Хитба – “фотиҳа”ни бузиш

0

Тўртинчидан: хитба – “фотиҳа”ни бузиш:

  1. Бузиш ҳукми:

Томонлар бир-бирига мойил бўлиб, ризолик билдиргандан кейин хитба – фотиҳани бузиш ҳукми турлича бўлиши мумкин:

А) Бирон сабабсиз хитбани бузиш макруҳдир. Чунки бунда иккинчи томоннинг дилига озор етказиш бор. Бу ҳолатда хитбани бузиш ҳаром бўлмаганига сабаб, ҳануз никоҳ шартномаси тузилиб, томонлар учун мажбурий тусга кирмаганлигидир. Бу худди бир инсоннинг бирон товар устида савдолашиб, сўнг уни сотиб олмаслик фикри пайдо бўлгани боис, савдони тарк қилишига ўхшайди[1].

Б) Бирон жўяли сабабга кўра хитбани бузиш жоиз, макруҳ бўлмайди.

В) Бошқа бир йигит қизга совчи қўйгани сабаб хитбани бузиш ҳаромдир. Негаки, олдин айтиб ўтганимиздек, ҳадисда совчи устига совчи қўйишдан қайтарилган ва бундай қилиш ҳаромдир.

  1. Ҳадяларни қайтиб олиш ҳукми:

Агар хитба бузилса, фотиҳа мобайнида йигит қизга тақдим қилган ҳадялар қисмати нима бўлади?

Бу хусусда уламолар турли фикрлар билдиришган. Бу фикрлар орасидаги энг мўътадили шундан иборатки, бу масала томонлар ўртасидаги келишув ёки жорий урф-одатга кўра ҳал қилинади. Зеро, урфда маълум бўлган ишлар томонлар ўртасида келишилган шартларга ўхшайди. Аксар ислом ўлкаларидаги урф-одатга кўра, агар хитбани бузган йигит томон бўлса, қизга тақдим қилган ҳадяларни қайтиб олмайди. Аксинча, хитба бузилишига қиз сабабчи бўлган бўлса, у ҳолда, йигит қиздан ҳадяларни қайтаришни талаб қилишга ҳақли. Бу моликий мазҳабининг фикридир[2].

Умуман олганда, ушбу масала уламолар ўртасидаги ихтилофли масалалардан биридир, ҳақиқат Аллоҳга аён.

Нима бўлганда ҳам, ҳатто хитба бузилишига қиз сабабчи бўлганида ҳам йигит олийжаноблик қилиб, қизга берган совғаларини қайтиб олмаслиги маъқул ва дини учун саломатлироқдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида шундай марҳамат қиладилар: “Бировга берган совғасини қайтиб олган кимса худди итга ўхшайди: ит қусиб, сўнг қусуғини ялайди[3]. Шунингдек, Аллоҳ таоло айтади: “Ўзаро бир-бирларингизга марҳамат кўрсатишни унутмангиз!” [Бақара: 237]. Мазкур оят мазмунидан олинган умумий тушунчадан келиб чиқиб ҳам, йигит қизга тақдим қилган ҳадяларни қайтаришни талаб қилмаслиги мақсадга мувофиқдир.

[1] “Ҳошиятус Совий алаш шарҳус сағийр”, Абу Оишнинг “Ал-итҳоф” (26-бет) китобидан нақл қилинди.
[2] Қаранг: “Фиқҳус сунна” (2/34).
[3] Бухорий (2589), Муслим (1622), Абу Довуд (3538), Насоий (6/366) ва Ибн Можа (2385) ривоят қилишган.

Изоҳ қолдиринг