Жунуб инсон ғусл қилгунга қадар нималар қилиши жоиз?

0

Савол:

Ассалому алайкум. Домла, саволим қуйидагича: ғусл вожиб бўлгандан кейин шароит бўлмаган ҳолда ғусл олгунча таомланиш ёки бошқа бирон иш қилса бўладими?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ.

Оламлар Раббиси Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, у зотнинг барча оилалари ва асҳобларига Аллоҳнинг салом ва саловотлари бўлсин!

Жунуб кишига қуйидаги ишларни қилиш ҳаромдир:

1) Намоз ўқиш;

2) Каъбани тавоф қилиш;

3) Қуръонни ушлаш (жумҳур уламоларнинг фикри шундай, зоҳирийлар жоиз деган);

4) Қуръон ўқиш (жумҳур уламолар фикри);

5) Масжидда ўтириш;

Масжиддан юриб ўтиш масаласида уламолар ихтилоф қилишган. Шофеий ва ҳанбалий мазҳабларида жоиз бўлса, ҳанафийлар ман қилишган. Моликий мазҳабига кўра, масжиддан юриб ўтмоқчи бўлган жунуб киши аввал таяммум қилиши лозим. Рожиҳ фикрга кўра, жунуб инсон масжиддан юриб ўтиши жоиз.

6) Қуръон оятларини ёзиш;

Моликий мазҳабига ва шофеий мазҳабидаги бир фикрга кўра шундай. Рожиҳ фикр ҳам шу.

7) Оятдан парчалар ёзилган танга пулларни ушлаш;

Ҳанафий мазҳаби, шунингдек, шофеий ва ҳанбалий мазҳабига оид бир фикрга кўра шундай. Негаки, тангалар оятлар ёзилган саҳифага ўхшайди. Моликий мазҳабига, шунингдек, шофеий мазҳабидаги тўғри фикрга кўра, бундай тангаларни ушлаш  жоиз. Рожиҳ фикр ҳам шудир. Негаки, муомаладаги бундай тангалардан сақланиш одамларга қийинчилик туғдиради. Қолаверса, бу тангаларга мусҳаф дейилмайди ва шу жиҳатдан улар айрим оятлар ёзилган фиқҳ китобларига ўхшайди. Маълумки, жунуб фиқҳ китобларини ушлаши жоиз.

8) Бевосита Қуръонни ўзини кўтариш;

Агар Қуръон сумка каби бирон идишда бўлса, шунингдек, зарурат ҳолатларда уни кўтариш жоиз. Агар Қуръон ғилофга солинган бўлса, ҳанбалийлар ва Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг фикрича, жунуб уни кўтариши жоиз.

Жунуб одам ғусл қилмасдан ухлаши макруҳ. Имом Бухорий ва Муслим Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жунуб ҳолларида ухламоқчи бўлсалар авратларини ювиб, намозга таҳорат олгандек таҳорат олар эдилар”, дейилади. Шунга кўра жунуб кишининг таҳорат олмай ухлаши макруҳдир.

Шунингдек, жунуб киши еб-ичмоқчи бўлса, таҳорат қилиши мустаҳабдир. Имом Аҳмад ва Муслим Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жунуб бўлсалар-у, бирон нарса еб-ичмоқчи ёки ухламоқчи бўлсалар намозга таҳорат олгандек таҳорат қилар эдилар”, дейилади. Бу кўпчилик уламоларнинг фикридир.

Жунуб киши Қуръон тиловатига қулоқ солиши, тасбеҳ (субҳаналлоҳ), такбир (Аллоҳу акбар), таҳлил (ла илаҳа иллаллоҳ) айтиши, дуо қилиши ва ҳадисларни ўқиши жоиз. Шунингдек, жунуб инсон бундан бошқа барча дунёвий ишларни қилиши: биров билан суҳбатлашиши, уй-рўзғор ишлари билан машғул бўлиши ва ҳоказо ишларни қилиши жоиздир, валлоҳу аълам.

(IslamQA саҳифаси маълумотлари асосида тайёрланди)

Изоҳ қолдиринг