Усмон розияллоҳу анҳу: Макка фатҳида Абдуллоҳ ибн Абу Сарҳга воситачи бўлгани

0

 Макка фатҳида Абдуллоҳ ибн Абу Сарҳга воситачи бўлгани:

Макка фатҳ бўлган куни Абдуллоҳ ибн Саъд ибн Абу Сарҳ исмли аввал исломни қабул қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ваҳийни ёзувчи котиби бўлган, кейин муртад бўлиб, Қурайшга қайтиб кетган кимса Усмон ибн Аффон олдига келиб яширинди. Усмон унинг эмикдош оғаси эди. Усмон уни етаклаб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келтирди ва: “Ё Расулуллоҳ, Абдуллоҳнинг байъатини қабул қилсангиз”, деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан кўзларини бурдилар. Уч марта қайта-қайта сўраганидан кейингина унинг байъатини қабул қилдилар. Кейин саҳобаларга юзланиб: “Мен унинг байъатидан қўлимни тортиб турган пайтимда ичларингиздан бирор киши туриб, уни қатл қилса бўлмасмиди?!”, дедилар. Улар: “Ё Расулуллоҳ, биз сизнинг кўнглингиздан ўтган фикрни ўқий олмаймиз, кўзингиз билан ишора қилганингизда эди”, дедилар. Шунда у зот: “Пайғамбардан кўз хиёнати содир бўлиши лойиқ эмасдир”, дедилар[1].

Бир ривоятда: Макка фатҳи кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам барча одамларга омонлик бердилар, фақат тўрт кишини – Икрима ибн Абу Жаҳл, Абдуллоҳ ибн Хатол, Мақис ибн Субоба, Абдуллоҳ ибн Абу Сарҳни истисно қилиб: “Уларни гарчи Каъбанинг пардаларига осилиб олган бўлсалар-да ўлдиринглар!”, дедилар[2].

Булар ичидан Абдуллоҳ ибн Хатолни Каъбанинг пардасига осилиб олган ҳолда топдилар. Саид ибн Ҳурайс билан Аммор ибн Ёсир унга қараб интилдилар ва Саид Аммордан илгари етиб бориб, уни қатл қилди.

Икрима ибн Абу Жаҳл қочиб кетди. Денгизда кемага миниб бораркан, кучли довул турди. Кемачилар: “Қаттиқ ихлос билан Аллоҳга илтижо қилинглар, бу ерда олиҳаларингиз сизларга фойда бермайди”, дейишди. Шунда Икрима: “Аллоҳга қасамки, агар денгизда ихлосдан бошқа нарса мени қутқара олмаса, қуруқликда ҳам фақат ихлос қутқара олади. Эй Аллоҳ, Сенга аҳд бераман, агар шу ерда менга нажот берсанг, албатта Муҳаммад ҳузурига бориб, унга қўл бераман. Мен уни кечиримли инсон деб биламан”, деди. Сўнгра келиб, исломни қабул қилди ва исломи гўзал бўлди.

Мақис ибн Субобани эса Нумайла ибн Абдуллоҳ ўлдирди. Мақис аввал мусулмон бўлган, кейин бир ансорийга тажовуз қилиб, уни ўлдирган ва муртад бўлиб, мушрикларга келиб қўшилган эди.

Усмон ибн Аффон: Табук жангида

Ҳижрий тўққизинчи йилда Рум ҳукмдори Ҳирақл ўз хиёнаткор юзини Араб ярим ороли сари бурди, мусулмонларни янчиб ташлашга, батамом тор-мор қилишга аҳд қилди ва уларга қарши уруш қилиш учун жуда катта қўшин ҳозирлай бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бу ҳақда хабарлар етиб кела бошлагач, у зот саҳобаларига урушга тайёрланиш ҳақида фармон бердилар. Бу давр ёзнинг айни қаттиқ қизиган кунларига тўғри келган, қурғоқчилик ва иқтисодий танглик сабабли одамлар жуда қийин аҳволда турган бир пайт эди. Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг урушга чорловчи овозларини эшитгач, ўша заҳоти бу фармонга бўйсунишга шошилдилар. Ҳатто, камбағал ва муҳтож кишилар ҳам урушга чиқиш истагини билдириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўзлари учун от-улов ва қурол-аслаҳа сўраб кела бошладилар. Мусулмонлар алангаи оташи саҳрони ёндираётган шундай қаттол жазирамада урушга йўл олишга ҳозирликларини эълон қилишган, бироқ уруш ҳозирлиги ва жиҳод учун зарурий анжомлар етишмовчилиги юзага келган эди. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни Аллоҳ йўлида инфоқ қилишга ва жиҳод учун энг яхши молларини сарфлашга ундадилар. Шундан сўнг ҳар ким қурби етганича, озми, кўпми нарсани келтириб бера бошлади. Ҳатто баъзилар бир-икки ҳовуч бўлса ҳам топганича нарса келтирдилар. Аёллар ҳам қўшин ҳозирлигига ёрдам бўлсин деб, қодир бўлганларича билагузук, сирға, узук каби ҳар хил тақинчоқларини юбордилар. Лекин бу нафақалар улкан қўшин тайёргарлиги учун талаб қилинадиган нафақани тўла қоплай олмасди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам урушга ҳозирланиб, саф тортиб турган, бироқ етарли қурол-аслаҳа ва от-уловга эга бўлмаган мусулмонлар сафига ишора қилиб: “Ким Аллоҳ унинг гуноҳларини кечириши эвазига буларни урушга ҳозирлайди?!”, деб хитоб қилдилар[3]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу нидоларини эшитган Усмон Аллоҳнинг мағфирати ва розилиги сари ошиқди ва қўшиннинг тайёргарлигини тўлалигича ўз зиммасига олди.

Ибн Шиҳоб Зуҳрий шундай ёзади:  Усмон Табук ғазотида “қийинчилик лашкари” ҳозирлиги учун тўққиз юз қирқта туяни устидаги анжомлари билан келтириб берди ва яна олтмишта от келтириб, умумий ҳисобини мингтага етказди. У яна минг динор келтириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига тўкди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу тилла тангаларни қўлларида айлантириб туриб: “Усмонга бугундан кейин нима иш қилса ҳам зарари йўқдир”, деб икки бор такрорладилар[4]. Усмон ушбу ғазотда мол-давлат сарф қилишда пешқадамликни ҳеч кимга бермади[5].

Абдурраҳмон ибн Ҳаббоб Усмоннинг қўшинга қилган нафақаси ҳақида сўзлар экан, шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “қийинчилик лашкари”ни таъминлашга тарғиб қилиб сўзлаганларида Усмон ибн Аффон ўрнидан туриб: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ йўлида икки юзта туяни эгар-жабдуғи ва асбоб-анжоми билан бирга ўз зиммамга олдим”, деди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна тарғиб қилиб сўзладилар. Яна Усмон ўрнидан туриб: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ йўлида яна уч юзта туяни эгар-жабдуғи ва асбоб-анжоми билан бирга ўз зиммамга олдим”, деди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг минбардан тушарканлар: “Бундан сўнг Усмонга нима иш қилса ҳам зарари йўқ, бундан сўнг Усмонга нима иш қилса ҳам зарари йўқ”, деб айтганларини эшитдим[6].

Абдурраҳмон ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “қийинчилик лашкари”ни урушга ҳозирлаётганларида Усмон ибн Аффон этагида минг динорни келтириб, Расулуллоҳга берди. У зот динорларни қўлларида айлантириб туриб: “Ибн Аффонга бугундан кейин нима иш қилса ҳам зарари йўқдир”, деб бир неча марта такрорладилар[7].

Афтидан, Усмон ўшанда бутун умматнинг ягона таъминотчисига айланганди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмон қўшинига бош бўлиб, Мадина билан Дамашқ оралиғидаги Табук деган жойга етиб бордилар. Шу ерда турганларида, Аллоҳ таоло Дамашқдан юришга ҳозирлик кўриб турган Рум ҳукмдори Ҳирақлнинг кўнглига қўрқув солиб, румликлар мусулмонлар билан тўқнашишга юраклари бетламай, мамлакат бўйлаб, ўз ҳудудлари ичида тарқалиб кетишгани хабари етиб келди. Мусулмон лашкари бирон талафот кўрмай, қандай бўлса шундайлигича ортига қайтди. Хўш, шундан сўнг Усмон ўзи лашкарга тақдим этган ёрдамларини қайтариб олдими?! Асло!! Шундан кейин ҳам у мудом Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пул-мол сарфлаш ва саховат кўрсатиш ҳақидаги ҳар қандай чақириқларига “лаббай” деб жавоб берган ҳолда умр кечирди[8].

[1] “Ас-соримул маслул ала шотимир Расул”, 109-бет.
[2] Собир Абу Сулаймон, “Азвоул баён фий тарихил Қуръан”, 79-бет.
[3] Фатҳул Борий: 7/67.
[4] “Сунани Термизий”:3785. “Саҳиҳут тавсиқ”, 26-бет.
[5] “Ас-сийратун набавийя фий зовъил масодирил аслийя”, 615-бет.
[6] “Сунани Термизий”:3700.
[7] “Сунани Термизий”:3702.
[8] “Хулафоур Расул”, 138-бет. “Ал-ашара ал-мубашшарувна бил-жанна”, 31-бет.

Изоҳ қолдиринг