Эр-хотин ажрашган тақдирда ота фарзандига нафақа қилиши вожибми?

0

Савол:

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Аллоҳ таоло илмингизни зиёда қилсин, ислом умматига манфаатлик қилсин. Саволим: эр-хотин ажрашган. Фарзанд икки ёшлигида онаси билан қолган. Ҳозирда 16 ёшга етган. Ота-онаси ҳам намоз ўқишади. Онаси янги турмуш қурган, фарзанди у билан бирга яшайди. Отаси ҳам бошқа оила қурган. Отаси боласига алимент тўлаб келган, шу нарса жоизми? Отаси боласига моддий-маънавий ёрдам қилишни хоҳлайди. Бунинг шариатдаги ҳукми нима? Қиёматда ота боласидан сўраладими?

Жавоб:

Дарҳақиқат, уламолар ота ўзининг муҳтож вояга етмаган фарзандларига нафақа қилиши вожиб эканига ижмо қилганлар. Аллоҳ таоло айтади: “Агар (талоқ қилган аёлларингиз) сизлар учун (бола) эмизсалар (яъни ўзларининг сизлардан бўлган болаларини эмизсалар), у ҳолда уларнинг (эмизганликлари учун) иш ҳақи – нафақаларини беринглар” [Талоқ: 6]. Ушбу оятда Аллоҳ таоло оталарга фарзандларини эмизган талоқ қилинган аёлларига нафақа қилишни вожиб қилди. Шунингдек, Ҳинд бинти Утба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эри Абу Суфён розияллоҳу анҳунинг бахил инсон экани, унга ва фарзандларига етарли нафақани бермаслигидан шикоят қилганида унга қарата: “Ўзингга ва фарзандларингга кифоя қиладиган нафақани урф-одатдан чиқмаган тарзда олавер” [Бухорий ва Муслим ривояти] , дедилар. Демак, ёш фарзандларга нафақа қилиш ота зиммасидаги фарз. Бу ўринда фарзанднинг ота-онаси билан яшаши ёки улар ажрашгани боис улардан бирининг қарамоғида бўлишининг аҳамияти йўқ. Ҳар қандай ҳолатда ота фарзандига нафақа қилиши фарз.
Ота фарзандларига нафақа қилиши вожиб бўлиши учун қуйидагилар шарт қилинади:
1. Фарзанднинг вояга етмаган муҳтож бўлиши. Агар фарзанд вояга етмаган бўлсада, ўзига тегишли мол-мулки бўлиб, ёрдамга муҳтож бўлмаса, у ҳолда отаси унга нафақа қилиши вожиб эмас. Шунингдек, фарзанд вояга етиб, ўзи ишлаб пул топадиган ёшда бўлса ҳам отаси унга нафақа қилиши шарт эмас. Бироқ фарзанд вояга етиб, ўз пул топадиган бўлсада, лекин топгани эҳтиёжларига етмаса, шунингдек, қиз бола ҳам вояга етган, ўзи ишлаб пул топа оладиган бўлса, унга бой отаси нафақа қилиши вожиб ёки вожиб эмаслиги борасида уламолар ихтилоф қилганлар. Жумҳур уламоларнинг фикрига кўра, бундай ҳолатда ўзига тўқ ота ўғлига ёки то турмушга чиққунга қадар вояга етган қизига нафақа қилиши фарздир.
2. Отанинг ўзига тўқ, кундалик эҳтиёжларидан ошиқча мол-мулки бўлиши. Агар ота камбағал бўлса фарзандларига нафақа қилиши фарз эмас. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Агар биронтангиз фақир бўлса, аввало ўзидан бошласин. Агар бирон нарса ортса, бола-чақасига, улардан ҳам ортса, қариндошларига раво кўрсин”. Бошқа бир ривоятда шундай дейилади: “Аввал ўзингдан бошла, сўнг бола-чақангга қара” [саҳиҳ ҳадис].
Хулоса қилиб айтганда, ота ўзига тўқ бўлса, вояга етмаган фарзандларига, хоҳ улар ўз қарамоғида бўлсин, хоҳ талоқ қилинган аёлининг қарамоғида бўлсин, уларга нафақа қилиши вожиб. Шунингдек, фарзанд вояга етиб, ўзи пул топадиган бўлсада, бироқ топгани эҳтиёжларига етмаса, унга ҳам нафақа қилиши вожибдир. Қиз бола гарчи вояга етган бўлсада, то турмушга чиққунга қадар унга нафақа қилиш вожиб.
Юқоридаги сўзлардан келиб чиққан ҳолда, агар бола муҳтож бўлса, ота шу пайтгача боласи учун алимент тўлаши билан ўз бурчини адо этган. Ота фарзандига нафақат моддий ёрдам бериши, балки унга динни ўргатиши, таълим-тарбия бериши, одоб-ахлоқ ўргатиши ҳам фарздир. Аллоҳ таоло мўминларга қарата: “Ўзларингизни ва бола-чақангизни дўзахдан сақлангиз”, дейди. Бунинг учун инсон шариат аҳкомларини ўрганиши ва унга риоя қилиши, фарзандлари ва оиласини ҳам шунга ундаши лозим. Албатта инсон қиёматда бунинг учун жавобгар бўлади, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг