Умар розияллоҳу анҳу: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кўп бирга бўлгани

0

Умар розияллоҳу анҳу: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кўп бирга бўлгани

Умар розияллоҳу анҳу жоҳилий жамиятда ўқиш-ёзишни биладиган саноқли маккаликлардан бири эди. Бу унинг болаликдан илм олишга қизиққанига, хат-саводли бўлиб, жамиятда кўзга кўринарли ўрин эгаллашга интилган озчилик кишилардан бўлганига далилдир. У ўзининг илк саводини Абу Суфённинг отаси Ҳарб ибн Умайя қўлида чиқарган, ўқиш-ёзишни ундан ўрганган эди[1]. Кейинчалик, исломни қабул қилганидан сўнг Умарнинг шахсияти шаклланишига, нафси тозаришига ва ундаги ички қобилиятлар сайқалланишига ва имкониятлари намоён бўлишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан кўп бирга бўлиши ва нубувват мадрасасининг илк ўқувчиларидан бўлиши ҳам жуда катта таъсир кўрсатди. Зеро, Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Маккада ҳам, Мадинага ҳижрат қилиб келганларидан кейин ҳам имкон қадар яқин бўлишга ҳаракат қиларди. Ўзи ўша пайтда Мадинанинг четроғи ҳисобланган, ҳозирга келиб, шаҳар кенгайиши ҳисобига масжиди набавийга қўшни бўлиб қолган Аволий маҳалласида турарди. Нубувват мадрасасининг илм ҳалқаларидан фойдаланишга, башариятнинг буюк муаллими ва йўлбошчиси қўлидан илм олиш имкониятини қўлдан чиқармасликка тиришар, ҳар бир янги оят, ҳадис, ҳукм ва кўрсатмалардан ўз вақтида хабардор бўлишга интилар эди. Умар розияллоҳу анҳунинг ўзи бу ҳақда шундай дейди: “Мен ва ансорларнинг – Мадинанинг Аволий қисмидаги – Бани Умайя ибн Зайд қабиласидан бўлган бир қўшним Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига навбатлашиб, у бир кун, мен бир кун тушар эдик. Мен тушсам, ўша куннинг ваҳий ва бошқа хабарларини келтирардим, у тушса ҳам шундай қиларди[2]”.

Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларида шогирд бўлди, у зотдан Қуръон ва Суннатни, тиловат ҳукмларини ўрганди. Аллоҳ таоло айтади: “Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло мўминларга марҳамат кўрсатиб, улар ичларида ўзларидан бўлган, уларга Қуръон ўқиб берадиган, уларни ширк ва бузуқ ахлоқлардан поклайдиган ва уларга Қуръон ва Суннатдан таълим берадиган бир пайғамбарни чиқарди. Улар ушбу пайғамбар келишидан илгари очиқ залолат ва жаҳолатда эдилар [Оли Имрон: 164].

У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ғазотларда ва ғазотдан бошқа ҳолатларда тутган ишлари ва йўлланмаларини чуқур ўзлаштиришга ҳаракат қилди. Суннати набавия ҳақида чуқур билим соҳибига айланди ва бу унинг шахсияти ва илми юксалишига кўп таъсир кўрсатди. У кўп вақтини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларида ўтказди. Бирор мажлисда у зот билан ўтирган бўлса, то Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўзғалмагунларича у ердан қўзғалмас эди. Унинг чуқур илм соҳиби эканига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ҳам гувоҳлик берганлар. У зот шундай дедилар: “Тушимда менга бир коса сут олиб келинди. Қониб ичдим, қонишлик то тирноқларимгача сизиб бораётганини кўриб турардим. Сўнг ортганини Умар ибн Хаттобга бердим”. Саҳобалар: “Буни нимага йўйдингиз, ё Расулуллоҳ”, дейишган эди: «Илмга», дедилар[3]. Ибн Ҳажар: “Бу ердаги илмдан мурод одамларни Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари билан бошқариш илмидир”, дейди[4].

Бундай илм-маърифатнинг ҳосил бўлиши эса фақат Аллоҳнинг Китоби ва Пайғамбарининг суннатини тушунишга ёрдам берадиган катта қобилият эгасигагина насиб бўлади. Умар розияллоҳу анҳу ана шундай инсонлардан эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан унинг ўртасини кучли муҳаббат боғлаб турарди. Устоз билан шогирд ўртасида муҳаббат бўлиши илм-маърифат ҳосил бўлишида жуда катта омиллардан саналади. Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қаттиқ муҳаббат қўйди. Қалби у зотга қаттиқ боғланди. Ўзини у зотга ва у зотнинг даъвати йўлида фидо қилишга ҳозир бўлди. Ҳадисда айтилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг ҳеч бирингиз то мен унга отасидан, фарзандидан ва барча инсонлардан кўра суюмлироқ бўлмагунимча (комил) иймонли бўлмайди”, дедилар[5]. Умар: “Ё Расулуллоҳ, сиз менга ўз жонимдан бошқа барча нарсадан суюмлироқсиз”, деган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, то сизга ўз жонингиздан ҳам суюмлироқ бўлмагунимча (иймонингиз комил бўлмайди)”, дедилар. Умар: “Аллоҳга қасамки, сиз энди менга ўз жонимдан ҳам суюмлироқсиз”, деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ана энди (тўғри бўлди) эй Умар”, дедилар[6].

Умар бир куни умрага боришга изн сўраганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Эй биродарим, дуойингизда бизни унутманг”, дедилар. Умар айтади: “У зотнинг менга: “эй биродарим” деган сўзларига бутун ер юзини алишмаган бўлардим[7].

Қуйида Аллоҳнинг изни билан Умарнинг жиҳод майдонларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга кечирган ҳолатларидан ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлик даврларида Мадинадаги ижтимоий ҳаётидан айрим лавҳаларни келтирамиз.

Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга жиҳод майдонларида

Уламолар Умар розияллоҳу анҳу Бадрда, Уҳудда ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам иштирок этган бирорта ҳам ғазотни қолдирмасдан барчасида қатнашган, деган сўзда иттифоқ қилганлар[8].

Бадр ғазотида:

Умар розияллоҳу анҳу Бадр ғазотида иштирок этди. Жангдан олдин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан маслаҳатлашдилар. Биринчи бўлиб Абу Бакр розияллоҳу анҳу туриб, яхши гапларни гапирди. Кейин Умар розияллоҳу анҳу туриб, у ҳам яхши гапларни гапирди ва кофирларга қарши урушишга чорлади.

Бадр куни мусулмонлардан биринчи шаҳид бўлган киши Умар розияллоҳу анҳунинг мавлоси (озод қилган собиқ қули) Миҳжаъ бўлди[9].

Ушбу жангда Умар розияллоҳу анҳу тоғаси Ос ибн Ҳишомни қатл қилди. Бу иши билан у инсонлар ўртасида бирлашиш фақат ақида асосида бўлишини, ақидадан бошқа ҳар қандай боғланиш бекор эканини исботлади. Жанг ниҳоясига етганидан сўнг асирлар масаласида маслаҳат сўралганида Умар розияллоҳу анҳу уларни қатл қилинишини ёқлаб чиқди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Аббос асирга тушганида Умар розияллоҳу анҳу унинг ҳидоятланишига қаттиқ ҳарис бўлди ва унга:  “Эй Аббос, исломни қабул қилгин. Аллоҳга қасамки, сенинг мусулмон бўлишинг мен учун (отам) Хаттобнинг мусулмон бўлишидан кўра ҳам суюмлироқ. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сенинг исломга киришингни истаётганларини кўрдим”, деди[10].

Асирлар ичида Суҳайл ибн Амр ҳам бўлиб, у Қурайшнинг кучли нотиқ одами эди. Умар: “Ё Расулуллоҳ, рухсат беринг, Суҳайл ибн Амрнинг тишларини қоқиб олай, тили осилиб, иккинчи сизга қарши гапириб юрмайдиган бўлсин”, деди. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг бу талабини рад этдилар, бундай қилиш охиратда Аллоҳнинг азобига дучор қилувчи мусла (инсоннинг қулоқ-бурун каби аъзосини кесиш) бўлишидан огоҳлантирдилар, сўнг: “Шояд у сиз айбламайдиган бир ўринда туриб (ислом фойдасига) сўз айтса”, дедилар.[11] Дарҳақиқат, шундай ҳам бўлди. Макка аҳлидан бир қанча кишилар исломдан қайтиб, муртад бўлиб кетишга яқин қолганида, ҳатто Макка волийси Аттоб ибн Усайд ҳам улардан қўрқиб яшириниб олган бир пайтда Суҳайл ибн Амр туриб, Аллоҳга ҳамду сано айтди, сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотлари ҳақида гапириб: “Бу воқеа исломнинг куч-қувватини зиёда қилди холос! Ким шак-шубҳа қилса, унинг бошини танидан жудо қиламиз”, деди. Шундан сўнг одамлар бу фикрдан қайтдилар[12].

Умар розияллоҳу анҳу Бадр жангида ўлдирилган мушриклар ҳақида сўзлаб туриб, шундай деди:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (жангдан бир кун олдин) бизга уларнинг эртага ҳалок бўладиган ўринларини кўрсатиб: “Мана бу иншааллоҳ, фалончининг эртага ҳалок бўладиган жойи, мана буниси фалончининг иншааллоҳ, эртага ҳалок бўладиган жойи”, деб айтган эдилар. Айтилган кимсалар айни ўша ўринларда ҳалок бўлишди. Мен: “Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, улар асло адашмасдан, айни сиз кўрсатган ўринларда ҳалок бўлишибди”, дедим. Сўнг буюрдилар, уларнинг жасадларини қудуққа ташланди. Кейин қудуқ лабига бордилар ва уларни номма-ном чақириб: “Эй фалончи, эй фалончи, биз Раббимиз бизга ваъда қилган нарсанинг ҳақ эканини кўрдик, сизлар ҳам Раббингиз ваъда қилган нарса ҳақлигини билдингизми?!”, дея бошладилар. Умар розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, жонсиз жасадларга гапираяпсизми?!”, деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Муҳаммаднинг жони Қўлида бўлган Зотга қасамки, менинг сўзларимни улар сизлардан кўра яхшироқ эшитиб туришибди», дедилар. Бир ривоятда: “Сизлар улардан яхшироқ эшитолмайсизлар, лекин улар жавоб беришолмайди”, дедилар.[13]

[1]Д-р Муҳаммад Аҳмад Абу Наср, “Умар ибн Хаттоб” (87-бет).
[2] Саҳиҳул Бухорий, “Илмда навбатлашиш боби” (87).
[3] “Саҳиҳул Бухорий” (3681).
[4] “Фатҳул Борий” (7/36).
[5] “Саҳиҳул Бухорий” (15).
[6] “Саҳиҳул Бухорий” (6632).
[7] Абу Довуд (1498), Термизий (3562) ривоят қилганлар.
[8] Ибн Жавзий, “Маноқибу амирил мўъминин Умар ибн Хаттоб” (89-бет).
[9] Ибн Ҳишом, “Ас-сийратун набавийя” (2/388).
[10] “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (3/298).
[11] “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (3/311).
[12] Ҳумайдий, “Ат-тарихул исломий” (4/181).
[13] Муттафақун алайҳ, “Мишкотул-масобиҳ” (2/345). “Муснади Аҳмад” (182).

Изоҳ қолдиринг