Таҳорат китоби: мисвок боби (3)

0

Ўн тўққизинчи ҳадис

عَنْ عَائِشَةَ رضي الله عنها قَالَتْ: “دَخَلَ عَبْدُ الرَّحْمَنِ بْنُ أَبِي بَكْرٍ الصِّدِّيقِ – رضي الله عنه – عَلَى النَّبِيِّ – صلى الله عليه وسلم – وَأَنَا مُسْنِدَتُهُ إلَى صَدْرِي وَمَعَ عَبْدِ الرَّحْمَنِ سِوَاكٌ رَطْبٌ يَسْتَنُّ بِهِ فَأَبَدَّهُ رَسُولُ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – بَصَرَهُ. فَأَخَذْتُ السِّوَاكَ فَقَضَمْتُهُ فَطَيَّبْتُهُ ثُمَّ دَفَعْتُهُ إلَى النَّبِيِّ – صلى الله عليه وسلم – فَاسْتَنَّ بِهِ فَمَا رَأَيْتُ رَسُولَ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – اسْتَنَّ اسْتِنَانًا أَحْسَنَ مِنْهُ. فَمَا عَدَا أَنْ فَرَغَ رَسُولُ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم -: رَفَعَ يَدَهُ – أَوْ إصْبَعَهُ – ثُمَّ قَالَ: “فِي الرَّفِيقِ الأَعْلَى” – ثَلاثاً – ثُمَّ قَضَى. وَكَانَتْ تَقُولُ: مَاتَ بَيْنَ حَاقِنَتِي وَذَاقِنَتِي”

.  وَفِي لَفْظٍ “فَرَأَيْتُهُ يَنْظُرُ إلَيْهِ وَعَرَفْتُ: أَنَّهُ يُحِبُّ السِّوَاكَ فَقُلْتُ: آخُذُهُ لَكَ؟ فَأَشَارَ بِرَأْسِهِ: أَنْ نَعَمْ” هَذَا لَفْظُ الْبُخَارِيِّ وَلِمُسْلِمٍ نَحْوُهُ.

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Абдураҳмон ибн Абу Бакр розияллоҳу анҳумо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига кирди. Мен у зотни кўксимга суяб ўтирган эдим. Абдураҳмоннинг қўлида ҳўл мисвок бўлиб, у билан оғзини тозалаётган эди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга тикилиб қолдилар. Мен ундан мисвокни олдим, оғзимда юмшатдим, тозалаб Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга бердим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у билан оғизларини тозаладилар. Пайғамбаримизни бу қадар иштиёқ билан мисвок қилганларини ҳеч кўрмаганман. У зот мисвок қилиб бўлишлари биланоқ, қўлларини – ёки кўрсаткич бармоқларини кўтариб, “Фир-Рафийқил аъло” – олий даргоҳда (яшовчиларни ихтёр қиламан)”, дея уч маротаба айтиб, сўнг ҳаётдан кўз юмдилар”. Ойша розияллоҳу анҳо (фахрланиб) шундай дер эди: “Пайғамбаримиз бошларини менинг кўксимга қўйган ҳолларида вафот этдилар” [Бухорий: 890 ва 4438].

Имом Бухорий келтирган бошқа бир ривоятда Ойша розияллоҳу анҳо шундай деган: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни унга, яъни Абдураҳмонга қараганларини кўрдим. У зот мисвокни яхши кўришларини билганим учун: “Ундан мисвокни олиб берайми?”, дедим. Бошлари билан “ҳа”, деб ишора қилдилар” [Бухорий: 4449. Муслим ҳам шу маънога яқин кўринишда ривоят қилган].

Шарҳ:

Ойша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мисвок қилишни нақадар яхши кўришларини баён қилиб берадиган воқеани зикр қилмоқда. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлим тўшагида ётган пайтларида Ойшанинг акаси Абдураҳмон ибн Абу Бакр қўлида мисвок билан у зотнинг ёнларига кириб келди. Пайғамбаримиз мисвок қилишни жуда яхши кўрар, шу боис унинг қўлидаги мисвокни кўргач, ўзлари ўлим тўшагида ва оғир бетоб бўлишларига қарамай, мисвок қилишни истаётгандек унинг қўлидаги мисвокка қарадилар. Ойша у зотнинг нимани хоҳлаётганларини дарров тушуниб, акасидан мисвокни олди, ишлатилган қисмини кесиб ташлади ва бош қисмини янгилаб, уни юмшатди. Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга берди. У зот оғизларини ўша мисвок билан тозаладилар. Ойша розияллоҳу анҳо Пайғамбаримизни бу қадар иштиёқ билан мисвок қилганларини илгари ҳеч кўрмаганларини айтади. Мисвок қилиб бўлганларидан сўнг Аллоҳ таолони ёлғиз илоҳ эканига ишора қилиб, кўрсаткич бармоқларини кўтардилар ва Раб таолонинг ҳузурига риҳлат қилишни танлаганларини айтиб туриб, ҳаётдан кўз юмдилар. Ойша розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз унинг кўксида жон берганлари билан фахрланар эди. Фахрланишга ҳақли эди ҳам.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Оғизни ҳўл мисвок билан тозалаш.
2 – Мисвокни ишлатишдан олдин тозалаб олиш.
3 –  Бировнинг мисвокини тозалаб, кейин ишлатиш.
4 – Имо-ишора билан тушуниладиган ишлар инобатга олиниши.
5 – “Рафийқул аъло”, деб Нисо сурасида зикр қилинган қуйидаги зотлар назарда тутилади: “Кимда-ким Аллоҳ ва пайғамбарга итоат этса, ана ўшалар шаънлари ва қадрлари юксак бўлган ҳамда Аллоҳ таоло уларга жаннатни инъом қилиб қўйган пайғамбарлар билан, пайғамбарлар келтирган нарсаларни эътиқод, сўз ва амалда тўла-тўкис тасдиқлаган сиддиқлар билан, Аллоҳ йўлида шаҳидликка эришган зотлар билан ва солиҳ мўминлар билан бирга бўладиган кишилардир. Улар эса жаннатдаги энг яхши ҳамроҳлардир” [Нисо: 69].  

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг