Аллоҳнинг исм ва сифатлари: Раззоқ ва Розиқ исмларининг маъноси

0

Аллоҳ таолонинг бу исмлари арабча “ризқ” сўзидан олинган. Араб тилида инсонга манфаати тегадиган нарсага ризқ дейилади.

Аллоҳ таолонинг “Раззоқ” исми Қуръони Каримда бир ўринда, қуйидаги оятда зикр қилинган: “Шак-шубҳасиз, фақатгина Аллоҳ Раззоқ (яъни барчага ризқ берувчи), қувватли, кучли зотдир” (Зориёт: 58);

Аллоҳ таолонинг “Розиқ” исми эса Қуръони Каримда доим кўплик кўринишида беш ўринда айтилган. Масалан, Моида сурасида: “Бизга ризқ бергин, зеро, сен ризқ берувчиларнинг энг яхшисисан” – деб, Жума сурасида эса: “Аллоҳ ризқ берувчиларнинг энг яхшиси” – деб келган.

Бу исмларнинг маъноси ҳақида Ибн Жарир роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “У бандаларига ризқ берувчи, яъни уларнинг озуқаларини ўз зиммасига олган зотдир”[1].

Хаттобий роҳимаҳуллоҳ бу ҳақда шундай дейди: “У (барча махлуқотлар) ризқини ўз зиммасига олган, инсон ҳаёти учун керакли бўлган барча озуқаларни ато этувчи зот. Унинг ризқи ва раҳматидан ҳеч ким бебаҳра қолмайди. Бу борада Аллоҳ таоло кофир билан мўмин, дўст билан душман орасини ажратмаган. Аллоҳ таоло бақувват, паҳлавон, ақлли ва қомати расоларга ризқ бергани каби куч-қуввати, касби йўқ заиф-бечораларга ҳам ризқ беради. Аллоҳ таоло: “Ўз ризқу рўзини топа олмайдиган қанчадан-қанча жонзотлар бор. Уларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳ ризқ беради” (Анкабут: 60) ва яна: “Ердаги барча жониворларнинг ризқи ёлғиз Аллоҳнинг зиммасидадир” (Ҳуд: 6) – дейди[2].

Ҳулаймий роҳимаҳуллоҳ Розиқ исмининг маъноси ҳақида шундай дейди: “Розиқ – бандаларининг баданларига зарур бўлган барча нарсани тўла-тўкис берадиган, шунингдек, Ўз марҳамати ила уларнинг барча эҳтиёжларини вақтида етказадиган зотдир. Акс ҳолда, бу неъматлар уларга ўз вақтида келмаса, улар ҳаёт лаззатидан бебаҳра қолар, борди-ю, бу неъматлар буткул узилса, ҳаётдан кўз юмар эдилар…
Раззоқ – ризқ устига ризқ берадиган, ризқни мўл-кўл қилиб берадиган зот”[3].

Ибн Асир роҳимаҳуллоҳ айтади: “Раззоқ – ризқларни яратган ва уларни бандаларга инъом қилган зотдир”[4].

Саъдий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Раззоқ – барча бандаларига ризқ берувчи зот. Ердаги барча жониворларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У зотнинг бандаларига берган ризқи икки турли:

  • Умумий ризқ: инсон ҳаёти учун керакли бўлган ризқ. Бу барча – яхшию ёмон, олдингилару кейингиларни ўз ичига олади;

  • Махсус ризқ: банда қалбини илм ва иймон билан ризқлантириш-сўғориш ҳамда унинг дини ислоҳ бўлишига кўмаклашадиган ҳалол ризқ. Бу мўминларга хос ризқдир. Улар бу борада Аллоҳнинг ҳикмати ва раҳмати тақозосига кўра турли хил мартабада бўладилар”[5].

Аллоҳ таоло нафақат бутун инсониятни, балки бутун борлиқнинг розиқидир. Ризқ ягона Аллоҳ таолонинг қўлида ва бу масалага бандалардан ҳеч ким аралаша олмаслигини билиш инсон қалбида Аллоҳдан бошқага талпиниш ва интилишни йўқотади. Аллоҳ таоло барчага ризқ берувчи эканига иймон келтирган инсонгина ҳожатини фақат Аллоҳдан сўрайди, ёлғиз Аллоҳдан мадад тилайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумога: “Агар сўрасанг Аллоҳдан сўра. Агар мадад сўрасанг, Аллоҳдан тила” – деган сўзларининг маъноси ҳам шудир. Бу ҳақда Раббимиз шундай деб марҳамат қилади: “Эй инсонлар, Аллоҳнинг сизларга берган неъматларини эсланглар. Сизларга осмону ердан ризқ бериб турган Аллоҳдан бошқа Холиқ борми?! Шундай экан, қаерга кетмоқдасизлар?!” (Фотир: 3). Аллоҳ таоло мушрикларнинг бут ва санамларга ибодат қилишганини айблар экан, уларга: “Аллоҳни қўйиб, улар учун осмонлар ва ердан бирон нарсани ризқ қилиб бера олмайдиган, ҳеч нарсага қодир бўлмаган бутларга ибодат қилурларми?!” – дейди (Наҳл: 73). Бу оятда Аллоҳ таоло бут ва санамлар ризқ бера олмасликлари, шу боисдан ҳам улар ибодатга лойиқ эмасликларини таъкидламоқда. Бундан хулоса қилиш мумкинки, фақат бизга ризқ бериб турган Зотнинг Ўзигина ибодатга лойиқ бўлар экан.

Биз ризқимизга фақат ва фақат ҳалол йўл билан эришишга ҳаракат қилмоғимиз лозим. Зеро, ризқлар азалдан тақсимланган бўлиб, биз унга етишиш йўлида қилаётган саъйи ҳаракатларимиз уни бизга ё ҳалол, ё ҳаром қилиб беради, холос. Инсон ризқига етишишга қаттиқ ошиқ бўлгани учун ҳам, Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда шундай деб марҳамат қилади: “Одам боласи “молу давлатим, молу давлатим” дейди. Ваҳоланки, молу давлатингдан еб тугатганинг, кийиб чиритганинг ёхуд садақа қилиб (охиратга) захира қилганингига сеникидир. Бундан бошқаси ўзинг кетиб, (ортингдаги) инсонларга қолдириб кетасан” (Муслим (2958-2959) ривояти).

Биз ризқ ёлғиз Аллоҳ таолонинг қўлида, деб иймон келтирамиз. Биз ўзимизга берилган бу молу давлатларга ақлимиз ва зукколигимиз билан эмас, балки Аллоҳ таолонинг раҳмати билан эришганмиз, деб эътиқод қиламиз. Бинобарин, мўмин ўлароқ, инсонларнинг қадру қийматини Аллоҳ таоло уларга ато этган ризқ билан ўлчамаймиз. Чунки Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар дунёнинг Аллоҳ наздида пашша қанотичалик қадри бўлганида ундан кофирга бир қултум сув ҳам бермас эди” – деганлар (Термизий (2422) ривояти). Аксинча, бизга берилган бу ризқлар қўл остимиздагилар сабабли берилган деб биламиз. Шу боисдан уларга қилган хайру эҳсонимизни миннат қилмаймиз.

Аллоҳ таолонинг ризқидан ҳеч ким бебаҳра қолмайди. Ҳатто кофирлар ҳам бу дунёда У зотнинг ризқи билан яшайдилар. Бу Аллоҳ таолонинг меҳрибонлигидандир. Шунинг учун Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ҳеч ким эшитган озорига Аллоҳдан кўра сабрлироқ эмас. Улар (кофирлар) У зотнинг боласи бор, дейишади. Аллоҳ таоло уларни кечириб, уларга ризқ беради” (Муслим (2577) ривояти).

Бу дунёда бир инсонга кўп ризқ берилгани Аллоҳ таоло уни суйишига далил бўлмайди. Бироқ Аллоҳ таолони яхши танимаган кофирлар бу дунёда уларга ризқ эшиги кенг очилгани сабабли ўзларини Аллоҳ таолонинг суйган бандалари ва охиратда уларга азоб бўлмайди, деб ўйлашди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Улар: “Бизнинг молу-мулкимиз ҳам, бола-чақамиз ҳам кўп ва биз азобланмаймиз” – дедилар. Уларга:Албатта, Раббим хоҳлаганларига ризқни мўл қилади. Хоҳлаганларига эса танг қилади. Лекин аксар инсонлар билмайдилар” – денг. (Сабаъ: 35-36). Афсуски, улар қаттиқ янглишган эдилар. Аллоҳ таоло уларнинг бу нотўғри тушунчаларига шундай жавоб берди: “Молу давлатингиз ҳам, фарзандларингиз ҳам сизларни бизга яқинлаштирмайди. Бироқ иймон келтириб, солиҳ амал қилганлар учунгина қилган амаллари сабабли икки баробар мукофот бўлади ва улар жаннат хоналарида тинч бўладилар” (Сабаъ: 37). Бошқа бир оятда эса Парвардигори олам шундай дейди: “Биз уларга ато этган молу давлат ва фарзандлар ила уларга яхшиликни кетма-кет бераяпмиз, деб ўйлаяптиларми?! Йўқ, ундай эмас, балки улар (бу неъматлар уларга синов учун берилганини) ҳис қилмаяптилар” (Мўъминун: 55-56).

Мўминлар Аллоҳ таоло ато этган ризқларга таяниб, охиратни унутмайди. Зеро, бу кофироарнинг хислатидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Албатта, бизга йўлиқишни умид ҳам қилмайдиган, дунё ҳаётига рози бўлиб, у билан кўнгиллари хотиржам бўлганлар ҳамда бизнинг оятларимиздан ғафлатда қолган кимсалар, қилган амаллари сабабли уларнинг борар жойи дўзах бўлур” (Юнус: 7-8).

Аллоҳ таолога тақво қилиш ризқ ва баракага эришишнинг энг асосий омилларидан бири саналади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди: “Агар қишлоқ аҳли иймон келтириб, тақво қилишса биз уларга осмонлару ердан барака эшикларини очиб қўярдик” (Аъроф: 96). Бошқа бир оятда эса Раббимиз шундай дейди: “Ким Аллоҳдан тақво қилса, Аллоҳ унга бир ечим қилади ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ беради” (Талоқ: 2-3). Шунингдек, бунинг акси ўлароқ, гуноҳ ва маъсиятлар ризқ камайишининг омилларидандир. Аллоҳ таолонинг: “Инсонлар қилган гуноҳлари туфайли қуруқликда ҳам, денгизда ҳам фасод тарқалди. Уларга қилган баъзи гуноҳларининг жазосини таттириш учун шундай қилинди. Шояд улар бу ишлардан тийилсалар” (Рум: 41) – деган сўзи ҳам шу маънони тасдиқлайди. Юқоридаги оятда айтилган “фасод” сўзи бандаларнинг гуноҳлари сабабли қуруқликда қаҳатчилик бўлиб, ўсимликлар камайиши, барака йўқолиши, денгизда эса овланадиган денгиз ҳайвонлари камайиб кетиши, деб тафсир қилинган.

Аллоҳ таоло бандасига ато этиши мумкин бўлган энг улу ризқ бу тақводорларга ҳозирланган жаннатдир. У ерда кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва бандаларнинг хаёлига ҳам келмаган неъматлар бўлади. Шунингдек, бу ризқлар абадий бўлиб, уларнинг ниҳояси бўлмайди. Шундай экан, Аллоҳ таолодан барчамизга жаннат ризқини ато этишини сўраймиз! Зеро, у ризқ берувчиларнинг энг яхшисидир, омийн!

[1] “Жомеул баён” (27\8).
[2] “Ал-эътиқод” китоби, 58-бет.
[3] “Ал-минҳож” (1\203).
[4] “Ан-ниҳаая” (2\219).
[5] “Тайсийрул Кариймир Роҳмаан” (5\302).

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг