Иккинчи ҳадис: (16) ҳадисдан олинадиган айрим фойдалар

0

(Давоми)

(19) Тақдирнинг яхши ва ёмонига иймон келтириш. Тақдирга иймон келтириш масаласи саҳобалар замонасидан тортиб, то ҳозирги кунга қадар катта жангу жадалга сабаб бўлиб келган масалалардан биридир. Биз ўтган суҳбатларимизда тақдирнинг тўрт босқичи: илм, ёзиш, хоҳлаш ва яратиш босқичлари борлиги тўғрисида айтиб ўтган эдик. Тақдир мавзуси ўта муҳим бўлгани боис мазкур босқичлар ҳақида батафсил сўз юритиш мақсадга мувофиқдир.

Биринчидан: илм босқичи

Биз Аллоҳ таолонинг яратиш ва тирилтириш каби ўз ишларига тааллуқли бўлган ёки бандаларининг ҳам ишларига тааллуқли бўлган барча нарсаларни умумий ва батафсил тарзда билишига иймон келтирамиз. Бунга далолат қилувчи кўплаб далиллар бор. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ барча нарсани билувчидир” [Бақара: 282]. Аллоҳ таоло яна айтади: “Ахир У меҳрибон (ёхуд нозик ва майда-чўйда нарсаларни ҳам билувчи) ва ҳар нарсадан хабардор зот бўла туриб, Ўзи яратган нарсаларни билмасми?!” [Мулк: 14]. Жавоб: албатта билади!

  Аллоҳ таолонинг барча нарсаларни батафсил билишига келсак, бу тўғрида Анъом сурасида шундай дейилади: “Ғайб калитлари фақат Унинг ҳузурида бўлиб,  уларни ёлғиз Ўзигина билур. У қуруқлик ва денгиздаги бор нарсаларни билур. Бирон барг шохидан узилиб тушмасин, албатта У билур. Ер тубидаги бирон дон, бирон ҳўл ёки қуруқ нарса борки, албатта, очиқ китобда (яъни Аллоҳнинг илми азалийсида) мавжуддир” [Анъом: 59].

 Шу ўринда бир эътироз туғилиши мумкин: Аллоҳ таоло айтади: “Албатта Биз,  то сизларнинг орангиздаги (Бизнинг йўлимизда молу-жонлари билан) жиҳод қилгувчи ва (яхши-ёмон кунларда) сабр қилгувчи зотларни билгунимизча ҳамда сизларнинг ҳоли-хабарларингизни текшириб — юзага чиқаргунимизча сизларни имтиҳон қилурмиз” [Муҳаммад: 31]. Аллоҳ таоло айтади: “Эй мўминлар, албатта Аллоҳ ғойибда (кўрмай) туриб ўзидан қўрқадиган кишиларни билиши учун…” [Моида: 94]. Аллоҳ таоло айтади: “Ёки Аллоҳ сизларнинг ичингиздан ким ҳақ йўлда курашган-у, ким сабр-тоқат қилганини билмай туриб жаннатга кирамиз, деб ўйладингизми?!” [Оли Имрон: 142]. Юқоридаги ва унга ўхшаш бошқа оятлардан тушунилган зоҳир тушунчага кўра, Аллоҳ таоло бирон воқеа-ҳодисани у юз бергандан сўнггина билиши келиб чиқади. Маълумки, бу, Аллоҳ таоло барча нарсаларни Ўзининг азалий илми билан билишига зид тушунчадир. Бу чигалликни қандай тушуниш мумкин?

      Бу чигалликка икки томонлама жавоб бериш мумкин:

Биринчидан: Аллоҳ таоло бирон воқеа-ҳодиса содир бўлгандан кейин уни билиши билан, бу воқеа содир бўлишидан олдин уни билиши ўртасида фарқ бор. Чунки Аллоҳ таоло бирон воқеа содир бўлишидан олдин уни билиши, бу воқеанинг келажакда содир бўлишини билишдан иборат бўлса, воқеа содир бўлгандан кейин уни билиши эса, ўша воқеанинг содир бўлганини билишдан иборатдир. Бунинг тасдиғини қайсидир жиҳатдан Аллоҳнинг ирода сифати мисолида ҳам кўриш мумкин. Оламдаги ҳеч бир нарса Аллоҳ таолонинг иродасидан четда қолмайди. Ҳатто интиҳосиз келажакда содир бўладиган ишларни ҳам Аллоҳ таоло ўзининг азалий хоҳиш-иродаси ила хоҳлайди. Шунингдек, бирон нарсани яратмоқчи бўлса, уни яратиш пайтида яралишини хоҳлайди. Аллоҳ таоло айтади: “Бирон нарсани яратишни хоҳласа, унга қарата “бўл”, дейиши кифоя,  бас, у нарса вужудга келур”. Бу ирода Аллоҳнинг бирон нарсани яратишига замондош бўлган иродаси бўлиб, у Аллоҳнинг азалий иродасидан фарқлидир. Демак, Аллоҳнинг иродасини иккига: “собиқ – азалий ирода” ва “бирон нарсанинг яралишига замондош бўлган ирода”га тақсимлаш мумкин.

Иккинчидан: юқорида зикр қилинган Муҳаммад сурасининг 31-оятида “то…билгунимизча”, дейилган. Бу ердаги илмдан мақсад, савоб ёки жазо бериш унга боғлиқ бўлган илмдир. Негаки, Аллоҳ таоло ўзининг собиқ-азалий илмидан келиб чиқиб бандаларга савоб ёки жазо бермайди. Балки савоб ёки жазо имтиҳон ва синовдан сўнг бўлади. Шу боис, Аллоҳ таоло мазкур оятда “то сизларнинг орангиздаги (Бизнинг йўлимизда молу-жонлари билан) жиҳод қилгувчи ва (яхши-ёмон кунларда) сабр қилгувчи зотларни билгунимизча … сизларни имтиҳон қилурмиз”, деди.

Шундай қилиб, ушбу икки томонлама берилган жавоб орқали юқорида зикр қилинган чигаллик ҳам барҳам топади. Аллоҳга ҳамд бўлсин!

Дарҳақиқат, адашган қадарий фирқасининг айтишича, Аллоҳ таоло бандаларининг хатти-ҳаракатларини фақат бу хатти-ҳаракатлар содир бўлгачгина билиши мумкин. Уларнинг фикрича, Аллоҳ таоло бирон нарсани то у вужудга келмагунча билолмайди. Албатта, ушбу фирқа Қуръон ва суннат қатъий далолат қилган ҳамда барча мусулмонлар ижмо қилган ишни инкор қилгани сабаб кофирдирлар.

Иккинчидан: ёзиш босқичи

Тақдирнинг ёзиш босқичи бир неча турга бўлинади:

  1. Барча ишларнинг Лавҳул маҳфузда ёзилиши. Маълумки, Аллоҳ таоло Лавҳул маҳфузда барча нарсаларни битган.

  2. Умрга оид ёзув. Инсон онасининг қорнида тўрт ойлик ҳомила ҳолатида экан, Аллоҳ таоло унга бачадонлар иши бўйича масъул фариштани юборади. Аллоҳ таоло фариштага ҳомиланинг ажали, ризқи, амали, бадбахт (дўзахи) ёки бахтли (жаннатий) эканини ёзишга буюради. Бу умрга оид ёзув ҳисобланади. Негаки, бу ёзув инсон умрига тегишли бўлиб, бир марта ёзилади, шундан сўнг қайтиб ёзилмайди.

  3. Йиллик ёзув. Бу ёзув ҳар йили Қадр кечасида юз беради. Аллоҳ таоло айтади: “У кечада барча ҳикматли ишлар батафсил баён қилинур” [Духон: 4]. Демак, Аллоҳнинг барча ишлари ҳикматлидир.

Баъзи уламолар кунлик ёзув борлигини ҳам айтганлар. Улар бу фикрни исботлаш учун Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзини далил қилганлар: “Осмонлар ва ердаги барча жонзот Ундан сўрар. У зот ҳар куни бир иш-амалдадир” [Раҳмон: 29]. Бироқ оят улар даъво қилган маънони очиқча англатмайди.

Шу ўринда яна бир масала бор: битилган тақдир ўзгарадими ёки йўқми?

Жавоб: Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани ўчирур ва (Ўзи хоҳлаган нарсани) қолдирур. Асл китоб (яъни барча нарсаларнинг билими) Унинг даргоҳидадир” [Раъд: 39]. Асл китобдан мақсад Лавҳул Маҳфуздир. Унда ёзилган нарсалар албатта юз беради, у ўчирилиши ёки ўзгартирилиши мумкин эмас. Фаришталар қўлидаги саҳифалар эса ўзгартирилиши мумкин. Шу боис Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани ўчирур ва (Ўзи хоҳлаган нарсани) қолдирур”. Яна Аллоҳ таоло айтади: “Албатта яхши амаллар ёмон амалларни кеткизади” [Ҳуд: 114].

Одамлар ичида “Эй Аллоҳ, мен Сендан пешонамга битилганини қайтаришингни сўрамайман, балки лутф қилсанг бўлгани” деган дуо юради. Албатта, бу ботил ва бидъат бир дуодир. Негаки, мазкур дуодан банданинг беҳожатлиги тушунилади. Гуёки инсон бу дуо билан Аллоҳ таолога қарата: “Билган ишингни қилавер, фақат дағал муомала қилмасанг бўлгани”, дегандек! Албатта, бундай дуо қилиш нотўғри. Аксинча, инсон Аллоҳ таолодан бало-кулфатлардан буткул асрашини сўраши лозим. “Эй Аллоҳ, бало-кулфатлардан Ўзинг асра, мусибатлардан саломат қил”, “Эй Аллоҳ мўл-кўл ризқ ато эт” ва ҳоказо дуолар қилиш мақсадга мувофиқдир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Биронтангиз: “Эй Аллоҳ, хоҳласанг гуноҳларимни мағфират қил”, деб айтмасин”, дея, бундай дуо қилишдан қайтарган бўлсалар, энди “Эй Аллоҳ, мен Сендан пешонамга битилганини қайтаришингни сўрамайман, балки лутф қилсанг бўлгани”, деган гап бундан ҳам баттарроқдир!

Шуни билиш лозимки, дуо баъзан қадарни қайтаради[1]. Ҳадисда шундай дейилади: “Қадарни фақат дуо қайтаради[2]. Қанчадан қанча инсонлар борки, камбағаллигидан ҳалок бўлишига бир баҳя қолади. Сўнг Аллоҳга дуо қилса, Аллоҳ дуосини ижобат қилади. Қанчадан қанча инсонлар борки, касал бўлиб, ҳаётдан умидини узади. Шундан сўнг Аллоҳга юзланиб дуо қилади ва Аллоҳ унинг дуосини ижобат қилиб, касалига шифо беради.

Аллоҳ таоло айтади: “Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилиб, ундаги зиён-заҳматни кетказдик ҳамда Ўз ҳузуримиздан меҳрибонлик кўрсатиб, барча ибодат қилгувчиларга эслатма-ибрат бўлсин, деб (Айюбга) аҳли-оиласини ва улар билан қўшиб яна ўшаларнинг мислича бола-чақа ато этдик” [Анбиё: 84].

(Давоми бор)

[1] Аслида дуо ҳам Аллоҳ тақдир қилган ишдир. Лавҳул Маҳфузда битилган тақдир асло ўзгармайди. Шунга кўра, дуо фаришталар қўлидаги саҳифаларда битилган тақдирнигина ўзгартириши мумкин.
[2] Бухорий (7079) ва Муслим (2678) ривоят қилишган.

Изоҳ қолдиринг