Ҳожатхонага кириш ва истинжо қилиш боби

1

Ўн олтинчи ҳадис

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَبَّاسٍ رضي الله عنهما قَالَ: مَرَّ النَّبِيُّ – صلى الله عليه وسلم – بِقَبْرَيْنِ فَقَالَ: “إنَّهُمَا لَيُعَذَّبَانِ وَمَا يُعَذَّبَانِ فِي كَبِيرٍ أَمَّا أَحَدُهُمَا: فَكَانَ لا يَسْتَتِرُ مِنْ الْبَوْلِ وَأَمَّا الآخَرُ: فَكَانَ يَمْشِي بِالنَّمِيمَةِ فَأَخَذَ جَرِيدَةً رَطْبَةً فَشَقَّهَا نِصْفَيْنِ فَغَرَزَ فِي كُلِّ قَبْرٍ وَاحِدَةً” فَقَالُوا: يَا رَسُولَ اللَّهِ  لِمَ فَعَلْتَ هَذَا ؟ قَالَ: “لَعَلَّهُ يُخَفَّفُ عَنْهُمَا مَا لَمْ يَيْبَسَا”.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки қабр олдидан ўтар эканлар: “Шубҳасиз, бу икки (қабр эга)си азобланмоқда. Улар (сақланиш) қийин бўлган амал туфайли азобланишаётгани йўқ. Уларнинг бири пешобдан сақланмас, бошқа бири эса чақимчилик қилиб юрар эди”, дедилар. Сўнгра ҳўл хурмо новдасини олиб, иккига бўлдилар ва ҳар қабрга биттадан суқиб қўйдилар. Шунда саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, нима учун бундай қилдингиз?” дейишди. У зот: “Шояд, бу икки новда қуригунича улардан азоб енгиллатиб турилса”, деб жавоб бердилар [Бухорий: 216 ва Муслим: 292].

Абу Масъуд айтади: “Пайғамбаримиз новдани қабрнинг бош томонига суқиб қўйганлари саҳиҳ санад билан собит бўлган”.

Шарҳ:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари билан бирга икки қабр ёнидан ўтганларида Аллоҳ таоло у зотга ушбу икки қабр эгалари азобланаётганини аён қилди. Пайғамбаримиз умматини огоҳлантириш мақсадида саҳобаларга бу ҳақда хабар бердилар. Дарҳақиқат, бу икки қабр эгаси аслида Аллоҳ муваффақ қилган кишига тарк қилиш ва четланиш осон бўлган гуноҳ сабабли азобланаётган эди.

Уларнинг бири ҳожат ўтаганда пешобидан сақланмас ва шу сабабли бадани ва кийимларига нажосат тегар эди. Иккинчиси эса чақимчилик қилувчи, одамлар, айниқса, яқин қариндош ва дўстлар ўртасида буғзу адоват пайдо қиладиган сўзларни ташувчи шайтон сифат инсон эди. Бунинг сўзини унга, унинг сўзини бунга етказиб, шу билан улар ўртасида уруш-жанжал пайдо қиларди. Албатта, ислом дини одамлар ўртасида меҳр-муҳаббат уйғотиш ҳамда талашиб-тортишиш ва уруш-жанжалларга чек қўйиш учун келган. Меҳрибон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрда ётган бу икки кишига раҳми келганидан ҳўл хурмо новдасини олиб, уни иккига бўлдилар ва ҳар қабрга биттадан суқиб қўйдилар. Шунда саҳобалар ҳайрон бўлиб, бу ҳақда Расулуллоҳдан сўрадилар. У зот уларга жавобан: “Шояд, бу икки новда қуригунича улардан азоб енгиллатиб турилса”, дедилар.

Уламолар ихтилофи:

Уламолар қабрга новда суқиб қўйиш жоиз ёки йўқлиги борасида ихтилоф қилишган. Баъзи уламолар қабр устига новда суқиш жоиз, дейишган. Уларнинг фикрига кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мазкур амаллари умумий кўрсатма бўлиб, бу амалдан кўзланган ҳикмат ҳам тушунарлидир. Яъни қабрга суқилган ҳўл новда то қуригунича Аллоҳга тасбеҳ айтади. Шояд, унинг айтган тасбеҳи туфайли қабр эгасига бирон енгиллик етса.

Баъзи уламолар қабр устига новда суқиш жоиз эмас, деган фикрни билдиришган. Уларнинг фикрича, агар бу амални жоиз десак, ибодат қабилидан бўлади. Ҳолбуки, уни ибодат дейиш учун далил керак. Шариатимизда эса буни тасдиқлайдиган бирон далил йўқ. Мазкур ҳадис бўлса, ўша ҳодисагагина хос бўлиб, ундан кўзланган ҳикмат ҳам номаълумдир. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу икки қабрдан бошқа бирон қабрга новда суқмаганлар. Шунингдек, Бурайда ибн Ҳасийб розияллоҳу анҳудан бошқа бирон саҳоба бу амални қилмаган. Бурайда розияллоҳу анҳу вафот этганидан сўнг қабри утсига икки новда қўйишни васият қилган. Қолаверса, новдаларнинг тасбеҳ айтиши фақат ҳўлларига хос эмас. Аллоҳ таоло ҳўл ёки қуруқ бўлишидан қатъий назар борлиқдаги барча нарсалар Унга тасбеҳ айтиши ҳақида хабар бериб шундай марҳамат қилади: “Мавжуд бўлган барча нарса тасбеҳ – ҳамду сано айтиш билан У зотни поклар. Лекин сизлар (эй инсонлар), уларнинг тасбеҳ айтишларини — поклашларини англамассизлар” [Исро:44]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу амалларидан кўзланган ҳикмат ҳўл новданинг тасбеҳ айтиши ва шу сабабли қабр эгасига бирон енгиллик етиши, деб фараз қилганимизда ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу амални у зотга ўша қабрдагилар азобланаётгани аён қилингани боис қилганлар. Қози Иёз роҳимаҳуллоҳ айтади: “Пайғамбаримиз қабрга новда суқиш ҳикматиниШубҳасиз, бу икки (қабр эга)си азобланмоқда”, деган ғайбий сабаб ила изоҳладилар. Бинобарин, бунга бошқа ҳолатларни қиёс қилиб бўлмайди. Зеро, қабрда ётган одамда у зот айтган сабаб бор-йўқлиги (яъни унинг азобланаётгани) бизларга қоронғу”.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Қабр азобининг ҳақиқат экани. Бу борада кўп ҳадислар келган ва бу аксар уламоларнинг фикридир.

2 – Нажосатлардан сақланмаслик азобга дучор бўлишга сабаб бўлади. Шу боис нажосатлардан покланиш фарздир. Ушбу ҳадис гуноҳлар ичида пешобдан сақланмасликнинг қабр азобига алоҳида таъсири борлигига далолат қилади. Буни Ибн Хузайма ва Ҳоким ривоят қилган қуйидаги ҳадис ҳам қўллаб-қувватлайди: “Қабр азобининг аксари пешоб (дан сақланмаслик)дан бўлади”. Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ: “Ҳадис санади саҳиҳ”, деган.

3 – Одамлар орасида чақимчилик қилиш ҳаром ва у қабр азобига йўлиқиш сабабларидан биридир.

4 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга ўта меҳрибон ва улардан ёмонликларни аритишга ҳарис бўлганлар.

5 – Гуноҳ ва хато-камчиликларни яшириш. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабр эгаларининг исмларини айтиб ўтирмадилар.

6 – “Улар (сақланиш) қийин бўлган амал туфайли азобланишаётгани йўқ”, яъни уларнинг қабр азобига йўлиқишлари тарк қилиш қийин бўлган амал сабабли эмас эди. Негаки, чақимчиликни ташлаш ва пешобдан сақланиш қийин ишлардан эмас. Бироқ бу иккисининг ортидан катта зарарлар келиб чиққани боис азоби қаттиқ бўлди.

Фойда:

Киши жисмоний ёки молиявий ибодатининг савобини майитга бағишласа, унинг савоби майитга етиб бориш-бормаслиги борасида уламолар ихтилоф қилишган. Имом Аҳмад шундай деган: “Бу борада келган далилларга кўра, майитга барча яхши амаллар (савоби) етиб туради”. Ибн Таймиядан бу борада икки хил фикр нақл қилинган. Бир ўринда, “тириклар майитларга бағишлаган яхши амаллар савоби уларга етиб туришига уламолар иттифоқ қилган”, деган бўлса, бошқа бир ўринда, “бирон савобли амал қилиб, унинг савобини оламдан ўтган мусулмонларга бағишлаш салаф-солиҳларимиз одатларидан эмас эди. Албатта, салаф-солиҳларнинг йўлига эргашиш афзалдир”, дейди. Ибн Таймия зикр қилишича, майит дунёдаги аҳли-оиласи ва ёру дўстлари ҳолатидан хабардор бўлиши, уларнинг хурсандчилик хабарларидан хурсанд бўлиши ва ёмон хабарларидан маҳзун бўлиши борасида жуда кўп хабарлар келган.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Discussion1 комментарий

Изоҳ қолдиринг