Аёл киши сочини тепага қилиб турмаклаши жоизми?

0

Савол:

Аёл киши уйида сочини тепага қилиб турмаклаши жоизми? Шу ҳолатда намоз ўқишичи?

Жавоб:

Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Дўзах аҳлидан икки тури борки, мен ҳали уларни кўрмадим. Бири ёнида сигир думига ўхшаш қамчилари бор инсонлар бўлиб, у билан одамларни урадилар. Иккинчиси эркакларни ўзларига мойил қиладиган, ўзлари ҳам эркакларга мойил ярим-яланғоч аёллар. Уларнинг бошлари туянинг эгилиб турган ўркачига ўхшайди. Улар жаннатга кирмайдилар, унинг ҳидини ҳам ҳидламайдилар. Ваҳоланки, жаннат ҳиди фалон-фалон масофадан келиб туради”, деганлар (Муслим, 2128).

Бу ҳадисда аёлнинг боши туянинг ўркачига ўхшаб туриши дўзах аҳлининг сифатларидан экани айтилган. Уламолар аёлнинг сочи қандай ҳолатда туянинг ўркачига ўхшаши ҳақида икки хил фикр билдирганлар. Имом Нававий, Муновий, Абу Бакр ибн Арабий ҳамда Ҳумайдийлар бу ҳадисни сочини қуюқ қилиб кўрсатиш мақсадида сочининг орасига бирон рўмол, латта ёки улама соч қўшиб сочини баланд қилиб турмаклайдиган аёллар, деб изоҳлашган. Уларнинг фикрига кўра, уйда оддий қисқич (заколка) ёрдамида сочни юқорига қилиб турмаклаш жоиз.

Ибн Усаймин (раҳимаҳуллоҳ) каби бошқа бир гуруҳ олимлар эса, қандай восита ёрдамида бўлишидан қатъи назар, ҳатто оддий қисқич ёрдамида бўлса ҳам аёл киши сочини тепага қилиб турмаклаши жоиз эмас, чунки бу ҳолат дўзахийларнинг сифатидан, дейишган. Шунга биноан, бу иш уйда ёки кўчада бўлишидан қатъи назар, жоиз эмас.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, эҳтиёт юзасидан аёл киши уйида ҳам сочини юқорига қилиб турмакламагани афзал. Шунингдек, аёл киши сочини одамларни ўзига жалб қиладиган шаклда турмаклаб кўчага чиқиши ҳаромдир. Соч ҳижобнинг остида бўлса-да, одамларни ўзига жалб қилмайдиган шаклда турмакланган бўлиши лозим, валлоҳу аълам.

 

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг