Жанобатдан ғусл қилиш боби (4)

0

Ўттиз биринчи ҳадис

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عُمَرَ: أَنَّ عُمَرَ بْنَ الْخَطَّابِ – رضي الله عنه – قَالَ: ((يَا رَسُولَ اللَّهِ أَيَرْقُدُ أَحَدُنَا وَهُوَ جُنُبٌ؟ قَالَ: نَعَمْ إذَا تَوَضَّأَ أَحَدُكُمْ فَلْيَرْقُدْ)) .

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, жунуб ҳолимизда ухласак бўладими?”, деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа, агар таҳорат олсангиз, ухлайверинглар”, деб жавоб бердилар” [Бухорий: 287 ва Муслим: 306].

Шарҳ:

Саҳобалар жунублик ҳолатидан ҳазар қилашар ва бу ҳолатдан ноқулайлик ҳис қилишар эди. Шу боис жунуб ҳолда ухласа бўладими, йўқми деган ўй уларни ўйлантириб қўйди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кечанинг аввалида жунуб бўлган киши ғусл қилмасдан ухласа бўладими деб сўрайди. У зот таҳорат олиб, ушбу катта бетаҳоратликни енгиллатган ҳолда ухласа бўлади, дея жунуб ҳолда ухлашга рухсат берадилар.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Жунуб одам агар таҳорат олса, ғусл қилмасдан ухлаши жоиз.

2 – Жунуб одам ғусл қилмагунча ухламагани афзал. Чунки таҳорат олиб ухлаш шариатимизда машаққатни даф қилиш мақсадида рухсат берилган, холос.

3 –  Жунуб одам ухлашдан олдин ғусл қилмаса, у ҳолда таҳорат олиб ухлаши лозим.

4 – Жунуб одам ғусл қилмасдан ёки таҳорат олмасдан ухлаши макруҳ саналади.

Ўттиз иккинчи ҳадис

عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ رضي الله عنها – زَوْجِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَتْ: ((جَاءَتْ أُمُّ سُلَيْمٍ امْرَأَةُ أَبِي طَلْحَةَ  إلَى رَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم فَقَالَتْ: يَا رَسُولَ اللَّهِ إنَّ اللَّهَ لا يَسْتَحْيِي مِنْ الْحَقِّ فَهَلْ عَلَى الْمَرْأَةِ مِنْ غُسْلٍ إذَا هِيَ احْتَلَمَتْ؟ فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: نَعَمْ إذَا رَأَتِ الْمَاءَ))

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жуфтлари Умму Салама розияллоҳу анҳо айтади: “Абу Талҳанинг аёли Умму Сулайм Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига келиб шундай деб сўради: “Ё Расулуллоҳ, албатта Аллоҳ таоло ҳақдан ҳаё қилмайди. Агар аёл киши эҳтилом бўлса (яъни тушида жинсий яқинлик қилганини кўрса), ғусл қилиши керакми?”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа, агар сув, яъни маний (асорати)ни кўрса”, деб жавоб бердилар” [Бухорий: 130 ва Муслим: 313].

Шарҳ:

Умму Сулайм Ансория розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бир савол сўраб келади. Сўрамоқчи бўлган саволи одатда уятли саналадиган масалалардан бўлмиш жинсий алоқага тааллуқли бўлгани учун саволини эшитувчиларга юмшатадиган сўз билан бошлади: “Албатта Аллоҳ жалла ва ало ҳаёли зот, бироқ У зотнинг ҳаёси ҳақни (гарчи уятли масалага тааллуқли бўлсада, модомики, уни зикр қилишдан фойда бўлса) айтишдан ман қилмайди. Умму Сулайм саволини ушбу сўзлар билан бироз бўлсада юмшатганидан сўнг асл мақсадига ўтиб деди: “Аёл киши тушида жинсий алоқа қилганини кўрса, ғусл қилиши керакми?”. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа, агар шаҳват суви, яъни маний чиққанини кўрса, ғусл қилиши лозим”, дея жавоб берадилар.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Аёл киши тушида жинсий алоқа қилгани, сўнг ўнгида маний чаққанини кўрса, ғусл қилиши фарз бўлади.

2 – Аёллардан ҳам эркаклардан чиққани каби уруғ суви чиқади. Шу сабаб бола онасига ўхшайди. Мазкур ҳадиснинг давомида бунга ишора қилиб ўтилган.

3 – Аллоҳ таолонинг ҳаё сифати борлигини тасдиқлаш. У зотнинг ҳаёси махлуқотларнинг ҳаёсидан фарқли ўлароқ, ҳақ сўзни айтишга тўсқинлик қилмайди.

4 – Ҳаё илм олишга, ҳатто бу илм уятли масалаларга оид бўлсада уни ўрганишга тўсқинлик қилмаслиги лозим.

5 – Одоб-ахлоқ қоидалари одатда уятли саналган бирон масала ҳақида сўз очишдан олдин ўша ўринга муносиб сўзлар билан гап очишни тақозо қилади. Зеро, бундай йўл тутиш мазкур масала ҳақида сўз очишга замин яратиб, унинг оддий ва юмшоқроқ эшитилиши ва сўзловчининг одобсизлик билан айбланмаслигини таъминлайди.

Изоҳ қолдиринг