Мусодара қилинган товарларни сотиб олиш жоизми?

0

Савол:

Давлат томонидан мусодара қилинган товарларни сотиб олиш ёки шу товарлар билан тижорат қилиш мумкинми?

Жавоб:

Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Шариатимизга кўра, ислом қонун-қоидалари остида бошқарилаётган давлат чет элдат товар олиб келадиган мусулмон тижоратчиларга солиқ солиши мумкин эмас. Чунки мусулмон тижоратчилар закот беришади, четдан товар олиб кирадиган кофирлар эса давлат белгилаган миқдорда солиқ тўлашади. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Солиқ (товарнинг 10 фоизи) яҳуд ва насронийлардан олинади. Мусулмонлардан солиқ олинмайди” – деган ҳадислари далил бўлади (Абу Довуд (3046) ривояти). Шунингдек, Умар розияллоҳу анҳу халифалик даврида кофир тижоратчилардан олиб кирган товарларининг 10 фоизини солиқ сифатида олгани ҳам бунга бир мисол бўлади. Шунга биноан, давлат закот берадиган инсонга четдан олиб кирадиган товари эвазига солиқ солиши жоиз эмас. Бинобарин, бу солиқни тўламагани учун товарни тортиб олиш зулм, зулм йўли билан тортиб олинган товарларни сотиш эса ҳаром бўлади. Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, давлат шариат қонунларига кўра ҳақли йўл билан мусодара қилган товарларни сотиб олиш жоиз, зулм йўли орқали тортиб олинган товарларни эса сотиб олиш дуруст эмас.

Бироқ шайх Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ бу товарлар эгасига қайтиб берилмаслиги, сотилмаган тақдирда давлат омборларида чириб йўқолиб кетишини инобатга олиб, бу каби товарларни сотиб олиш жоиз, агар бозордаги нархдан арзон сотиб олинса, бозордаги нархи билан сотилаётган нархи ўртасидаги фарқни товар эгасининг номидан садақа қилиб юбориш керак, деган фикрни айтган, валлоҳу аълам.

Фатвони тайёрлашда IslamQA ҳамда IslamWeb саҳифаларининг фатволаридан фойдаланилди.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг