Электрон ўйинларни ўйнаш мумкинми?

0

Савол:

Электрон ўйинларни ўйнаш мумкинми?

Жавоб:

Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Электрон ўйинлар аслида ҳалол саналиб, агар унга бирон ношаръий иш аралашса, у ҳолда бу каби ўйинларни ўйнаш ҳаром бўлади. Қуйида электрон ўйинларда кенг тус олган баъзи бир ношаръий ишларни санаб ўтамиз:

1) Ўйинчига худолик куч-қувватлари берилиши, масалан, коинотни идора қилиш, инсонларга яхшилик ато этиш ёки уларни жазолаш ва ҳоказолар;

2) Ўйин кофирларнинг эътиқодига асосланган бўлиши, масалан, фаришталар аёл шаклида бўлиши ёки фаришталар ёвуз кўрсатилиб, инсон шаклидаги қаҳрамон уларга қарши курашиши;

3) Ўйин крестни улуғлашга асосланган бўлиши, масалан, крест аломатини устидан ўтиш ўйинчига қалқаон вазифасини бажариши ёки унга “жон” қўшиб бериши;

4) Ўйин мусулмонларни хорлаш ва уларни ёмон кўрсатишга асосланган бўлиши, масалан, ўйин террористлар ва қутқарувчилар ўртасида бўлиб, террористлар мусулмон қиёфасида бўлади;

5) Ўйинда авратлари очиқ аёлнинг сурати бўлиши. Бу бир неча кўринишда бўлади, масалан, ўйинда шу шаклдаги ўйинчи бўлиши ёки аврати очиқ ярим ялонғоч аёл ўйиннинг бош қаҳрамони бўлиши ёки ютуқ эвазига ўйинчи учун бир аёл ечиниши;

6) Ўйинда мусиқа ва ҳоказо ношаръий ишларнинг бўлиши.

Агар ўйин шу каби ношаръий ишлардан холи бўлса, унда зеҳнни чархлаш ёки мияни дам олдириш мақсадида бундай ўйинларни ўйнаш жоиз. Бироқ инсон бу каби ўйинларга берилиб кетиши, хусусан, ислом уммати бугунгидек қийин аҳволга тушиб қолганида унинг ривожи учун ўз ҳиссасини қўшиш ўрнига бемаъни ўйинларга вақт сарфлаши мусулмон кишига ярашмайдиган хислатдир. Имом Термизий (2417) ривоят қилиб, ҳасан саҳиҳ деган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат куни банда умрини нимага сарфлагани, илмига қанча амал қилгани, молу дунёсини қаердан топиб, қаерга сарфлагани ҳамда ёшлигини нимада ўтказгани ҳақида сўралмагунича оёғи жойидан силжимайди” – деганлар, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг