Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Мадинага ҳижрат қилиши

0

Қурайшнинг мусулмонларга озори кучайиб кетгач, баъзи саҳобалар аввал Ҳабашистонга, кейинроқ Мадинага ҳижрат қилдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам ҳижрат қилмоқчи бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан изн сўраган эди, у зот: “Сабр қилинг, ажабмаски, Аллоҳ сиз учун яхши ҳамроҳни насиб қилса”, дедилар. Абу Бакрнинг ўзи ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ҳижрат қилиш умидида эди. Ойша розияллоҳу анҳо отаси Сиддиқнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ҳижрат қилиши воқеасини шудай ҳикоя қилади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар куни эрталаб ё кечқурун, албатта Абу Бакрнинг уйига келардилар. У зотнинг ҳижрат қилишларига ва Маккадан, қавмлари ичидан чиқиб кетишларига изн берилган куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизникига кун айни қизиган пайтда, одатда келмайдиган вақтларида кириб келдилар. Абу Бакр у зотни кўргач: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай пайтда бирон иш содир бўлмаса келмас эдилар”, деди. У зот уйга киргач, Абу Бакр ўрнидан туриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга жой бўшатди. У зот ўтирдилар. Абу Бакрнинг ёнида мен ва опам Асмо бинт Абу Бакрдан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Олдингиздагиларни чиқариб туринг”, дедилар. У: “Ё Расулуллоҳ, булар қизларим-ку! Ота-онам сизга фидо бўлсин, нима гап ўзи?”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менга чиқиб кетишга ва ҳижрат қилишга изн берилди”, дедилар. Абу Бакр: “(Мен ҳам) биргами ё Расулуллоҳ?”, деб сўради. “Ҳа, биргаликда”, дедилар. Ойша деди: Шунда Абу Бакр хурсандликдан йиғлаб юборди. Аллоҳга қасамки, шу кунгача мен бировнинг хурсандликдан йиғлаганини кўрмаган эдим. Кейин у: “Ё Расулуллоҳ, мана бу икки туяни шу сафар учун тайёрлаб қўйган эдим”, деди. Сўнг улар Бани Дийл ибн Бакр уруғидан бўлган Абдуллоҳ ибн Урайқитни йўл кўрсатувчи қилиб ёлладилар ва иккала туяни унга бердилар. Унинг онаси Бани Саҳм ибн Амр уруғидан бўлиб, ўзи мушрик эди. У туяларни йўлга чиқиш вақти келгунича боқиб турди[1].

Бухорий Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган узун ҳадисда ушбу ҳодисага доир муҳим тафсилотлар келган. Унда жумладан, шундай дейилади: Ойша деди: “Бир куни қоқ пешин пайтида Абу Бакрнинг уйида ўтирган эдик, кимдир Абу Бакрга: “Анави киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам-ку, юзларини беркитган ҳолда келяптилар”, деб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай пайтда ҳеч келмасдилар. Абу Бакр: “Ота-онам у зотга фидо бўлсин. Аллоҳга қасамки, бундай соатда бирон муҳим иш бўлмаса келмаган бўлардилар”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам киришга изн сўрадилар. Изн берилгач, кирдилар ва Абу Бакрга: “Олдингиздагиларни чиқариб туринг!”, дедилар. Абу Бакр: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, улар ўз аҳлингиз, ё Расулуллоҳ”, деди. Шунда у зот: “Менга чиқиб кетишга изн берилди”, дедилар. “(Мен ҳам ) биргами, ё Расулуллоҳ?”, деди. “Ҳа”, дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Абу Бакр: “Отам сизга фидо бўлсин ё Расулуллоҳ, мана бу икки туямнинг бирини олинг”, деди. “Фақат пулга (оламан)”, дедилар. Биз туяларни зудлик билан жиҳозладик, икковлари учун йўл озуқаси ҳозирладик. Асмо бинт Абу Бакр белбоғини иккига бўлиб, сафархалта оғзини боғлади, шунинг  учун у “Зотун нитоқайн” (икки белбоғ соҳибаси) деб аталди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр билан бирга Савр тоғидаги бир ғорга бориб, унда уч кун яшириниб ётдилар. Абу Бакрнинг ёш, зийрак ва фаросатли ўғли Абдуллоҳ тунни улар олдида ўтказар, тонг қоронғусида чиқиб кетиб, тонгни Қурайш ичида, худди Маккада тунагандек оттирар эди. Сўнг у мушрикларнинг икковларига нисбатан тузаётган макр-ҳийла ва режаларини яхшилаб уқиб олиб, қоронғу тушиши билан улар ҳузурига келиб, хабарни етказар эди. Абу Бакрнинг мавлоси Омир ибн Фуҳайра эса қўйларни ҳайдаб боқиб, оқшом тушгач, улар устига келтириб, дам берарди. Икковлари тунда қўйларнинг сутидан ичар эдилар. Омир ибн Фуҳайра тонг пайти қўйларни ҳайдаб кетарди. Уч кеча мобайнида ҳар куни шундай қилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакр Сиддиқ Бани Дийл қабиласилик (Абдуллоҳ ибн Урайқит исмли) йўлга моҳир бир кишини йўл бошловчиликка ёлладилар. У Ос ибн Воил Саҳмий билан ўзаро битимга эга бўлиб, ўзи Қурайш кофирлари динида эди. Икковлари унга ишондилар ва уловларини унга топшириб, уч кечадан сўнг ғор оғзида учрашишга келишдилар. У учинчи кечанинг тонгида уловларни олиб, улар ҳузурига келди. Улар Омир ибн Фуҳайра ва йўл бошловчи ҳамроҳлигида йўлга чиқдилар. Йўл бошловчи уларни соҳил йўлидан олиб кетди[2].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр билан ғорга яширинган пайтларида мушриклар уларнинг изидан тушиб, ўша ғор жойлашган тоғ яқинида из йўқотдилар. Тоққа кўтарилиб, ғор ёнидан ўтарканлар, ғор оғзида ўригимчак тўрини кўриб: “Агар бу ғорга биров кирганида, ғор оғзида ўргимчак ини бўлмас эди”, деб ўтиб кетдилар[3]. Ўргимчак Аллоҳнинг лашкаридан бўлди. “Парвардигорингизнинг қўшинларини ёлғиз Унинг Ўзигина билур” [Муддассир: 31].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сабабларни ва эҳтиёт чораларини олганларига қарамай, фақат сабабларга суяниб қолмадилар, балки Аллоҳга комил ишонч билан, Унинг ёрдами ва қўллаб-қувватлашига тўла умидда бўлдилар, тиллари бир дақиқа бўлсин Аллоҳнинг Ўзи ўргатган дуолардан холи бўлмади. Аллоҳ таоло деди: “Ва сиз: “Эй Роббим, мени (ўзим учун яхши бўлган ўринга) ҳаққи-рост киритгин ва мени (ўзим учун ёмон бўлган ўриндан) ҳаққи-рост чиқаргин ва менга Ўзинг тарафингдан, (барча мухолифларим устидан) ёрдам берадиган собит ҳужжатни ато этгин” деб дуо қилинг” [Исро: 80].

Мушриклар ғор устига келиб, улардан бирортаси ғорга қарайдиган бўлса, уларни албатта кўрадиган бир ҳолда турганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ улар билан бирга эканини айтиб, Сиддиқнинг кўнглини хотиржам қилдилар. Сиддиқ розияллоҳу анҳу айтади: “Ғорда эканимизда мен: “Агар улардан биронтаси оёғи остига қараса, бизни албатта кўриб қолади”, деган эдим, у зот: “Эй Абу Бакр, учинчилари Аллоҳ бўлган икки киши ҳақида нима гумондасиз?!”, дедилар[4].

Аллоҳ азза ва жалла бу ҳақда Қуръони Каримда шундай деди: “Агар сизлар унга (яъни, пайғамбарга) ёрдам қилмасангиз (Аллоҳнинг Ўзи унга ёрдам қилур). Уни кофирлар икки кишининг бири бўлган ҳолида (яъни, бир ҳамроҳи билан Маккадан) ҳайдаб чиқарганларида, унга Аллоҳ ёрдам берди-ку. Ўшанда икковлон ғорда бўлган пайтларида ҳамроҳига: «Ғамгин бўлма, шубҳасиз, Аллоҳ биз билан биргадир», дер экан, Аллоҳ унинг устига хотиржамлик туширди ва уни сизлар кўрмаган лашкарлар (яъни, фаришталар) билан қўллаб-қувватлади ҳамда кофир бўлган кимсаларнинг сўзларини тубан қилиб қўйди, Аллоҳнинг сўзигина юксак сўздир. Аллоҳ қудратли, ҳикматлидир” [Тавба: 40].

Ғорда уч кун турганларидан сўнг, мушрикларнинг уларни қўлга туширишдан умидлари узилиб, қидирув ишлари тўхтагач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дўстлари билан ғордан чиқиб, йўл бошловчи ҳамроҳлигида йўлга тушдилар. У уларни Қурайш кофирлари кўзидан яширин, пастқам йўллар орқали олиб кетди.

Йўлда борар эканлар, Қудайд деган жойда хузоаликлар масканлари ёнида Умму Маъбад номли аёл ёнидан ўтдилар. Бу аёлнинг ўз эрига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таъриф-тавсифида айтиб берган гаплари машҳур сийрат китобларида келган бўлиб, Ибн Касир у ҳақда: “Унинг ҳикояси машҳур бўлиб, бир-бирини қувватлаб келган бир неча йўллардан ривоят қилинган”, дейди[5].

Қурайш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Абу Бакр Сиддиқни хоҳ тирик, хоҳ ўлик ҳолда тутиб келган кишига ҳар бири учун юз туядан мукофот эълон қилди. Бу хабар Макка атрофидаги қабилалар ичида яшиндек тарқалиб, мукофот илинжида отлиғу пиёда уларнинг изига тушиб, ҳар тарафга изғидилар. Бани Мудлиж қабиласидан Суроқа ибн Молик исмли кимса ҳам Қурайш ваъда қиган мукофотни қўлга киритиш учун анча тер тўкди. Бироқ Аллоҳ таоло Ўз қудрати билан уни истагига хилоф ўлароқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши курашувчи кишидан у зотни ҳимоя қилувчи кишига айлантириб қўйди[6].

Мадинадаги мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Маккадан чиққанларини эшитиб, ҳар куни эрталаб Ҳаррага бориб, то кун қизигунига қадар кутардилар. Бир куни узоқ кутганларидан кейин уйларига қайтгандилар. Шу пайт бир яҳудий ўз иши билан қалъа томига чиқди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ҳамроҳларини оқ кийимда, саробда кўриниб-кўринмай келаётганларини кўрди. Шунда у ўзини тутолмай бор овози билан: «Эй араблар, ана сизлар кутаётган бобонгиз келяпти», деб қичқирди. Буни эшитган мусулмонлар қуролларига қараб югурдилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Ҳаррада учрашдилар. Кейин ўнг томонга юриб, Бану Амр ибн Авф ерига манзил қурдилар. Бу воқеа Рабеул-аввал ойида, душанба кунида бўлган эди. Одамлар билан алоқа қилишга Абу Бакр ўрнидан турди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса жим ўтирардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрмаган айрим ансорлар Абу Бакрнинг олдига кела бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қуёш тушиб, Абу Бакр соя қилиш учун ўз ридосини олиб у кишининг олдиларига келганидан кейингина одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни танидилар[7].

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан Мадинага етиб келган кунлари Мадина тарихида мисли кўрилмаган қувонч ва байрам кунига айланиб кетди. У зотни кутиб олишга бутун Мадина аҳли оқиб чиққан, одамлар худди ҳайит байрамига ясангандек ясаниб олган эдилар. Бу кун дарҳақиқат улкан байрам куни эди. Чунки Ислом шу куни Маккадаги тор доирадан муборак Мадина заминида кенгайиш ва ундан бутун ер юзига тарқалиш майдонига кўчиб ўтган эди.

Мазкур кутиб олиш маросимидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Айюб Ансорийнинг ҳовлисига, Абу Бакр Сиддиқ эса Хорижа ибн Зайд Ансорийнинг ҳовлисига тушдилар.

[1] Ибн Касир, “Ас-сийратун набавийя” (2/233, 234).
[2] Бухорий, “Китобу маноқибил ансор”, Пайғамбар ҳижрати ҳақидаги боб (395-бет).
[3] «Муснад имом Аҳмад” (1/348).
[4] Бухорий, “Китобу фазоилис саҳоба” (3653).
[5] “Ал-бидоя ван ниҳоя” (3/188).
[6] “Ас-сийратун набавийя” (1/543).
[7] “Ал-ҳижрат фил қуръонил карим” (351-бет).

Изоҳ қолдиринг