Абу Бакр розияллоҳу анҳу: биринчи марта ҳижрат қилиши

0

Биринчи марта ҳижрат қилиши

Имом Бухорий келтирган ҳадисда Ойша розияллоҳу анҳо айтадилар:

“Эсимни танибманки, ота-онамнинг ҳар иккисини Ислом динида эканларини биламан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизникига ҳар куни эрта-кеч келар эдилар. Мусулмонлар балога дучор бўлганида Абу Бакр Ҳабашистон ерига ҳижрат қилиш ниятида йўлга чиқди. Баркул Ғимодга етганида йўлда Қора қабиласининг оқсоқоли Ибн Дағина учради. У: “Қаёққа кетаяпсан, эй Абу Бакр?” деб сўради. “Мени қавмим қувиб чиқарди. Энди ер юзида кезиб, Раббимга ибодат қилмоқчиман”, деди. “Эй Абу Бакр, сенга ўхшаган инсон чиқиб кетмайди ҳам, қувиб чиқарилмайди ҳам. Чунки сен йўқсилларга ёрдам қиласан, қариндошлик ҳаққини адо қиласан, қийналиб қолганларни қўллаб-қувватлайсан, меҳмонга эҳтиром кўрсатасан, мусибатдорларга ёрдам берасан. Мен сени ўз ҳимоямга оламан. Ортга қайтиб, Раббингга ўз юртингда ибодат қилавер”, деди Ибн Дағина. Шундан сўнг Абу Абу Бакр ортига қайтди. Ибн Дағина ҳам у билан бирга борди. Кечқурун Ибн Дағина айланиб Қурайш зодагонлари билан кўришди ва уларга: “Абу Бакр каби инсонлар чиқиб кетмайдилар ва қувиб чиқарилмайдилар. Сизлар йўқсилга ёрдам қиладиган, қариндошлик ҳаққини адо қиладиган, қийналиб қолганларни қўллаб-қувватлайдиган, меҳмонга эҳтиром кўрсатадиган, мусибатдорларга ёрдам берадиган бир одамни қувиб чиқарасизларми ахир?!”, деди. Қурайш Ибн Дағинанинг кафиллигини инобатга олди ва унга: “Абу Бакрга айт, Раббига ўз уйида ибодат қилсин. У ерда хоҳлаганича намозини ва Қуръонини ўқийверсин. Бу ишларини ошкор қилмасин ва бу билан бизга озор бермасин. Биз унинг аёлларимизни ва болаларимизни фитнага солишидан қўрқамиз”, дейишди. Ибн Дағина уларнинг гапларини Абу Бакрга етказди. Шундан сўнг Абу Бакр ўз уйида Раббига ибодат қилиб турди, намозни ошкора ўқимади, уйидан бошқа жойда қироат қилмади. Кейин Абу Бакрга ўз ҳовлисида масжид бино қилиш фикри келиб қолди ва ўша масжидда намоз ўқийдиган ва қироат қиладиган бўлди. Мушрикларнинг аёллари ва болалари унинг ёнига йиғилиб, унинг қироат қилишини томоша қилиб, ажабланишар эди. Абу Бакр кўнгли бўш одам бўлиб, Қуръон ўқиса, ўзини йиғидан тута олмас эди. Бу нарса Қурайш мушриклари ичидаги зодагонларни ташвишга солди. Улар Ибн Дағинага одам юбордилар. У етиб келгач, унга: “Биз сенинг Абу Бакрга кафил бўлишингга у Раббига ўз уйида ибодат қилиши шарти билан кўнган эдик. У эса ҳаддидан ошиб, ҳовлисига масжид қуриб олди. Намозини ва қироатини ошкора қилди. Биз унинг аёлларимизни ва болаларимизни фитнага солишидан қўрқиб қолдик. Сен уни бу ишидан қайтар. Агар у Раббига уйининг ичида ибодат қиладиган бўлса, қилаверсин. Агар бунга кўнмаса, кафиллигингни қайтариб беришини сўра. Биз сенга берган аҳдимизни бузишни истамасдик, бироқ Абу Бакрнинг ибодатини ошкора қилишига ҳам рози бўлмаймиз”, дедилар. Ибн Дағина Абу Бакр ҳузурига бориб: “Сен учун келишган аҳдимни ўзинг биласан. Ё ўшанга амал қил, ё эса аҳдимни ўзимга қайтар. Араблар менинг бировга аҳд бериб, аҳдим бузилгани ҳақида эшитишларини истамайман”, деди. Абу Бакр унга: “Мен сенинг кафиллигингни ўзингга қайтараман ва Аллоҳ азза ва жалланинг кафиллигига рози бўламан”, деб жавоб берди[1].

Абу Бакр Ибн Дағинанинг ҳимоясидан чиққанидан кейин Каъбага қараб кетаётганида қурайшнинг аҳмоқ кимсаларидан бири унга йўлиқиб, бошига тупроқ сочиб юборди. Шу ерда Валид ибн Муғийра ёки Ос ибн Воил Абу Бакрнинг ёнидан ўтиб қолди. Абу Бакр унга: “Манави аҳмоқнинг қилган ишини қара”, деган эди, у: “Буни сен ўзингга ўзинг қилдинг”, деб жавоб берди. Абу Бакр: “Эй Раббим, нақадар Ҳалимсан! Эй Раббим, нақадар Ҳалимсан! Эй Раббим, нақадар Ҳалимсан!”, дея бошлади[2].

Ушбу воқеадан олинадиган дарс ва ибратлар:

1. Абу Бакр исломни қабул қилишидан аввал қавми ичида обрў-эътиборли киши эди. Ибн Дағинанинг унга: “Эй Абу Бакр, сенга ўхшаган инсон чиқиб кетмайди ҳам, қувиб чиқарилмайди ҳам. Чунки сен йўқсилларга ёрдам қиласан, қариндошлик ҳаққини адо қиласан, қийналиб қолганларни қўллаб-қувватлайсан, меҳмонга эҳтиром кўрсатасан, мусибатдорларга ёрдам берасан” деган сўзлари ҳам шунга далолат қилади. Абу Бакр Аллоҳнинг динига обрў ё пешволик талабида кирмади, бу ишга уни фақат Аллоҳ ва Расулининг муҳаббатигина чорлади. Бунинг ортидан бошига ҳар қанча балолар келса ҳам, у фақат Аллоҳ розилигини истади, унинг Аллоҳ розилигидан бошқа бирон мақсади бўлмаган эди. У ўз диёрида эркин ибодат қилиш имкониятидан маҳрум бўлгач, Раббига ибодат қилиш учун аҳли оиласи, ватани ва қавм-қабиласини ташлаб чиқишга рози бўлди.

2. Сиддиқ ўз даъватида асосий озуқани Қуръони Каримдан олар эди. Шунинг учун ҳам Қуръони Каримни ёд олишга, тушунишга ва унга амал қилишга қаттиқ аҳамият берарди. Қуръони Каримга кўп аҳамият қаратгани учун даъвати ғоят жозибали, услуби гўзал, маъноси ўта чуқур ва ўзи даъват қилаётган мавзуда фикрлари занжири пишиқ-пухта уланган, тингловчиларнинг ҳолатлари эътиборга олинган ва далил-ҳужжати ўта кучли бўларди.

Сиддиқ розияллоҳу анҳу Қуръони Карим билан кўп таъсирланар ва тиловат қилганда ўзини йиғидан тутиб туролмас эди. Бу эса унинг иймони ўта бақувват ва қалби Аллоҳ таолога ва ўзи тиловат қилаётган Аллоҳнинг оятларига нақадар боғланган эканига далолат қилади. Зеро, йиғи кучли ғам-қайғу ё ўта хурсандчиликдан қаттиқ таъсирланишдан келиб чиқади. Ҳақиқий мўмин киши Аллоҳ таолонинг тўғри йўлга ҳидоят қилиб қўйганидан бениҳоя хурсанд бўлиш билан ушбу йўлдан тойилиб кетишдан бениҳоя қўрқиш ва қайғуриш ўртасида умр кечиради. Абу Бакрдек ҳассос ва уйғоқ фикрли киши бўлса, албатта Қуръони Каримдан охират ҳаёти, ундаги ҳисоб-китоб, азоб ва ажру савоблар хабарини ўқиб-ўрганиши билан бунинг асари кўз ёшларда кўринади. Бировнинг йиғиси уни кўрган кишига ҳам таъсир қилади. Шунинг учун ҳам мушриклар Абу Бакрнинг Қуръон ўқиб, йиғлашидан қўрқдилар ва бунинг ўз аёллари ва болаларига таъсир кўрсатиб, уларнинг исломга кириб кетишларидан хавфсирадилар.

Сиддиқ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларида тарбия топди, Аллоҳнинг Китобини ёд олиб, унга умрбод амал қилиб ўтди. У Қуръон оятлари ҳақида кўп фикр юритар, оятлар ҳақида илмсиз сўзламас эди. Бирон оят ҳақида сўралганида бу ҳақда маълумоти бўлмаса: “Агар Аллоҳнинг Китоби ҳақида Аллоҳ кўзда тутмаган нарсани айтиб қўйсам, қайси ер мени сиғдиради-ю, қайси осмон менга соя беради?!” дер эди[3].

Ўзи тушунолмаган оятлар ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан одоб ва эҳтиром билан сўрарди. Аллоҳ таолонинг “Сизларнинг хомхаёлларингиз ҳам, аҳли китобнинг хомхаёллари ҳам ҳақ эмас — кимки ёмон амал қилса, жазосини олур ва ўзи учун Аллоҳдан ўзга на бир дўст ва на бир мададкор топмас” [Нисо: 123] ояти нозил бўлганида Абу Бакр: “Ё Расулуллоҳ, белни синдириб юборадиган оят келди-ку, ахир қай биримиз ёмон амал қилмаган?!”, деб сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Абу Бакр, бошингизга мусибат келмайдими, ғам-қайғу тушмайдими, танглик етмайдими?! Ана шулар ҳам жазо ўрнига ўтади”, дедилар[4].

Албатта, Аллоҳга даъват қилувчилар Қуръони Карим билан давомий  боғланган бўлишлари, уни ўқиб, оятларини тафаккур қилиб, унинг ичидаги хазиналарни ва маърифатларни одамларга чиқариб беришлари, одамларга Қуръондаги илмий, қонунчилик оид ёки балоғат ва фасоҳатга доир мўъжизаларни кўрсатиб беришлари, унда мавжуд бўлган, азобга гирифтор бўлиб турган инсониятни урушлар ва фалокатлар гирдобидан қутқариб олиш йўлларини илғор даъват ва оммавий ахборот воситаларига ҳамоҳанг тарзда, асрга муносиб услубда очиб беришлари лозим бўлади[5].

[1] “Фатҳул Борий”: 7/274.
[2] “Ал-бидоя ван-ниҳоя”: 3/95.
[3] Суютий, “Тарихул хулафо”: 117.
[4] Имом Аҳмад ривояти (1/11). Шайх Аҳмад Шокир: “Санади заиф, бошқа йўллари ва шоҳидлари орқали саҳиҳ” деган.
[5] “Тарих ад-даъватил исломийя фий аҳдил хулафо”, 95-бет.

Изоҳ қолдиринг