Таҳорат китоби: ҳожатхонага кириш ва истинжо қилиш боби

0

Ҳожатхонага кириш ва истинжо қилиш боби

Бу бобда ҳожатхонага кириш ва ундан чиқиш ҳамда у ерда ўтириш одоблари, шунингдек, ҳожатдан сўнг истинжо қилиш усули ва нажосатдан сақланиш лозимлиги зикр қилинади. Ушбу боб таҳорат китобининг бобларидан бири саналади.

Ўн биринчи ҳадис

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У шундай дейди: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳожатхонага кирсалар: “Аллоҳумма инний аъузу бика минал хубуси вал хабоис”, дер эдилар [Бухорий: 142, 6322 ва Муслим: 375].

Дуо мазмуни: “Эй Аллоҳ, Сендан шайтонларнинг эркагу урғочисидан паноҳ беришингни сўрайман”.

Ҳадисдаги “хубус” сўзи “хабис” сўзининг кўплик тури бўлиб, эркак шайтон деган маънони билдиради. “Хабоис” сўзи эса “хабиса” сўзининг кўплик тури бўлиб, урғочи шайтон деганидир.

Мазкур дуода Пайғамбаримиз Аллоҳ таолодан эркагу урғочи шайтонлардан паноҳ беришини сўрадилар.

Шарҳ:

Ҳадисдаги “ҳожатхонага кирсалар” деган сўздан “ҳожатхонага киришни истасалар” деган маъно назарда тутилган. Зеро, муфассир уламолар Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятдаги: “(Эй мўмин бандам),  ҳар қачон Қуръон ўқисанг,” [Наҳл: 98] деган сўзини “Қўръон ўқишни истасанг” дея тафсир қилишган.

Мазкур изоҳни Имом Бухорий “Ал-адабул муфрад” китобида келтирган ривоят ҳам қўллаб-қувватлайди. Унда Анас розияллоҳу анҳу: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳожатхонага киришни истасалар…”, деган. Бинобарин, ҳожатхонага киришдан аввал мазкур дуони айтиш мустаҳаб саналади. Аммо ҳожатни ўташ учун саҳро ёки яланглик каби очиқ жойга борилса, у ҳолда ҳожат ўташдан олдин айтиш мустаҳаб бўлади.

Юқорида муаллиф зикр қилганидек, ҳадисдаги “хубус” сўзи эркак шайтон деган маънони англатади. Бироқ бир қанча уламолар ҳадисдаги “хубус” сўзи “хубс” деб ўқилади дейишган. “Хубс” сўзи араб тилида ёмонлик деган маънони билдиради. Шунга биноан ҳадиснинг маъноси қуйидагича бўлади: “Эй Аллоҳ, Сендан барча ёмонликлардан паноҳ беришингни сўрайман”. Албатта, ҳадисни ушбу иккинчи изоҳга кўра тушунсак, умумийроқ маънони ифода этади. Негаки, бу ердаги ёмонлик сўзи аввалги изоҳда айтилган эркагу урғочи шайтонларни ҳам ўз ичига олади. Шунинг учун мазкур дуони иккинчи кўринишга кўра ўқиган афзал.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга хизмат қилишдек шарафга эришган зот Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу бизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳожат ўташдаги одоблари ҳақида хабар бермоқда. Дарҳақиқат, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳга кўп дуо-илтижо қилувчи зот эдилар. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳнинг зикри ва Ундан паноҳ сўрашни асло тарк қилмас эдилар. У зот алайҳисалом агар ҳожатхонага кирмоқчи бўлсалар Аллоҳ таолодан уни турли ёмонликлар, жумладан нажосатдан сақлаши ҳамда шайтонлардан паноҳ беришини илтижо қилиб сўрар эдилар. Зеро, шайтонлар ҳар доим мусулмон кишининг дин ва ибодатини бузишга ҳаракат қилишади.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам маъсум бўлиши, яъни Аллоҳ таоло у зотни турли ёмонлик ва зарарлардан ҳимоя қилганига қарамасдан ёвузликдан паноҳ сўраган эканлар, демак, бизлар душманимиз шайтондан янада кўпроқ огоҳ бўлишимиз ва унинг динимизга путур етказишидан эҳтиёт бўлишимиз лозим.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Ҳожатхонага мазкур дуони ўқиб кириш мустаҳаб. Зеро, у намозни бузишга ҳаракат қилувчи шайтондан ҳимоя қилади.

2 – Шайтонлар банданинг намозини бузиш учун уни нажосатлар билан булғашга ҳаракат қилишади. Шу сабабдан банда уларнинг ёмонлигидан сақланиш учун Аллоҳдан паноҳ сўраши лозим.

3 – Нажосатлардан четланиш ва ундан сақланишга олиб борувчи сабабларга риоя қилиш вожиб. Зеро, саҳиҳ ҳадисларда сийдикдан сақланмаслик қабр азобига сабаб бўлиши айтилган.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг