Сурат ёки видеога тушиш жоизми?

0

Сурат ёки видеога тушиш жоизми?

Савол:

Сурат ёки видеога тушиш жоизми? Баъзи кишилар расм чизиш ҳаромлиги тўғрисида келган ҳадисларни далил қилиб, бу иш ножоиз дейишмоқда. Шунга нима дейсиз?

Жавоб:

Алллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Жонли нарсанинг суратини чизган киши лаънатланган эканида хилоф йўқ. Бунга “Мусаввирларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин” ҳадиси, шунингдек, Аллоҳ таоло қиёмат кунида мусаввирларга: “Яратган (яъни чизган) нарсаларингизга жон бахш этинглар” – дейиши, улар жон бера олмаганлари сабабли азобланишлари тўғрисида келган ҳадислар далил бўлади.

Фотоаппарат ёки видео камера воситасида суратга тушиш ҳадисда лаънатланган мусаввирлик остига кириш ёки кирмаслиги эса ижтиҳодий масала бўлиб, бу борада замондош уламоларимизнинг ихтилофи бор. Ибн Усаймин, Ибн Боз, Албоний каби баъзи машойихларимиз (Аллоҳ барчаларини Ўз раҳматига олсин) юқорида зикр қилинган ҳадисларга таянган ҳолда бу ишни ҳаром дейишган. Бироқ тўғрироқ фикрга кўра, фотоаппарат ёки видео камера воситасида суратга тушиш мусаввирлик остига кирмайди. Чунки бу жиҳозлар объектни суратга олиши билан жонли нарсани қўл билан чизиш ўртасида катта фарқ бор. Юқоридаги ҳадисларда қўли билан чизадиган рассом ва мусаввирлар назарда тутилган. Шунга биноан, фотоаппарат, видео камера ёки қўл телефонлари воситасида суратга олиш ва тушиш жоиз. Бугунги кунда телевидения орқали дарс бераётган барча замондош уламолар бу ишни жоиз дейишган. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, бу борада уламоларнинг ихтилофи бор эканини инобатга олган ҳолда кераксиз ўринда суратга тушмаган афзал, валлоҳу аълам.

Шайх Содиқ Самарқандий 1974 йил Самарқанд вилоятида зиёли оилада таваллуд топган. Ўсмирлик йилларидаёқ диний таълим олишга қизиққан. Ўрта мактабни битириб, ҳужраларда диний таълим олган. Ўша даврда водийдаги бир қанча устозлардан таълим олиб, араб тили гарамматикасини мукаммал ўрганган. Шунингдек, турли диний фанлардан бошланғич билимлар олган. Кейинчалик ўз устида шуғулланиб диний таълимини ривожлантирган. Бу орада Имом Бухорий номли Тошкент Ислом маъҳадига ўқишган кирган ва вилоятдаги масжидлардан бирида имом-хатиблик қилган. Сўнг Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг хос талабаларга берадиган дарсларида қатнашиб, у кишидан таҳсил олган. Шунингдек, бу аснода Тошкентлик машҳур кекса қори Абдулазиз Қоридада роҳимаҳуллоҳга Қуръонни тўлиқ ёддан ўқиб берган. 2003 йилда шайх тақдир тақозоси билан шаръий билимларини ошириш мақсадида Миср Араб Жумҳуриятидаги Ал-Азҳар Университетига ўқишга боради. Университетнинг "Исломий Шариат" факултетини битиради. Мисрдаги илмий фаолияти давомида мисрлик кўплаб шайхларнинг қўлида дарс олади, уларнинг дарсларида қатнашади. Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазаллоҳ, Ҳасан Ёсир ва бошқалар шулар жумласидандир. Университетда ўқишни битирган Шайх Содиқ Самарқандий бир муддат Мисрда талабаларга турли шаръий фанлардан дарс беради. Ўрта Осиё ва Шарқий Туркистоннинг турли жойларидан келган талабалар шайхдан унумли фойдаланадилар. 2013 йилга келиб шайх Туркияга сафар қилади ва ҳозирга қадар Истанбул шаҳрида яшаб, илмий фаолият юритиб келмоқда, мазҳаблари ҳанафий.

Изоҳ қолдиринг