Жанобатдан ғусл қилиш боби (1)

0

Жанобат сўзи араб тилида узоқлик деган маънони билдиради. Жинсий яқинлик қилган ёки маний тўккан кишининг манийси ўз ўрнидан узоқлашгани учун уни жунуб деб айтилган.
Бу бобда ғуслга тааллуқли бўлган ҳукмлар, ғусл сабаблари, одоблари ва ҳоказолар ҳақида сўз юритилади. Ғусл жунуб одам намоз олдидан бажариши шарт бўлган ва кўнгиллар рағбат қиладиган озодалик жумласидандир.
Аллоҳ таолонинг “Агар жунуб бўлсангиз, чўмилингиз”, деган сўзи зимнида инсон соғлиғи, айниқса юрак соғлиғи учун жуда кўп фойдалар бор. Маълумки, одам жинсий алоқа қилганда ундан сулоласи (уруғи) ва жавҳари (мағизи) ҳисобланган маний чиқади ва бунинг ортидан ҳолсизланиш, чарчоқ, толиқиш ва эринчоқлик пайдо бўлади. Шунингдек, мия фаолияти ва қон айланиши сусталашади. Ҳикматли ва барча нарсадан хабардор Зот Ўз марҳамати ила жинсий алоқадан сўнг ғусл қилишни жорий қилди. Негаки, ғусл бадан қувватини асл ҳолига қайтариб, қон айланишини яхшилайди, натижада бадан қайта тетиклашади. Қаранг, Аллоҳнинг шариатида қанча ҳикмат ва сирлар бор-а?! Аллоҳ таоло бизларни уларни англашга ва уларга иймон келтиришга муваффақ қилсин.

Йигирма саккизинчи ҳадис

عنْ أَبي هُرَيْرَةَ – رضي الله عنه – ((أَنَّ النَّبِيَّ – صلى الله عليه وسلم – لَقِيَهُ في بعْضِ طُرُقِ المدينَةِ وهو جُنُبٌ قالَ: فَانْخَنَسْتُ مِنْهُ فَذَهَبْتُ فَاغْتَسَلْتُ ثُمَّ جِئْتُ فقَالَ: أَيْنَ كُنْتَ ياأَبا هُرَيْرَةَ؟ قَالَ: كُنْتُ جُنُبَاً فَكَرِهْتُ أَنْ أُجالِسَكَ على غَيْرِ طَهارَةٍ فَقَالَ: سُبْحانَ اللهِ! إِنَّ المُؤْمِنَ لايَنْجُسُ)) .

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир куни Мадина кўчаларининг бирида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Ҳурайрага дуч келиб қолади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Мен жунуб бўлганим учун у зотдан беркиниб олдим ва бориб ғусл қилиб келдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қаерда эдинг, Эй Абу Ҳурайра?”, деб сўрадилар. Мен: Жунуб эдим. Сизнинг қаршингизда нопок ҳолда ўтиришни хоҳламадим”, деб жавоб бердим. Шунда у зот: “Субҳаналлоҳ, мўмин киши ҳаргиз нажас-нопок бўлмайди”, дедилар” [Бухорий: 283 ва Муслим: 371].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Мадина кўчаларининг бирида тасодифан жунуб ҳолида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга рўбарў келиб қолади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни қаттиқ ҳурмат қилганидан у зотга жунуб ҳолида йўлиқишни хоҳламади. Шу боис Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан яшириниб, билдирмай бориб ғусл қилиб келади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан қаерга кетгани ҳақида сўрайди. У жунуб бўлганини, нопок ҳолда у зотнинг ҳузурларида ўтиришни хоҳламаганини айтади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Ҳурайра жунуб одам нопок бўлади, деган ўйда ювингани кетганидан ажабландилар ва мўмин киши ҳар қандай ҳолатда ҳам нопок бўлмаслиги ҳақида хабар бердилар.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Жанобат бутун баданни эгаллайдиган нажосат эмас.

2 – Инсоннинг ўзи, яъни бадани хоҳ тирик, хоҳ ўлик ҳолда нажас саналмайди. Бу инсон баданига нажосат тегмайди ёки борди-ю тегса ҳам бадани нажас бўлмайди деганини англатмайди. Баъзан инсон танасига нажосат тегиши туфайли ўша ер нажас саналиши мумкин.

3 – Жанобат туфайли қилинадиган ғуслни кечиктириш жоиз.

4 – Фазилатли, илмли ва тақводор кишиларни эҳтиром қилиш ва улар ҳузурида энг яхши кўринишда ҳозир бўлиш.

5 – Тобе ва кичик одамлар бирон иш қилишларидан олдин бошлиқ ва катталардан изн сўраши керак. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Ҳурайрага у зотнинг изнисиз кетгани учун танбеҳ бердилар. Бинобарин, изн сўраш гўзал одоблар сирасидан.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг