Намозда замсуралар кетма кетлиги қандай бўлиши керак?

2

Савол:

Ассалому алайкум. Аллоҳ ишларингизни хайрли ва баракотли қилсин. Намозда зам суралар кетма кетлиги қандай бўлиши керак? Эшитишимча, биринчи ва иккинчи ракаат оралиғида бир дона сура ташлаб ўқиш мумкин эмас экан. Бу фақат бир намоз ичидами ё фарз ва суннат орасида ҳам ташлаб бўлмайдими? Фарз намозидан олдинги суннат намозида Ихлос ва Фалақ сураларини ўқиб, кейин фарз намозида Фил ва Қурайш сураларини ўқиса бўладими?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Дарҳақиқат, рожиҳ фикрга кўра, суралардаги оятлар тартиби тавқифий, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатмалари билан бўлган. Шунга кўра, муайян сурадаги оятлар тартибига риоя қилиш вожиб, бу оятларни тескари қилиб ўқиш ҳаромдир. Энди Қуръондаги суралар тартибига келсак, жумҳур уламолар билдирган рожиҳ фикрга кўра, уларнинг тартибланиши саҳобаларнинг ижтиҳоди билан амалга ошган. Шунинг учун намозда суралар кетма-кетлигига риоя қилиш вожиб эмас. Агар инсон намозда тескари тартибда қироат қилса, масалан, биринчи ракаатда “Қурайш” сурасини, иккинчи ракатда эса “Фил” сурасини ўқиса, намози дуруст бўлаверади. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Кечалардан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга намоз ўқидим. У зот намозда Бақара сурасини замсура қилиб бошладилар. Мен “юз оят ўқиб рукуъ қилсалар керак”, деб ўйладим. Бироқ у зот юз оятдан ўтиб кетдилар. Мен “бу сурани бир ракаатда ўқисалар керак”, деб ўйладим. Бироқ у зот давом этавердилар. Энди рукуъ қилсалар керак, деб ўйловдим, Нисо сурасини бошладилар. Бу сурани ўқиб тугатиб, Оли Имрон сурасини бошладилар…” [Муслим: 772]. Мазкур ҳадис намозда суралар кетма-кетлигига риоя қилиш вожиб эмаслигига далолат қилади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аввал Нисо сурасини, сўнг Оли Имрон сурасини ўқидилар. Маълумки, Оли Имрон сураси Нисо сурасидан тартибда муқаддамдир.

 Шунга қарамай, намозда суралар кетма-кетлигига риоя қилиш афзалдир. Негаки, уммат ҳозирда жорий бўлиб турган Усмон розияллоҳу анҳу мусҳафининг тартибини бир овоздан қабул қилганлар ва бу иш мусулмонлар эргашишга буюрилган хулофои рошидинлардан бирининг суннати саналади.

Шунингдек, биринчи ва иккинчи ракаат ўртасида бир сурани ташлаб кетишнинг ҳам зиёни йўқ. Суралар кетма-кетлигига риоя қилиш афзал деганда бир намоз ичида тартибга риоя қилиш тушунилади. Шунга кўра, суннат ва фарз намозлар ўртасида суралар кетма-кетлигига риоя қилиш шарт эмас. Бунга далил бомдод намозининг икки ракаат суннатида “Кофирун” ва “Ихлос” сураларини ўқиш мустаҳаб бўлса, фарзида эса мазкур суралардан тартибда муқаддам бўлган узун сураларни ўқиш мустаҳабдир, валлоҳу аълам.

Discussion2 комментария

  1. Assalomu alaykum savolim shu ki Qaynogam hozirda nafaqadalar va ularning nafaqa pulini Qaynonam oladilar, uz pensiyasi 900000 sum va qaynogamning (1500000)pensiyasini ham, sababi ular hozirda Rossiyada, Ikkinchi kuchadan topgan ayoli bn, birinchi ayolini umuman tashlab quygan va 3 bolasiga pul ham junatmaydi. Qaynonam esa qaynogamning nafaqasidan (1500000 )sumdan bor yugi 4 kishi uchun haftasiga 100000 sumdan etadi deb jami 400000 sum berar edilar, hujaynimning qistovlari bn hozir zurga 600000 sum beryaptilar. Bir umr qaynonam qaynogamning oyligini olib urganganlar endi 2 yildan beri pensiyasini olyaptilar, ularning haqqi bormi? Qaynonam ovsinimga nisbatan zulm qilmayaptimi?

    • Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ.
      Агар қайнанангиз бераётган пул овсунингизнинг еб-ичиши ва кийим-кечаги ҳамда турар дойига етмайдиган бўлса, унда қайнанангиз овсунингизга зулм қилаётган бўлади. Бу ишидан дарҳол тийилиши, набира ва келинларини зудлик билан ўз қарамоғига олиши керак, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг