Фарз намозни жамоат билан қайтадан ўқиш

0

Савол:

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Бомдод намозини ўқиб бўлгандан сўнг бошқа жамоатнинг устидан чиқиб қолса, улар билан бирга намоз ўқишнинг ҳукми нима?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога, у кишининг аҳли-оиласи ҳамда саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин!

Кимда ким жамоат билан намоз ўқиганидан сўнг бошқа бир жамоатга дуч келса, шофеий ва ҳанбалийларнинг фикрига кўра, иккинчи жамоатга қўшилиб, шу намозни қайта ўқиши мустаҳаб. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жамоат билан намоз ўқимаган икки кишини кўриб, улардан жамоатга қўшилмаслик сабаби ҳақида сўраганлар. Улар ўзлари жамоат бўлиб, намозни ўқиб келишганини айтишган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар манзилларингда намоз ўқисанглар, сўнг жамоат масжидига келсанглар, бу жамоат билан бирга намоз ўқинглар. Шунда бу намоз сизлар учун нафл бўлади” – деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “манзилларингда намоз ўқисанглар” – деган сўзлари бир кишига ҳам, кўпчиликка ҳам тўри келади. Шу ҳадисга биноан, намозни ўқиб бўлгандан сўнг шу намозни жамоат бўлиб ўқилаётганининг устидан чиқиб қолган киши бу намоз қайси намоз бўлишидан қатъий назар, уни жамоатга қўшилиб, қайта ўқийди ва бу унинг учун нафл саналади. Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ “Мажмуъ” китобида айтишича, бу имом Шофеий мазҳаблари бўлиб, тобеинлардан Саид ибн Мусайяб, Саид ибн Жубайр ҳамда Зуҳрийлар ҳам шу фикрни айтишган (Аллоҳ уларнинг барчаларини Ўз раҳматига олсин). Бу фикр Али ибн Абу Толиб, Ҳузайфа ҳамда Анасдан ҳам ривоят қилинган (Аллоҳ уларнинг барчаларидан рози бўлсин). Бироқ улар шом намози қайта ўқилганида уч ракаатлик нафл бўлиб қолмаслиги учун жамоат намози тугаганидан сўнг яна бир ракаат қўшиб қўйишни айтишган[1], валлоҳу аълам.

[1] “Мажмуъ” (4\87).

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг