Солиҳ алайҳиссалом қавмини ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга даъват қилиши (4)

0

 Солиҳ алайҳиссалом қавмини ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга даъват қилиши

Дарҳақиқат, биз юқорида Самуд қавмининг араб миллатига мансуб экани, уларнинг Од қавмидан кейин яшагани ва бу қавмнинг бошига тушган ҳалокатдан ибрат олмаганини айтиб ўтдик. Пайғамбарлари Солиҳ алайҳиссалом уларга шундай деган эди: “Самуд қавмига насабдош биродарлари Солиҳни пайғамбар қилдик. У айтди: “Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Сизларга Парвардигорингиз томонидан ҳужжат келди. Мана бу Аллоҳнинг туяси сизлар учун оят — мўъжизадир. Шундай экан, уни холи қўйинглар, Аллоҳнинг ерида еб-ичиб юраверсин ва унга бирон ёмонлик етказманглар. Акс ҳолда, аламли азобга йўлиқасизлар. Сизларни Од қавмидан кейинги авлодлар қилиб қўйгани, сизларга ерни маскан қилиб бергани, унинг текисликларида қасрлар бино қилганингиз ва тоғларни тарошлаб уйлар қуриб олганингизни эслангиз! Бас, Аллоҳнинг неъматларини эслангиз ва ерда бузғунчилик қилиб юрмангиз!” [Аъроф: 73-74]. Яъни, Од қавмидан кейин уларнинг бошига тушган ишдан ибрат олишингиз ва уларнинг амалидан фарқли ўлароқ, солиҳ амаллар қилишингиз учун Аллоҳ таоло сизларни уларнинг ўрнига ўринбосар қилди. Сизларга мана бу ерни бериб қўйди ва сизлар унинг текисликларида қасрлар барпо қиласизлар, ниҳоятда усталик ва моҳирлик билан тоғларни йўниб уйлар ясайсизлар. Шундай экан, Аллоҳнинг бу неъматларини унга шукрона келтириб, солиҳ амал қилиб ҳамда ёлғиз ва шериксиз Унинг ўзигагина ибодат қилиш билан қарши олингиз. Асло Аллоҳга қарши чиқиб, Унга итоат қилишдан бош торта кўрманг. Зеро, бунинг оқибати ўта ёмон ва хатарлидир.

Шу сабабдан Солиҳ алайҳиссалом қавмига шундай панд-насиҳат қилди: “Сизлар бу ердаги нарсаларда боғлару булоқларда, экинлар ва новдалари мулойим хурмо дарахтлари (яъни, мевалари зич тизилган, мўл-кўл, чиройли ва ғарқ пишиб етилган хурмо дарахтлари) ичра қўйиб қўйилурмисиз (яъни шундай нозу неъматлардан фойдаланиб мангу яшайверамиз, деб ўйлайсизларми)?!” [Шуаро: 146-148].  “Яна моҳирлик билан тоғлардан уйлар ҳам йўнмоқдасизлар?! Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар! Ва ер юзида бузғунчилик қиладиган ва ислоҳот нима билмайдиган ҳаддан ошувчи кимсаларнинг амрига итоат этманглар!” [Шуаро: 149-152].

Солиҳ алайҳиссалом уларга яна шундай деди: “Самуд қабиласига насабдош биродарлари Солиҳни пайғамбар қилдик. У айтди: “Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. У сизларни ердан пайдо қилиб, унга жойлаштирди. Бас, Ундан мағфират сўранглар ва Унга тавба-тазарру қилинглар. Албатта, Парвардигорим яқин ва (дуоларни) ижобат қилгувчидир” [Ҳуд: 61]. Яъни, У зотнинг ўзи сизларни яратди, аслингиз бўлмиш Одамни ердан, яъни тупроқдан пайдо қилди ва сизларни бу ерни обод қилувчи кишилар қилди. Сизларга бу заминни ундаги бор экинзорлар ва мева-чевалар билан қўшиб берди. У зотнинг Ўзи яратувчи, ризқ берувчи ва ёлғиз Ўзигина ибодатга ҳақлидир, Ундан бошқаси эмас. Қилиб турган гуноҳларингиздан тийилинг ва Аллоҳга ибодат қилишга киришинг. Зеро, у сизларнинг тавбангизни қабул қилади ва гуноҳларингиздан ўтади.

 “Улар дедилар: “Эй Солиҳ, сен илгари бизнинг орамиздаги яхшилик умид қилинадиган киши эдинг-ку. Энди бизларни ота-боболаримиз ибодат қилиб келаётган бутларга ибодат қилишимиздан қайтарурмисан?! Албатта, бизлар сенинг даъват қилаётган динингдан шак-шубҳадамиз” [Ҳуд: 62]. Яъни, Биз сен бу гапингни айтишингдан: бизни ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиш, бут ва санамларга ибодат қилишни тарк қилиш ва ота-боболаримиз динидан қайтишга даъват қилишингдан илгари сенинг ақлинг комил бўлса керак деб умид қилар эдик. Шу сабабдан улар айтдилар:  “Энди бизларни ота-боболаримиз ибодат қилиб келган бутларга ибодат қилишимиздан қайтарурмисан?! Албатта, бизлар сенинг даъват қилаётган динингдан шак-шубҳадамиз” [Ҳуд: 62].

У айтди: “Эй қавмим, айтингчи, агар мен Парвардигорим томонидан аниқ ҳужжатга эга бўлсам ва менга Ўзининг раҳмати — пайғамбарликни ато этган бўлса-ю, (шундан кейин) мен У зотга исён қилсам, у ҳолда Аллоҳдан (яъни, унинг азобидан) мени ким қутқарур?! Бас, сизлар (мени исёнга чорлашингиз билан) зиёндан ўзга нарса келтирмайсизлар!” [Ҳуд: 63]. Солиҳ алайҳиссалом қавмини ширинсўзлик, мулойимлик ва чиройли услуб билан яхшиликка даъват қилди. Солиҳ алайҳиссалом қавмига деди: “Хўш, борди-ю иш мен айтгандек ва даъват қилгандек бўлса, у ҳолда  Аллоҳнинг ҳузурида ҳолингиз не кечади, қандай баҳона айтасиз?! Сизлар мендан Аллоҳга тоат-ибодат қилишга даъват қилмасликни талаб қилар экансиз, Унинг қўлидан сизларни ким қутқара олади?! Айни пайтда мен бу даъватни тарк қила олмайман. Чунки бу менинг зиммамдаги фарздир. Агар мен даъватни тарк қилгудек бўлсам, у ҳолда, на сизлар ва на бошқалар мени Ундан ҳимоя қила олади ва ёрдам бера олади. Шундай экан, токи Аллоҳ таоло мен билан сизларнинг ўртангизда ҳукм қилмагунга қадар, мен сизларни ёлғиз ва шериксиз Аллоҳга даъват қилавераман”.

Улар Солиҳ алайҳиссаломга яна шундай дедилар: “Ҳеч шак-шубҳасиз, сен сеҳрланган — ақлдан озган кимсалардандирсан” [Шуаро: 153]. Яъни, “Сен сеҳрлангансан. Ўзинг нима деяётганингни билмасдан бизни ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиш ва Ундан бошқа бутлардан воз кечишга даъват қилмоқдасан”. Кўпчилик муфассирлар оятни шундай тафсир қилишган. Айрим тафсир уламоларининг фикрича, оятдаги ”минал мусаҳҳарийн” ибораси “сен ҳам ўпкаси бор бир одамсан, холос” деган маънони англатади. Бироқ биринчи фикр ҳақиқатга яқинроқдир. Чунки Солиҳ алайҳиссалом қавми бу сўз ортидан мана бундай дедилар: “Сен ҳам худди бизларга ўхшаган одамдирсан” [Шуаро: 154]. “Бас, агар (пайғамбарман деган даъвойингда) ростгўйлардан бўлсанг бирон оят-мўъжиза келтир!” [Шуаро: 154]. Улар Солиҳ алайҳиссаломдан олиб келган динининг ҳақ эканига далолат қиладиган одатдан ташқари бирон мўъжиза кўрсатишни талаб қилдилар.

Изоҳ қолдиринг