Қиз болага Малак деб исм қўйиш жоизми?

0

Савол:

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Қиз фарзандга Малак исмини қўйиш мумкинми?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Малак исми араб тилидан олинган бўлиб, фаришта маъносини ифодалайди. Аҳли илмлар қизларга бу исмни қўйиш тўғрисида уч хил фикр билдиришган:

1) Бу исмни қўйиш жоиз: бу фикрдаги уламолар айтишича, бундай исм қўйиш жоиз эмаслигига бирон бир далил келмаган. Лекин бу фикр ҳақиқатдан йироқ.

2) Бу исмни эркак ёки қиз бўлишидан қатъий назар, инсонларга қўйиш макруҳ. Сабаби бу исм ўзини мақташ маъносини ўз ичига олади. Чунки бу исмнинг маъноси, юқорида айтиб ўтганимиздек, фаришта дегани. Бошқачароқ қилиб айтганда, бу исмнинг эгаси гўёки ўзини “фариштаман”, дегандек бўлади. Шариатимизда эса бу каби ўзига бино қўядиган исмлар қўйиш макруҳдир. Бунга Зайнаб розияллоҳу анҳонинг исми аслида (яхшилиги кўп маъноси) Барра бўлгани ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг исмини Зайнаб деб ўзгартирганлари далил бўлади (Бухорий (5839) ривояти).

3) Баъзи уламолар аёлларга Малак исмини қўйиш ҳаром дейишган. Сабаби аёлларга бундай исм қўйиш фаришталарни аёл жинсига мансуб, деган эътиқод пайдо бўлишига олиб боради. Қолаверса, бу исмни қўйиш мушриклар ҳамда насронийларнинг одати саналади. Чунки улар фаришталарни аёл жинсига мансуб, деб эътиқод қилишади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Улар Аллоҳнинг бандалари бўлмиш фаришталарни аёл дейишди. Ахир, улар фаришталарнинг яратилишига гувоҳ бўлишганмидилар?! Уларнинг бу гувоҳликлари ёзиб қўйилади ва улар бу гаплари ҳақида сўралажаклар” (Зухруф: 19).

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, жинси аёл ёки эркак бўлишидан қатъий назар, инсонларга Малак исмини қўймаган афзал. Зеро, бундан бошқа гўзал маъноли исмлар ҳам бисёр, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг