Тўқизинчи қоида: (2) муаммонинг сабабини англаш

2
  1. Туғишган ака-укалар ўртасидаги жанжаллар:

Кўпчилик ота-оналар ёш фарзандлар ўртасидаги давомий уруш-жанжалларни кўриб, яхши оила барпо қилиш ва фарзандларни рисоладагидек тарбия қилишда муваффақиятсизликка учрадик, деб ўйлашади. Аслида эса, ёш фарзандлар ўртасидаги уруш-жанжаллар, модомики ҳаддидан ошиб кетмас экан, табиий ҳолдир. Баъзан туғишган ака-ука ёш болалар ўртасидаги келишмовчиликлар даҳанаки жангга айланиб кетади, бир-бирларига жисмоний талофат етказиш даражасига етиб боради.

Нима бўлганда ҳам, ота-она фарзандлар ўртасида қандайдир даражадаги рақобат ҳар қандай хонадонда ҳам мавжуд экани, бироқ одамлар одатда бу ҳақда гапирмасликлари ёки яширишларини яхши англаб етишлари зарур.

Фарзандлар ўртасида рақобат ва адоватга олиб борувчи энг муҳим омиллар қуйидагилар бўлса ажаб эмас:

  • Ёш болалар гарчи бир ота-онадан туғилган бўлсаларда, уларнинг характер ва дидлари бир хил бўлавермайди. Шунингдек, кундалик муомала ҳамда айрим уй жиҳозлари ёки ўйинчоқлар устидаги талашувлар улар ўртасида талай низо ва келишмовчиликларни келтириб чиқаради. Бу борадаги умумий қоида шундан иборатки, инсонлар қўлга киритишни орзу қилган нарсалар ҳар доим воқеликда мавжуд бўлганидан кўра кўпроқдир. Бинобарин, ёш фарзандлар уйда мавжуд бўлган талай нарсалардан биргаликда фойдаланар эканлар, бу нарсалар устида низолар келиб чиқиши қарийб қатъий хулосадир!

  • Ёш бола ота-онасининг ака-укаларидан бирига бўлган эътибори ва уни бошқалардан устун қўйишини кўриб, ака ёки укасига нисбатан қалбида адоват ва нафрат пайдо бўлади. Кўпчилик ота-оналар фарзандлари ўртасида адоват ўти алангаланишида уларнинг ҳам қўли борлигини пайқамайдилар. Улар фарзандларидан бирининг заковоти, итоаткорлиги, қад-қоматининг келишганлиги ва ҳоказо сифатларини унинг ака-укалари ҳузурида бамайлихотир мақтайверадилар. Албатта, бу қадим тарихдан мавжуд бўлган масала; Юсуф алайҳиссалом ака-укаларининг сўзларига бир қулоқ солинг-а: “Ўшанда улар (яъни, Юсуфнинг ўгай оғалари) айтган эдилар: “Гарчи биз кўпчилик бўлсак-да, шак-шубҳасиз, Юсуф ва унинг биродари (Бинёмин) отамизга биздан кўра суюклироқдир. Дарҳақиқат, отамиз очиқ залолатдадир. Юсуфни ўлдиринглар ёки бирон ерга олиб бориб ташланглар, (шундагина) оталарингиз фақат сизларга боқар. Кейин эса (тавба-тазарру қилиб) солиҳ қавм бўлиб олурсизлар” [Юсуф: 8-9].

Дарҳақиқат, ёш болалар ота-онасининг муҳаббатини қозониб, уларни ўзиники қилиб олишга интиладилар. Шу боис, бола ўзи қолиб, ака-укаларидан бири бу ишни уддасидан чиққани кўрса, унга нисбатан дилида адоват ва нафрат пайдо бўлади. Бинобарин, ота-оналар бу масалага жиддий эътибор қаратишлари лозим.

  • Баъзан бола қандайдир сабабга кўра ота-онасидан ранжиши мумкин. Бироқ у дилидаги норозиликни уларга изҳор қила олмайди. Бундай пайтларда бола ичидаги “заҳри”ни кичик укасига сочади: унга тегажоқлик қила бошлайди. Албатта, бирон бир хонадон бундай ишлардан холи эмас.

  • Айрим ёш болалар ота ёки онасининг укасидан норозилигини пайқаса, уларнинг тарафини олиб укасига таъзир беришга ҳаракат қилади. Худди шундай, қиз бола ҳам онасининг синглисидан норозилигини сезса, онасига бўлган вафодорлиги ва муҳаббатидан келиб чиқиб синглисини уриши мумкин.

  • Она-оналарнинг салбий тарзда фарзандлар ўртасини солиштириши бу ишдан зарар кўрган фарзанд дилини гина-кудурат билан тўлдиради. Масалан, баъзан она қизларидан бирига шундай дейди: “Сен жуда бетартибсан, тоза-озодаликка эътибор бермайсан. Бунинг учун нима қилиш лозимлигини опанг (ёки синглинг) фалончидан ўргансанг бўларди!”. Оналарнинг бундай услубни қўллаши “айбдор” қизининг дилида опа ёки синглисига нисбатан адоват ва нафрат пайдо қилади. Эътиборга сазовор жойи шундаки, бунга фарзандлари ўртасида ана шундай салбий тарзда таққослаш ўтказган онанинг ўзи сабабчидир. Баъзан фарзандлардан бири ниҳоятда иқтидорли бўлиб чиқади. Кун ва ой сайин турли туман муваффақиятларни қўлга кирита бошлайди. Ҳар муваффақият қозонганида ота-онасининг кўпроқ назари ва эътиборига туша бошлайди. Бу аснода қолган фарзандларда “ота-онамиз бизларга нисбатан эътиборсиз бўлиб қолганлар”, деган ҳис-туйғу кучайиб боради. Шу боис, фурсат топилди, дегунча иқтидорли оғаларини пастга уришга, ҳатто унга қарши фитналар уюштиришгача борадилар.

  • Баъзи ҳолатларда тўнғич ўғилга ота-она томонидан ўз укаларини бошқариш ёхуд ўғил фарзандларга улар оила номуси ва шарафининг ҳимоячилари бўлгани боис опа-сингилларни бошқариш учун кенг ваколатлар берилади. Уларга бу тариқа кенг ваколатлар бериш фарзандлар ўртасида адоват пайдо бўлишига олиб келади. Ўртанчи ўғил ўз акасидан таҳқирлаш ва ёмон муомалани кўргач, у ҳам ўз ўрнида ўчини укасидан олади. Кўриб турганингиздек, бундай нохуш натижаларнинг келиб чиқишига ота-оналарнинг ўзлари сабабчи бўладилар.

Ёш болалар бошдан кечирадиган муаммолар сабабини англаб етиш хусусидаги юқорида келтирилган намуна ва мисолларни келтиришдан мақсад, фарзандларимизда учрайдиган муаммолар, қийинчиликлар ва бузилишларнинг асл илдизини идрок этиш зарур эканига танбеҳ беришдир. Буни идрок этиш ва англаш учун биринчидан, фарзандларимизга кўпроқ этибор қаратиш ва иккинчидан, муттасил тарбиявий билимимизни ошириб боришимиз зарур. Фарзандларимизни тўғри тарбиялашимизда Аллоҳ таолонинг ўзи барчамизга мададкор бўлсин!

Discussion2 fikr

  1. Assalamu aleykum xurmatli sheyh bizni bir birodarimizni farzandlarini qo’lida 6 ta barmoq bor shuni aperatsiya qilib oldirmoqchilar shunga shariatga joizmi

Изоҳ қолдиринг