Ҳожатхонага кириш ва истинжо қилиш боби

0

Ўн тўртинчи ҳадис

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ – رضي الله عنه – أَنَّهُ قَالَ: “كَانَ رَسُولُ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – يَدْخُلُ الْخَلاءَ  فَأَحْمِلُ أَنَا وَغُلامٌ نَحْوِي إدَاوَةً مِنْ مَاءٍ وَعَنَزَةً فَيَسْتَنْجِي بِالْمَاءِ”  (رواه البخاري: 152 و مسلم: 271)

 

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳожатхонага кирадиган бўлсалар, мен ва мен қатори яна бир хизматкор бола кичик мешда сув ва найзани кўтариб борар эдик. У зот сув билан истинжо қилар эдилар” [Бухорий: 152 ва Муслим: 271].

Шарҳ:

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хизматчиси Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу хабар беришича, у ўзи тенги яна бир бола билан Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳожатхонага борганларида бир идишда сув ва найзани кўтариб борар эдилар. У зот идишдаги сув билан истинжо қилар ва келтирилган найзадан тўсиқ сифатида фойдаланар эдилар. Яъни, одамлар кўзи тушмаслиги учун найзани ерга санчиб, устига бирон нарса ташлаб қўярдилар.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Фақат сув билан истинжо қилиш жоиз бўлиб, бу фақат қоғоз ва кесак каби сувдан бошқа нарсалар билан истинжо қилишдан яхшироқ. Бир вақтнинг ўзида ҳам қоғоз, ҳам сув билан истинжо қилиш бундан ҳам афзалроқ. Дарҳақиқат, комил поклик ҳосил бўлиши учун нажосат ўрнини аввал қоғоз билан артиб, сўнг ортидан сув билан ювиш мақсадга мувофиқдир. Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Кўпчилик салаф ва улардан кейинги уламоларнинг фикрича, шунингдек, турли мусулмон шаҳарлардаги аҳли фатво имомлар ижмо қилишича, ҳожатдан сўнг нажосат ўрнини кесак (ёхуд қоғоз), сўнг сув билан тозалаш афзал. Ҳожатдан кейинги нажосат асоратини озайтириш ва қўлга имкон қадар оз нажосат тегиши учун нажосат ўрнини аввал кесак (ёхуд қоғоз) билан артиб, сўнг сув билан ювиш мақсадга мувофиқдир. Бироқ истинжо қилишда сув ёки кесак (қоғоз)нинг бирига чекланиш ҳам жоиз. Бу ўринда иккисидан бирининг бор ёки йўқлигининг аҳамияти йўқ. Шунга қарамай, ким кесак ёки сувдан бири билан истинжо қилмоқчи бўлса, сув билан истинжо қилгани афзал”.

2 – Мусулмон одам ҳожат ўташдан олдин нажосат асоратини кетказиш учун сув ёки кесак каби покловчи нарсаларни тайёрлаб олиши лозим. Акс ҳолда, ҳожатдан сўнг сув ёки қоғоз олиш учун ўрнидан туришга мажбур бўлади. Бу бадани ёки кийимининг нажосат бўлишига олиб боради.

3 – Инсонлар кўзидан йироқ жойда ҳожат ўташ. Албатта, бировнинг авратига қараш ҳаромдир. Шу боис ким саҳро ёки яланглик каби очиқ ерларда ҳожат ўтамоқчи бўлса, у ҳолда бирон пана жойга ўтиб ёки бирон тўсиқ қўйиб ҳожат ўташи лозим.

4 – Ёш болаларнинг катталарга хизмат қилиши ва улар хизматидан фойдаланиш жоиз.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг