”.

2 – Ифлос ва нопок ишларни чапдан бошлаш ҳам шариат, ҳам ақл нуқтаи назаридан муносиброқдир.

3 – Муборак шариатимиз инсонларни ислоҳ қилиш, тарбиялаш ва турли зарарлардан ҳимоя қилиш учун келган.

4 – Таҳорат аъзоларини ювишда ўнг тарафдан бошлаш афзал. Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Уламолар таҳорат аъзоларини ўнг томондан бошлаб ювиш суннат эканига ижмо қилишган. Ким бунга хилоф иш тутиб, (чап томондан бошлаб) ювса, таҳорати дуруст саналади. Бироқ ўнгдан бошлаш фазилати – савобидан маҳрум бўлади”. Имом Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: “Таҳорат аъзоларини ўнг томондан бошлаб ювиш фарз эмаслиги хусусида уламолар ўртасида хилоф йўқ”.

[1] Арабча “ҳофиза” сўзи ўзбек тилида “ёд олувчи, сақловчи” маъноларини ифодалайди. Ойша розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўплаб ҳадисларни ёд олиб ривоят қилгани боис ҳофиза деб айтилмоқда.

Изоҳ қолдиринг