Намозда олдидан ёш бола кесиб ўтса, намози бузиладими?

0

Савол:

Намозда олдидан ёш бола кесиб ўтса, намози бузиладими?

Жавоб:

Аввало шуни эслатиб ўтиш лозимки, инсон намозда имомга ўтса ёки ёлғиз ўзи намоз ўқиганда сутрага қараб намоз ўқиши, яъни намоз ўқир экан олдига ердан кўтарилиб турадиган бирон нарса қўйиши ёки девор ва устун каби нарсаларга қараб намоз ўқиши лозим. Шунингдек, имкон қадар сутрага яқин туриш ҳам мустаҳаб. Мазкур сутранинг ортидан ёки сутра бўлмаган ҳолатда икки-уч метр узоқликда намоз ўқувчининг олдидан бирон кимса ёки ҳайвон ўтишининг зарари йўқ. Муҳими сутранинг ичкари томонидан кесиб ўтмаслиги керак. Намоз ўқиётган киши иложи борича олдини кесиб ўтмоқчи бўлган киши ёки ҳайвонни қайтариши лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Агар биронтангиз уни одамлардан тўсиб турадиган сутрага қараб намоз ўқиётган бўлса-ю, бирон кимса унинг олдини кесиб ўтмоқчи бўлса, уни қайтарсин. Агар қайтмаса, зўрлаб бўлса ҳам қайтарсин. Негаки, у шайтондир”. [Бухорий (509) ва Муслим (505) ривояти]. Мазкур ҳадисга кўра намозхон олдини кесиб ўтувчи нарса ким ва нима бўлишидан қатъий назар уни қайтаришга ҳаракат қилиш лозим. Шунга биноан ёш бола намозхон олдидан ўтмоқчи бўлса, уни қайтариш лозим. Агар у қайтмаса ва намозхоннинг олдини кесиб ўтса, бунинг намозга зиёни йўқ. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, намозхон олдини кесиб ўтмоқчи бўлган кишини қайтариши мустаҳабдир. Шунга кўра, ёш болани қайтарар экан, унга зиён бўлмайдиган даражада, шунингдек, намоз ҳайъатини бузмаган ва қибладан танасини бурмаган ҳолатда қайтариш керак, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг